Линклар

logo-print

Бўëқчига айланган қочқинлар

  • Абдулла Искандар

Айдаҳо маҳаллий газетасида босилган мақолага "Ўзбекистонлик уч қочқин шаҳарчани бўяшни истамоқда" деб сарлавҳа қўйилган.

Айдаҳо маҳаллий газетасида босилган мақолага "Ўзбекистонлик уч қочқин шаҳарчани бўяшни истамоқда" деб сарлавҳа қўйилган.

Америка маҳаллий нашрларидан бири 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг Айдаҳо штатидан қўним топган қочқинларнинг Бойз шаҳарчасидаги уйларни бўяшга қарор қилгани ҳақда ëзди.

2005 йилда Андижонда ўқ ëмғирларидан қочиб¸ хориждан бошпана олганларнинг бугунги ҳаëти қандай? Улар Ғарб ҳаëтига кўникиб¸ ўзидан тинчиб кетишдими?

Бу саволга жавоб излаган Айдаҳодаги маҳаллий нашр учта ўзбек қочқини бўëқчилик ширкати очиб¸ иқтисодий муваффақиятга эришганини ëзади. Аввалига ижтимоий ëрдам олиб кун кўраëтган уч нафар андижонлик қочқин - 32 яшар Икром¸ 27 яшар Насибуллоҳ ва Қудратбеклар Айдаҳо штатидаги уйларнинг ичи-ташини бўяб¸ америкалик мижозлар кўнглини топишган.

Икром: Шу ерда болалар билан бўëқчилик компаниясини очган эдик. Чунки биз Ўзбекистонда юрганда устачилик билан катта бўлганмизда. “Ўзимизнинг касбимизни қилсак” деб болалар билан маслаҳатлашиб¸ шу ишга қўл урдик Андижон воқеасидан кейин.

Озодлик: Америкага кўникиш қанақа бўлди? Қийналмадингизларми?

Икром: Энди она юрт барибир она юртда. Мисол учун бу ерда ҳам ўзига яраша ëмон одамлари бор. Унақа одамларни Ўзбекистондан кўра кам¸ дея олмайман. Биз одамларнинг уйида ишлаймиз. Одамлар билан кўп мулоқотда бўлганлигимиз учун яхши биламиз. Мана келганимизга тўрт йил бўлган бўлса¸ Худога шукур Американинг оқ-қорасини ажратдик. Ўзбекистонда камчилик бўлганидай¸ бу ерда ҳам камчиликлар бор.

Озодлик: Қанақа камчиликлар бор?

Икром: Масалан¸ бизнес очиш¸ документ ишлари осон. Ишингизни кўрсатиб¸ юриб кетса¸ юриб кетадиган жой. Лекин бир ўтирсангиз¸ шунақа ўтирасизки¸ ўзингизни ўнглаб олиш жуда қийин бўлади. Қўшнингиз қўшнисини танимайди. Ўзбекларда¸ масалан¸ қўни-қўшниларга нисбатан ҳам меҳр-муҳаббат борда. Америкада бунақа нарса йўқ.

Биз оғир нарса кўтариб кетаëтган қарияга ëрдам берамиз¸ автобусда ўрнимиздан туриб қарияларга жой берамиз. Бу ерда унақа нарса йўқ. Шу томонлари ëқмайди. Камчиликлари шу деб биламан. Одамнинг бир-бирига меҳри йўқ. Сиз “ëрдам бераман” деб борсангиз¸ “менга яхшилик қилишга келди бу” деб ўйламайди булар. “Мени бу нарсага ярамайди деб келди. Менинг куч-қувватим бор. Мен бу ишга ярайман” деган мақсадда қарайди. Лекин аслида сиз ëрдам беришга борган бўласиз. Ўзбекларда бир-бирига ëрдам бериш¸ бир-бирига меҳр-муҳаббат бор. Биз ëшликдан шунинг ичида катта бўлганмизда.

Озодлик: Мана ўзбеклар Америка элчихонасининг олдида навбатда туришади. Кўпчилик грин карта ютса¸ бахтиëрликдан ўзини йўқотиб қўйишгача боради. Бу масалада сиз нима деб ўйлайсиз?

Икром: Америкага келгунча мен ҳам шунақа фикрда эдим. Умуман Америка деганда тушунчам бошқача эди. Ҳозирги гапириб ўтган нарсаларим ҳақида менда маълумот йўқ эди. Чунки Американи фақат телевизорда кўрганмиз. Ичига кирмагунча¸ ташқаридан Америка бошқача диëр бўлиб кўринар экан. Ичига кириб камчиликларини¸ одамларнинг бир-бирига меҳр-муҳаббати йўқлигини кўрганингиздан кейин фикр ўзгарар экан.

Озодлик: Бир кун туз ичган жойингга қирқ кун салом бер дейди. Яхши томонларини ҳам гапиринг.

Икром: Яхши томонлари ҳақида гапирадиган бўлсак¸ келган пайтимизда бу ерда бизнинг ҳеч кимимиз бўлмаган. Худога шукур¸ Америка ҳукумати мана шу ерга олиб келиб¸ қабул қилди. Қирғизистонда¸ Руминияда ўзига яраша қийинчиликларни кўрдик. Бизга қарагани учун уларга катта раҳмат.

Америкада қочоқларни қабул қиладиган ташкилотлар бор экан. Шулар бизга уй берди¸ қанчадир пул берди¸ озиқ-овқатга дастмоя берди. Бошида келганимизда яхши қарашди. Ўзга юрт барибир ўзга юртда. Ўзингизга қолиб кетса¸ қийналасиз. Мусофирга шу ерда туғилиб ўсган одам ëрдам берса¸ бундан яхшиси йўқда.

Озодлик: Озгина ўзларингизни тиклаб олдингизларми? Мана бўëқчилик ширкати очибсизлар.

Икром: Моддий томондан гапирадиган бўлсак¸ ўзимизни анча тиклаб олдик. Тўрт йил ҳам кичкина муддат эмас. Худога шукур бугунги кунимиздан нолимаймиз. Ўзимизга яраша уйларимиз бор¸ машинамиз бор. Яшаш шароити учун нима керак бўлса¸ бор. Ўзимиздан ортттирганимиз билан мана ота-онамизга¸ ака-укамизга¸ қариндош-уруғларга қўлимиздан келганча ëрдам бераяпмиз.

Озодлик: Уларга айтадиган гапигниз борми?

Икром: Рамазон муборак бўлсин. Худо бу ойни хайрли қилсин. Ҳамма ўйлаган ниятига етсин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG