Линклар

Минтақага безгак таҳдид солмоқда


Қрим-Конго геморрогик безгаги вируси ёввойи ва уй ҳайвонларида бўладиган канадан тарқалади ва турли шароитларда одамдан одамга юқади.

Қрим-Конго геморрогик безгаги вируси ёввойи ва уй ҳайвонларида бўладиган канадан тарқалади ва турли шароитларда одамдан одамга юқади.

Марказий Осиё давлатлари чўчқа гриппи пандемиясининг олдини олиш уринишлари билан машғул бўлиб турган бир пайтда бошқа бир ўта хавфли вирус - Қрим-Конго геморрогик безгаги вируси минтақага қайтиб келган кўринади.

Ўтмишда Марказий Осиёда бир неча марта кузатилган бу юқумли касалликдан Тожикистон ва Қозоғистонда ўлим ҳоллари қайд этилди.
Июн ойи охирларида Жанубий Қозоғистоннинг Туркистон тумани шифохонасида 23 яшар Шохида Исмоилова иккинчи фарзандини дунёга келтирди.

Туғишдан кейинги асоратлар ва жарроҳлик амалиётлари оқибатида ёш онанинг аҳволи оғирлашди. Икки ҳафта ичида Шохида Исмоилованинг ўзи, унинг чақалоғи, уларга қараган уч нафар шифокор Қрим-Конго геморрогик безгагидан вафот этди.

Исмоиловага безгак туғишдан олдидан унинг танасига ёпишган канадан юққан. Чақалоққа касаллик она сутидан, шифокорларга эса, туғишдан кейин кетган қон ва жарроҳлик амалиётлари пайтида юққан.

Кейинги ойларда Қозоғистонда бу касалликдан камида бир киши нобуд бўлди ва яна кўплаб одамларга вирус юққани гумон қилинмоқда.

Тожикистонда вазият янада жиддийроқ тус олган. У ерда Қрим-Конго геморрогик безгагидан ўнлаб одамлар нобуд бўлгани тахмин этиляпти. Вирусни юқтирганлар сони эса юзлабни ташкил қилади.

Касалликка Қрим-Конго геморрогик безгаги номи берилишига сабаб вируснинг биринчи марта ўтган асрнинг 40-йилларда Қримда топилгани ва кейинроқ 60-йилларда Конгода рўй берган эпидемия билан боғлиқдир.

Бу касаллик одатда ёввойи ва уй ҳайвонларида бўладиган канадан тарқалади ва турли шароитларда одамдан одамга юқади. Ўтмишда касаллик Шарқий Европа, Ўрта ер денгизи давлатлари, Хитой ва Марказий Осиёда қайд этилган.

АҚШдаги Касалликларни назорат қилиш марказининг патогеник касалликлар махсус бўлими бошлиғи доктор Пьер Роллин Қрим-Конго геморрогик безгаги Марказий Осиё учун янги вирус эмаслигини қайд этаркан, унинг аломатлари ва олдини олиш йўлларини тушунтиради.

- Касаллик баъзи ҳолларда енгил ўтади. Унинг баъзи ҳолларда енгил, бошқа ҳолларда оғир кечишининг сабаблари ҳозиргача номаълум қолмоқда. Баъзи беморларда тумов сингари иситма чиқариши кузатилади ва бир неча кун ичида ўтиб кетади. Касалликнинг оғир кўринишлари одатда беморнинг териси остида қон тўпланиши ва иситма чиқиши, ички қон кетиши, қайт қилиш ва ич кетиш каби аломатлар билан кечади. Бу аломатлар бемор учун яхшилик билан тугамайди, бундай ҳолатда бемор шифокор назоратида даволанмоғи зарур, дейди доктор Роллин.

Касаллик тарқалишининг олдини олиш учун бемор билан алоқада бўладиган кишилар резина қўлқоп ёхуд қўлларига пластик пакетларни кийиб олишлари лозим, беморнинг кийим-кечаклари, у ишлатган идишларни, америкалик мутахассис тавсиясига кўра, хлорка билан ювиш вирусни ўлдиради. Бундан ташқари, қўлни совун билан ювиш каби оддий гигиена қоидаларига риоя қилиш ҳам фойдадан холи эмас.

Қрим-Конго геморрогик безгагининг пайдо бўлганига оид хабарлар минтақанинг баъзи ҳудудларида саросимага сабаб бўлди.

Садбарг Камолова Тожикистоннинг Кўлоб вилояти Темурмалик туманида яшайди.

- Тоғам касал бўлиб қолганларида оиламиз аъзолари жуда қўрқиб кетдик. Унинг қўй-моллари бор, “ишқилиб безгак юқмадимикин?” деб хавотирландик. Кейин докторлар кўриб, Худога шукр, тоғамга бу касаллик юқмаганини айтишди. Қишлоғимизда кўпчиликнинг қўй-моллари бор ва ҳамма ҳозир бу хабардан саросимага тушган. Бу касаллик қўшни қишлоқда кўпчиликка юққанини биламиз, дейди кўлоблик суҳбатдошимиз.

Август ойининг бошида Тожикистоннинг Ўзбекистонга туташ Турсунзода шаҳарчасида Қрим-Конго геморрогик безгагидан икки кун ичида 24 киши нобуд бўлгани хабар қилинган эди.

Баъзи хабарларга кўра, ҳозирда Турсунзода шаҳарчасида карантин жорий қилинган ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қуршаб олинган.

Тожикистон ҳукумати сўровига биноан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вазиятни назоратга олиш ишларида кўмаклашмоқда.

Кўлобда касалланган тўрт нафар бемор соғаяётганига оид хабарлар пайдо бўлгач, 24 август куни ЖССТ ва Тожикистон расмийлари аҳоли орасида касалликнинг олдини олиш чораларига оид семинар ташкил қилди.

Аъзам Мирзоев Тожикистон соғлиқни сақлаш вазири муовини.

- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг уч нафар мутахассисидан иборат гуруҳ касаллик қайд этилган минтақаларда ташхис қўйиш, даволаш ва касалликнинг олдини олиш чоралари бўйича бизга ёрдам бериш ва соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари амалга оширган ишларни баҳолаш мақсадида Тожикистонга келди. Улар вазият ва ундан чиқиш йўллари, қаерда ва қандай ёрдам самара беришига оид фикрлари билан ўртоқлашади, дейди Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси.
XS
SM
MD
LG