Линклар

Силга эътибор¸ элга эътибор

  • Абдулла Искандар

Силга чалинган беморларнинг айтишича¸ Ўзбекистон кўчаларида сил касалларнинг оммага вирус тарқатиб юриши¸ каттаю кичик учун жиддий хатар бўлиб қолмоқда.

Силга чалинган беморларнинг айтишича¸ Ўзбекистон кўчаларида сил касалларнинг оммага вирус тарқатиб юриши¸ каттаю кичик учун жиддий хатар бўлиб қолмоқда.

Халқаро ташкилотлар Марказий Осиëда сил тарқалиши кўламидан хавотирга тушиб¸ жараëнни тўхтатиш учун миллионлаб доллар маблағ ажратиб турган бир пайтда¸ ўзбекистонлик беморлар аҳволнинг ëмонлашаëтганидан нолимоқдалар.

Марказий Oсиëда ОИТС ва сил касали тарқалишини бартараф қилиш масалалари Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида ўтаëтган халқаро анжуман кун тартибида бўлди.

24 август куни бошланган бу анжуман халқаро ОИТС жамғармаси ва БМТ Тараққиëт дастури муассислигида ўтмоқда.

Озодликнинг қирғиз xизмати мухбири Фотима Абдаловага кўра, бу анжуман кун тартибига олиб чиққан икки xасталикдан бири – сил касали тарқалиши Марказий Oсиë учун катта xатар манбаи сифатида қолмоқда.

Тошкентлик ўқитувчи Азимжон ака 43 ëшда. Анча йил бурун сил касалига мубтало бўлувдим, даволана олмаяпман, дейди сил диспансеридан ҳайдаб солинган Азимжон ака.

- Сил бўлиб¸ қон қусиб келганман бу ерга. Мана ҳозир келганимга 40 кун бўлаяпти. Доктор 40 кундан бери бир марта ëнимга келди. Ўшандан бери бирор марта “Ҳолинг қанақа?” деб сўрагани йўқ. Уч-тўрт кундан бери почка оғрияпти. Жигарга қараш керак¸ почкага қараш керак. “Мана шу дорини ичгин” деб қўйилади бўлди. Умуман қараш йўқ. Ҳайдаб юбораверади. БУ касал билан оғриганлар кўчага чиқса¸ қанча одамга юқтиради. Биз турмада ўтирмаганмиз. Кўчада юқтириб¸ касал бўлиб юрибмиз¸ дейди Азимжон ака.

Тошкентнинг Юнусобод туманида яшовчи бемор Элнур Абдулов ҳам сил диспансерларига жойлашиш амри-маҳол бўлиб қолаëтганидан нолийди.

- Мен ўзимни ëмон ҳис қилдим ва олдин бориб юрганим сил диспансерига мурожаат қилдим. Мен бу шифохонадаги сил касаллар рўйхатидаман. Улар мени текшириб кўриб, “отдайсан, касалинг йўқ” деб қайтаришди. Мен қўшни Қозоғистонга ўтиб, ўзимни қайта текширтирдим. Улар мени дарҳол сил касалхонасига ëтқизишди. Қозоғистонда сил касал аниқлангани ҳамоно сизни элдан иҳота қилиб, касалхонага ëтқизишади. Ўзбекистонда бўлса то оғзингдан қонинг келмагунча юраверасан касал тарқатиб, дейди Элнур Абдулов.

Биз бу икки беморнинг гапларини Ўзбекистон пойтахтидаги сил диспансери бош шифокорига етказдик. Исмини айтмайдиганимиз бош шифокор беморлар гапини асоссиз деб топди.

- Бизларнинг Тошкентда олтита сил диспансерлари бор¸11 та туман бор. Ўша одамларнинг адресларини¸ қайси туманда рўйхатга қўйилганликларини айта оласизми? Ҳамма касаллар даволанади. Агар бомж бўлса¸ пропискаси бўлмаса ҳам¸ қаердадир вақтинча яшаëтган бўлса ҳам биз касалхонага ëтқизамиз ва кейин амбулаторный диспансерда ҳам даволаймиз. Даволанмайдиган касал йўқ. Агар ўзи қочиб юрмаса¸ ўзи қамалиб кетмаса. Қамалиб кетса ҳам қамоқхонада уларни даволайди. Мана булар сизга мурожаат қилишипти. Биринчидан¸ олдин бизларга келишсин. Менга Элнур Абдулов ҳам¸ бошқаси ҳам учрашгани йўқ¸ дейди Ўзбекистон пойтахтидаги сил диспансери бош шифокори.

Ана шундан кейин биз яна беморларга боғландик. Улардан бири Элнур сил касали билан боғлиқ вазият хатарли эканлигини урғулади.

- Мен шифокор опага эслатиб қўймоқчиман: сил жуда хавфли ва юқумли касаллик. Жамоат орасида қанча касал юрганини биласизми? Силнинг ўтлашиб кетган актив формасига чалинганларнинг ҳам шифохонадан чиқариб юборилганига гувоҳман. Мен қайтариб айтаман: улар орамизда касал тарқатиб юрибди. Улар биз билан ҳамнафас бўлиб яшашмоқда. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Силни даволаш давлатнинг вазифаси. Аммо бу муаммога бюджетдан пул ортсагина маблағ сарфланмоқда, дейди Элнур Абдулов.

Элнурнинг бу гапларини шифокор опага эшиттирдик.

- Агар мурожаат қилса¸ мен у кишига ëрдам бераман. Ҳамма дорилар бор. Ҳозир давлат кредит орқали¸ глобалный фонд орқали дорилар олган. Ҳамма диспансерларда¸ ҳамма касалхоналарда дорилар бор. Ҳеч кимга отказ йўқ. Бир-икки-беш марта даволаниб чиққанлар ҳам бор. Уларда сурункали формалари борда. Ўшалар ҳам касалхонага ëтишади. Тиббий экспертиза комиссиясидан ўтишади ва уларга пенсия беришади. Иш стажи бор ëки йўқлигидан қатъий назар биз уларни тиббий экспертиза комиссиясига юборамиз.

“Аҳолини сил касалидан ҳимоя қилиш” деган қонун бор. Биз буни ҳар бир поликлиникада ўрганиб чиқамиз¸ ҳаммага тушунтирамиз. Так что¸ сал нотўғрироқ гапираяптида. Текин дори берса¸ касалхонада текин овқатлантирса¸ докторлар чақириб¸ уни даволашга юборса¸ давлат буларни тағин қандай ҳимоя қилиши керак? Инвалид бўлса¸ пенсия берса¸ биринчи касал бўлганда 10 ойгага болничный листи тўланса¸ ëтоқхонада яшаëтган бўлса¸ у ëқдан чиқарилиб¸ махсус жой билан таъминланса¸ тағин нима керак буларга? Ҳамма ишлар қилинаяпти¸ дейди Ўзбекистон пойтахтидаги сил диспансери бош шифокори.

Тубдиспансер бош врачи БМТ тараққиëт дастуридан ëрдам олаëтганини ҳам айтиб ўтди. БМТ тараққиëт дастурининг Тошкентдаги ваколатхонасида бу гапни тасдиқлашди.

Аммо бу ëрдамлар шахсан менинг дардимни енгиллаштирмаяптику, дейди сил касалига чалинган Азимжон ака.

- Келиб ëтишга имконияти борлар келиб ëтибди. Қолган 80 фоиз касал кўчада юрибдику¸ дейди Азимжон ака.

Азимжон акага кўра, Ўзбекистондаги қамоқхоналар сил касали етиштирадиган инкубаторларга айланган.

- Ҳозир ўладиганини олиб келадида. Олиб келади¸ бу ерда бир ҳафта ëки 10 кун туради. Кейин ўлади¸ дейди Азимжон ака.

Азимжон ака Марказий Осиë учун хатар манбаи дея таъкидланган сил касалига мубтало бўлган юз минглардан бири.

Иссиккўлдаги анжуманда ҳам қамоқхоналар сил ўчоқлари сифатида кўрилди, дейди журналист Фотима Абдалова.

- Энг ëмони бу турмалар. Турмалар ўчоғида бунинг¸ дейди Фотима Абдалова.

Фотима Абдалова келтирган омил ëнига қашшоқлик ва эътиборсизлик каби омиллар ҳам қўшилар экан, сил касали билан боғлиқ Ўзбекистондаги вазиятнинг тобора ëмонлашавериши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG