Линклар

Эркин микрофон

  • Садриддин Ашур

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Озодликка тингловчи ва муштарийлардан йўлланаëтган SMS-хабарлар, бўлаëтган қўнғироқлар асносидаги суҳбатларда яна турфа мавзулар¸ турфа мулоҳаза ва истаклар Эркин микрофон рукнида жамланди.

“Мақтовни ўзбек телевидениесидан эшитаверинг...”

Аввалги дастурларимизда Озодликнинг "Эркин микрофон"ига гапирган фарғоналик ўқитувчи Дадажон Содиқовнинг гаплари баъзи тингловчиларимизда ажабланиш пайдо қилди. Шу ажабланиш билдирилган фикрларни эфирга қўйишдан олдин Дадажон Содиқовнинг гапларини эслатиб қўймоқчимиз:

- Менда битта фикр бор. Билмадим, ўқитувчи бўлганлигим учунми¸ кўп одамлар билан гаплашганим учунми, Озодликдан Ўзбекистон ҳақида кўпроқ салбий фикрлар билдирилади-да. Менга шу ноўриндай туюлади. Бундай ўйлаб қарасангиз¸ ҳозирги замонда битта рўзғорни бошқариш ҳам қийин бўлаяпти. Юртбошимиз шунча катта давлатни бошқариб¸ эплаб турибди. Битта одамга қийин-да. У ҳамма нарсани идора қила олмайди. Ўзбекистонда аҳоли кўп. 25-26 миллион атрофида. Қирғизларда олти миллион бўлса керак. Бизда аҳоли кўп¸ ер майдони кичкина. Лекин ҳаëтимиз¸ менинг ўзимнинг фикрим бўйича яхши. Чунки ҳозирги даврда ким ҳаракат қилса¸ меҳнат қилса¸ яхши ҳаëт кечираверади. "Берсанг ейман¸ урсанг ўламан" дейдиган одамлар кўп-да. Кўпинча шу одамларнинг ҳаëти яхши эмас¸ деган эди Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги Нурсуқ қишлоғида яшовчи ўқитувчи Дадажон Содиқов.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз фарғоналик тингловчимизнинг гапларидан ажабланганини айтар экан, ўз фикрларини қуйидагича асослашга ҳаракат қилади:

- Ҳурматли фарғоналик ўқитувчи. Ўша куни Озодлик радиосига “Ўзбекистоннинг 27 миллион аҳолиси бор. Қирғизистонники олти миллион. Бизларда шароит қийин” дебсиз. Мен аввало сиздан узр сўрайман ва айтмоқчиманки¸ бошқа мамлакатларнинг 100 миллионлаб¸ бир миллиардлаб аҳолиси бор. Ўша мамлакатларни ҳам бир киши бошқаради. Биринчи гапим шу.

Иккинчи гапим шуки¸ чет эл файласуфларининг бир гапи бор (ҳозир аниқ номи эсимда йўқ): “Ўзини танқид қилмаган миллат миллат эмас, унинг келажаги бўлмайди” деган.

Учинчиси¸ мана “Ўзбекистонни танқид қилманг” деган гапни ҳам гапирдилар-ку. Мен шунга айтмоқчиман: ҳурматли фарғоналик ўқитувчи, агар сизга мақтов¸ баландпарвоз сўзлар керак бўлса¸ Озодлик радиосини эшитманг-да¸ Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидан керакли мақтовларни олаверинг¸ дейди Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз.
“Олтиной олтин бўлиб кетди....”

Бу Москва шаҳрида мардикорлик қилаётган қашқадарёлик Абдураҳмоннинг гапи. Гап бу ерда андижонлик Олтиной деган аёл ҳақида бормоқда. Абдураҳмоннинг айтишича, бу учар аёл уларни боплаб тушириб кетди. Қандай қилиб дейсизми? Яхшиси унинг ўзидан эшита қолинг.

Абдураҳмон: Андижонлик Олтиной дейди¸ фамилиясини билмаймиз¸ 15 нафар ўзбек йигитини прораб арман йигитига сотиб¸ бизларнинг бир ойлик пулимизни олиб кетди. Ҳозир Россияда шунақа ўзбек аëллари кўпайиб кетган.

Озодлик: У сизларни олиб келганмиди Россияга?

Абдураҳмон: У Москванинг ўзида бизларга: “Мен сизларга иш бераман, ойига 25 минг рублдан оласизлар, унинг 10 мингги овқатга тутиб қолинади ва 15 минг рубл сизларнинг қўлларингизга тегади”, деди. Ишни тугатиб бўлганимиздан кейин бу аëл келиб¸ кечқурун прорабдан пулни олди ва “Мен эртага соат 09.00 да келаман” деб кетди ва шу билан йўқ. Мен уч марта телефон қилдим. Ҳар сафар: “Мен Ленинграддаман¸ мен Подмосковьедаман¸ у ëқдаман¸ бу ëқдаман” дейди. Умуман ушлаб бўлмади уни.

Озодлик: Демак¸ сизларни ишлатиб¸ алдаб қочиб кетди¸ шундайми?

Абдураҳмон: Ҳа¸ пулни олиб, қочиб кетди. Шуни радио орқали эшиттирсангизлар. Ўзбекистондагилар ҳам эшитсин. Мен сизларнинг дастурларни Ўзбекистонда ҳам¸ Россияда ҳам эшитаман.

Озодлик: Сизлар Ўзбекистоннинг қаеридансизлар?

Абдураҳмон: Биз Қашқадарë вилоятиданмиз.

Озодлик: Нима учун сизлар бу аëлга мурожаат қилдингизлар? Ўзларингиз тўғридан-тўғри иш берувчи билан гаплашсангизлар бўлмайдими? Сизларга ўша аëлга ўхшаган воситачи керакми?

Абдураҳмон: Биз у йигитни танимас эдик. Битта воситачи керак эди.

Озодлик: Ҳозир қаерда ишлаяпсизлар?

- Ҳозир Москвада ишлаяпмиз. 15 нафар боланинг ҳаммаси у фирмадан чиқиб¸ ҳар ëққа кетишди. Бизлар сизларга мухлисмиз. Шу ўзбек аëллари Россияга чиқмасин. Эри топиб борганига қаноат қилиб¸ уйида ўтирсин. Ўзбек аëлининг Россияга чиқиши керак эмас. Менимча¸ бу ўзбекнинг ғурурига тўғри келмайди.

Кимлардир билан суҳбатлашамиз. Кимлардир бизларга орзу-ҳавас қилади. Ўзбекда ҳам дард бор¸ лекин биз айта олмаймиз. Ўзбекистон бизга ундай қилсин¸ бундай қилсин¸ деймиз. “Сизларнинг Ўзбекистонда иш йўқми?” деб сўрашади. “Иш бор¸ лекин ойлик кам” дейман. Тўғрисини айтиш керак-да.

Илтимос¸ шуни айтсангиз¸ ўзбек аëлларининг Россияга чиқиши керак эмас. Ўзбекнинг ғурурини ерга урмасин¸ илтимос¸ дейди Москва шаҳрида мардикорлик қилаётган қашқадарёлик тингловчимиз Абдураҳмон.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг айтишларича, бугун Россияда мардикор ўзбек аёллари ҳам кўпайиб бормоқда. Лекин шу билан бирга, уларнинг айтишича, "сув бўйига олиб бориб суғормай қайтариб олиб келадиган" Олтиной сингари учар ўзбек аёллари ҳам бор. Улар, асосан, ўз ватандошларини чув тушириб кун кўрадилар.

***

Азиз муштарий! Озодлик радиосининг эркин сўз микрофони сизлар учун доим очиқ. Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS орқали хабарлар йўлланг.
XS
SM
MD
LG