Линклар

Чала мулла дин бузар - 2

  • Сарвар Усмон

Қирғизлар илмлик имом тополмай овора бўлса¸ ўзбеклар илмлик имомига жой тополмой сарсон¸ дейди кузатувчилар.

Қирғизлар илмлик имом тополмай овора бўлса¸ ўзбеклар илмлик имомига жой тополмой сарсон¸ дейди кузатувчилар.

“Қирғизистонда имомларнинг 80 фоизи замонавий Ислом бўйича зарур билимга эга эмас”. Бу - Қирғизистон республикаси ҳукумати ҳузуридаги Диний ишлар бўйича давлат агентлиги директори Қанибек Ўсмўналиевнинг баёноти.

Интерфакс ахборот агентлиги 21 август кунги хабарида Қирғизистон ҳукумати вакилининг, “чекка қишлоқлардаги масжидлар малакали имомлар етишмаслигидан бўш турибди, Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси эса, сўнгги 15 йил ичида имомлар малакасини ошириш юзасидан бирор иш қилмаган”, деган гапларини келтирди.

Қирғизистонлик мусулмонлар бошқармаси Уламолар кенгаши аъзоси, республика собиқ муфтийси Содиқжон қори Камолиддин Озодлик саволларига жавоб берар экан, ҳукумат вакилининг гаплари асоссиз эмаслигини эътироф этди. Қори муаммони мустақиллик йилларида мамлакат бўйлаб 2000 дан зиёд масжид қурилгани, лекин уларни малакали имомлар билан таъминлаш оқсаётганида экани билан изоҳлади.

- Мустақиллик йилларида озгина илми бор одамлар мажбур қилиниб¸ илтимос қилинган ҳолда масжидларга имом-хатиб вазифаларига қўйила бошланди. Буларнинг ичида диний хизматларга тасодифий кириб қолганлари ҳам кўп бўлди¸ дейди қирғизистонлик мусулмонлар бошқармаси Уламолар кенгаши аъзоси, республика собиқ муфтийси Содиқжон қори Камолиддин.

Кейинги йилларда имомлар малакасини ошириш бўйича баъзи ишлар амалга оширилаяпти, лекин бу ишлар эҳтиёж даражасида эмас, деб қўшимча қилди Содиқжон қори Камолиддин.

Чекка қишлоқлардаги имомсиз қолган масжидлар Қирғизистон ҳукумати вакили фикрича, “таъқиқлаб қўйилган Ҳизбут-Таҳрир партияси ва ваҳҳобийлик оқими каби бошқа деструктив исломий ташкилотлар манзили бўлиб қолмоқда”.

Бу фикрга нима деб жавоб берган бўлардингиз, деб сўрадик собиқ муфтийдан.

- Биласизми¸ мен буни Ҳизбут-Таҳрир аъзоларини мақташ тарзида айтаëтганим йўқ¸ масжид имомларидан кўра булардаги фидоийлик устунлик қилади. Буларда фидоийлик деган нарса бор. Ўзининг ғоясини¸ у тўғрими¸ нотўғрими¸ тарғиб ва ташвиқ қилишликда фидоийлик бор. Афсуски¸ бизнинг жуда кўп имом-хатибларимизда фидоийлик кўринмайди. Улар билан баҳс-мунозарадан қочишади.

Чунки юқорида айтганимдек¸ илмий савияси тўғри келмайди¸ ҳизбут-таҳрирчилар билан баҳс-мунозарага ярамайди¸ улар келтираëтган оят ва ҳадисларни “Йўқ¸ тўхтанг биродар. Бу оят мана бундай мақомда нозил бўлган. Пайғамбаримизнинг (с.а.в) бу ҳадислари мана бундай ҳолатда айтилган. Сиз буни бурмалаб¸ ўзингизнинг ғоянгизга тўғрилаб гапирманг” дейдиган гапларга ярайдиган имом-хатиблар йўқлигидан буларнинг ташвиқотлари¸ даъватларига қулоқ соладиган ëшларнинг сони кўпайиб бораëтганлиги¸ баъзи жойларда буларнинг таъсирларининг кучайиб бораëтганлиги расмий жойлардаги имом-хатибларнинг савияси пастлигидандир¸ дейди Содиқжон қори Камолиддин.

Ўзбекистоннинг Андижони билан Қирғизистоннинг Ўши ва Қорасуви ўртасидаги давлат чегарасини бир зумга унутсангиз, бу уччала шаҳар катта бир мегаполиснинг уч туманидай кўринади. Шу қадар бир-бирига яқин.

Лекин чегаранинг у томонида бир сиёсат, бу томонида бошқа сиёсат.

Шунинг учун андижонлик имомларнинг савиясига қизиқдик.

Вилоят марказига яқин қишлоқлардан бирида истиқомат қилувчи оддий намозхон Тошпўлат аканинг айтишича, диндорларнинг диний эҳтиёжларини қондира оладиган илмли имомлар ҳам бор, лекин жуда кўпчилиги оддий масалаларда ҳам оқсаб қолади.

Тошпўлат ака: Мен ўзим шунинг шоҳидиман. Бир оғайнимиз “Ватанни севмоқ иймондандир” деган масалани туман қозисига олиб чиқди. Улар ечиша олмади. Кейин вилоят қозисига олиб боришди. Билмайман¸ у ечдими ëки ечмадими. Оддий масалаларда ҳам битта китобни очиб¸ варақлаб¸ “Мана бу бетида иймон ҳақида бундай дейилган¸ ватан ҳақида бундай дейилган. Сизники тўғри¸ сизники эса нотўғри бўлибди. Икковинглар бир бирларингиздан кечирим сўраб¸ ярашинглар” деб айтадиган имомлар жуда ҳам кам. Жуда кўп имомлар тўмтоқ¸ қўпол. Одамларга масалани еча туриб¸ боласини уриб тургандай қилиб масала ечадиганлар борда.

Озодлик: Бу ниманинг оқибати?

- “Уста кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” дейдику. Мана яқиндан бошлаб бизнинг туманимиздаги масжидларга мадрасаларни битирган болалар қўйилаяпти. Бунинг натижаси қанақа бўлишини келажак кўрсатади. 5-10 кунда билиниб қолмайди бу¸ дейди Андижон яқинидаги қишлоқлардан бирида истиқомат қилувчи Тошпўлат ака.

Шаҳардаги жомелардан бирининг қавми, исмини айтмаслигимиз шарти билан саволларимизга жавоб берар экан, илмли имомлар ўзини масжиддан четга тортмоқда, деди.

- Кейинги вақтларда давлатнинг доимий текшируви натижасида ҳизбга қанчалик яқин ëки яқинмаслиги тўғрисида уларда кўп суриштирув кетдида.

Озодлик: Имомлар орасида.

- Ҳа¸ имомлар орасида. Қани ўша имомлар давлат қолипига жавоб берадими йўқми? Шу даражада сўроқ-саволга кўп тутиладиган бўлиб қолди булар. Кейинги пайтларда халқ орасида обрўйи баланд бўлган имомларнинг ўзларини имомликдан четга олиш ҳаракати бошланди. Уларнинг халқ орасида қанчалик обрўйи баланд бўлса¸ Қуръондан келиб чиқиб маъруза қиладиган бўлса¸ давлат раҳбарларини дуо қилмайдиган бўлса¸ уларга таҳдид кучайиб кетди.

Кейинги пайтда давлат масжидга ўзининг вазифасини бажартирмай қўйди. Мана масалан¸ бизнинг масжидни оладиган бўлсак¸ кейинги пайтда умуман болаларни ўқитмай қўйди. Жума намози ўқиладиган масжиднинг домласи бизга жуда яқин. Шу киши билан фикр алмашиб турамиз. Ўша одам давлат қолипида туришга мажбур. Давлатнинг ноҳақлигини билса ҳам давлатнинг кўрсатмаси бўйича маъруза қилади¸ кўрсатмадан четга чиқиб кетишга ҳаракат қилинмайди. Исломни давлатнинг ҳозирги сиëсатига мослашга мажбур¸ дейди Андижондаги жомелардан бирининг қавми.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG