Линклар

logo-print

Янги вирус Бишкекка ҳам келди


Чўчқа гриппи номини олган A/H1N1 вируси ўз жуғрофиясини ўта жадаллик билан кенгайтириб бормоқда.

Чўчқа гриппи номини олган A/H1N1 вируси ўз жуғрофиясини ўта жадаллик билан кенгайтириб бормоқда.

Қирғизистон пойтахтида чўчқа гриппи қайд этилди. Бу ҳақда мамлакат бош санитар врачи Сабиржан Абдикаримов 24 август куни бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида маълум қилди.

Маълумотларга кўра, шу йилнинг 18 август куни Бишкекдаги Республика клиник юқумли касалликлар шифохонасига A/H1N1 вируси юқтирганликда гумонланган эр-хотин бемор ётқизилган.

Маълум бўлишича, 24 ёшли бемор М. А.10 августдан 14 августгача Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб қайтган. У 14 август куниёқ касалликдан ҳолсизланиб қолган. Унинг хотини 22 ёшли М.З. эса¸ 2009 йилнинг 17 август куни касал бўлиб қолган.

18 август куни шифокорларга мурожаат қилганларидан кейин эр-хотин зудлик билан касалхонага ётқизилган ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.

Бугунги кунда беморлар соғайиб кетгани муносабати билан уларга касалхонадан жавоб берилган. Улар билан алоқада бўлган кишилар ҳам тиббий текширувдан ўтказилган.

- Беморлар билан алоқада бўлган 6 кишида касаллик аломатлар кўрилмади. Улар мунтазам назоратимизда турибди, деди Қирғизистон бош санитар врачи Сабиржан Абдикаримов.

Айни пайтда Қирғизистонда A/H1N1 вируси кенг тарқалган ўлкалардан келаётган йўловчиларга нисбатан назорат кучайтирилган¸ мамлакат аэропортлари ва вокзалларида A/H1N1 гриппига чалинганликда гумонланган учун изоляторлар тайёрлаб қўйилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмий маълумотларига кўра, шу кунгача чўчқа гриппи дунёнинг 132 мамлакатида қайд этилган. 182 166 одамга юққани кузатилган янги тумов 1799 кишини ҳаётдан олиб кетган.

A/H1N1 вируси Марказий Осиёда биринчи бўлиб Қозоғистонда аниқланди. Ҳозир бу мамлакатда чўчқа гриппи билан боғлиқ 14 та ҳолат қайд этилган. Минтақанинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон каби ўлкаларида ҳозирча янги тумов билан боғлиқ ҳолат қайд этилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG