Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:03

Эркин микрофон


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Тингловчи ва муштарийлардан йўлланаëтган SMS-хабарлар, бўлаëтган қўнғироқларда билдирилган турфа мулоҳаза ва истаклар яна шу рукнда жамланди.

Илк суҳбатдошимиз Наманган вилояти, Поп тумани, Чодак қишлоғида яшовчи 71 ёшли Набижон Абдувалиев ўз қишлоғида муаммолар кўплигидан нолиб гапирди.

Набижон Абдувалиев: Бизнинг қишлоқда ҳозир аҳолини газ билан таъминлаш ëмонлашган. Баъзи уйларда газ бор¸ баъзисида эса йўқ. “Ўлма эшагим¸ арпа бераман” ҳисобидаги иш бўлаяптида. Қишлоқда совет даврида бўлган баъзи бир ишхоналар йўқолди. Бунинг орасида колхозлар ҳам йўқолди. Ҳозир ҳамма ëқ бекорчи.

Озодлик: Демак¸ қишлоқда кўпчилик ишсиз экан. Одамлар қанақа қилиб¸ ниманинг эвазига тирикчилик қилишаяпти?

- Мардикорчилик қилади¸ у ëққа чопади¸ бу ëққа чопади¸ Россияга боради¸ сарсонгарчиликда. Аслида қишлоқнинг ўзида иш билан таъминласа яхши бўлади¸ дейди Набижон Абдувалиев.

Озодликка сим қоққан навбатдаги суҳбатдошимиз ҳам Намангандан бўлиб, у ўзи яшаётган Норин туманида томорқа ерлари билан боғлиқ муаммолар кўплигини айта туриб¸ бу ҳолатни коррупция билан боғлайди.

- Қонун бўйича ҳар бир одамга 8-12 сўтикдан қўшимча ер берилган эди. Шуларни ҳозир олиб қўйди. Ҳозир кимга 8 сўтик¸ кимга 12 сўтик¸ кимга 20 сўтик берилган қўшимча ерларнинг ҳаммасини эгаларидан¸ бу олинган ерларни нақд пулга 1000-1200 доллардан сотишаяпти. Қўлида пули борлар олаяпти¸ қўлида пули йўқлар эса огородсиз қолиб кетаяпти. Бу ер қўшимча даромад олиш учун берилганда. Мен жуда ҳайрон қолаяпман. Буни ҳукумат ҳеч назорат қилмайди. Қисқаси одамлар даромадсиз қолаяпти. Бу жуда ҳайрон қоларли нарсада. Айтган гапингизга ҳам¸ ëзган аризангизга ҳам биров қулоқ солмайди. Булар ҳукумат томонидан берилган дала томорқаларини шартта олиб қўйиб¸ сотиб юборишаяпти¸ дейди норинлик тингловчимиз.

"Базага нима бор?"

Яна бир суҳбатдошимиз Собиржон Сотиболдиев Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти¸ Сузоқ тумани¸ Сузоқ қишлоғида яшайди. Собиржон ака Қирғизистон жанубида Россиянинг қўшимча ҳарбий кучларини жойлаштириш режасига қарши эканини айтиш учун Озодликка сим қоққанини айтади.

- Россия Ўшга ҳарбий база қурмоқчию. Нимага айнан бизнинг минтақани танлади экан? Ана Қозоғистонга қурсин¸ Тожикистонга қурсин. Нима бизнинг ҳудудни улар полигонга айлантирмоқчими? Ëки булар ўзи ҳам бор бўлган ўзбек-қирғиз миллатчилигини кучайтиришмоқчи бўлаяптими? Аввалги советпарастлар борку¸ россияпарастлар¸ ўшалар “яхши” деб бунга севинаяпти. Дунëга сал кенгроқ қарайдиганлар¸ умуман кўпчилик “Кераги йўқ бу базанинг. Нима кераги бор? Бу база ўзбек-қирғиз орасида фитна чиқариши мумкин” деяпти¸ дейди Собиржон Сотиболдиев.

Маълумки, Қирғизистонда август ойи бошида ўтказилган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммити чоғида Дмитрий Медведев ва Қурмонбек Бакиев Қирғизистон жанубига Россия базасини жойлаштириш борасидаги меморандумни имзоладилар.

Меморандумда Россия ҳарбий базасини 1 ноябргача ташкил этиш назарда тутилган.

Россия ҳарбий базасининг Қирғизистон жанубида ташкил этилишига Ўзбекистон томони ўз кескин норозилигини билдирмоқда.

Қорни тўқнинг оч билан нима иши бор...

Ўзбекистонда мустақиллик байрами ва Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейи нишонланадиган тантаналарга ҳам саноқли кунлар қолди.

Бухоролик Жалолиддин исмли суҳбатдошимизга, кўра, қўшалоқ байрамлар нишонланиши арафасида ойлик ёки пенсия пулларини ололмаётган бухороликлар кўнглига ҳеч қандай байрам сиғмаяпти.

- Тошкент шаҳри 2200 ëшга кирибди. Энди шунга яраша халққа ойлик берса¸ пул берса¸ пенсияларни берса яхши бўлармиди. Шу алам қиладида одамга. Биз томонларда июн ойидан бери ойлик ва пенсиялар берилмаяпти. Ишхоналарда ишчиларга навбатдан ташқари таътил бериб¸ “кунингни кўр” деб ҳайдаб юборган. Уч ойдан бери ҳамма ишсиз юрибди. Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги деб ойлик¸ пул беришса¸ одамлар бир хурсанд бўларди¸ дейди бухоролик Жалоллиддин.

Маълумки, нафақат Бухорода¸ балки мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида кейинги икки–уч ой мобайнида ойлик маошлари ва пенсия пулларининг кечикиши кузатилмоқда. Мутасаддилар бу ҳолатни нақд пул етишмовчилиги билан изоҳламоқдалар.

Баҳсга сиз ҳам қўшилинг...

Кейинги пайтда Озодлик сайти Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида яшовчи мухлисларимиз учун ўзига хос баҳс майдонига айланиб бормоқда.

Кореяда ишлаётган бухоролик суҳбатдошимизнинг айтишича, ўзи ва шериклари ҳам Озодлик сайтининг доимий ўқувчиларидир.

- Кореяда ишлаяпмиз. Интернетда сизларнинг радионинг сайтини ҳар кун ўқиймиз. Янгиликлар билан танишамиз.

Озодлик: Ҳар кун интернетга киришга имконият борми сизларда?

- Бизда бундай имконият бор. Иш тугагандан кейин кириб¸ кунликни кунлик кўрамиз.

Озодлик: Сайтимиз учун қандай таклифларингиз бор? Қандай мақолаларни ўқишни хоҳлайсиз?

- Ҳозирча сизларнинг сайтдаги мақолалар бизни қониқтиради¸ дейди Кореяда ишлаётган бухоролик тингловчимиз.

Озодликка бўлаётган кундалик телефон қўнғироқларининг айримларинигина эътиборингизга ҳавола қилдик.

Марҳамат, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG