Линклар

Мардикор Россия паспорти орзусида

  • Садриддин Ашур

Икки бошлик бургут тасвири солинган Россиянинг алвон паспорти бугун минглаб ўзбеклар учун нажот қалъаси бўлиб кўринмоқда.

Икки бошлик бургут тасвири солинган Россиянинг алвон паспорти бугун минглаб ўзбеклар учун нажот қалъаси бўлиб кўринмоқда.

"Кўринг¸ ҳавас қилинг¸ гражданиман¸Мен улуғ советлар мамлакатининг?¸ деб ëзган эди рус шоири Маяковский ўтган аср бошида. Россиядаги ўн минглаб ўзбек мардикори бугун энди улуғ рус мамлакатининг фуқароси бўлиш илинжида.

Ўзбекистон мустақиллигининг ўн саккизинчи йили нишонланмоқда. 18 йил давомида ўзбек дунёга тариқдай сочилди¸ 18 йил давомида ўзбек мардикори эшик қоқмаган мамлакат қолмади, ҳисоб.

Миллионлаган ўзбеклар бугун Россияда тирикчилик қилмоқда. Мустақил давлатдан безиб, Россия фуқаролигини олишни ихтиёр этаётганлар ҳам бугун кўпчиликни ташкил қилади.

Мустақилликка эришганимизда, энди дориломон кунлар келади деб, орзу қилгандик, дейди Москва шаҳрида мардикорлик қилаётган асли фарғоналик ўқитувчи Ҳайдар ака.

- Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин¸ эсингизда бўлса¸ турецкий модел деб Туркиянинг моделини ўргандик. Кейин Хитойникини¸ кейин бошқа давлатларникини ўргандик. Энди ҳозир “Ўзбекистон ўз сиëсий ва иқтисодий йўлига эга” деган гап чиқаяпти. Лекин 18 йилда қандай ўзгариш бўлди? Фақат одамлар қашшоқ бўлиб қолдику. 90 фоиз одам қашшоқ. Мен Ўзбекистоннинг мустақиллигини бошқача хаëл қилган эдим. 18 йилдан бери олий маълумотли одамлар Россияда қурилишда ишлаб юрибди¸ дейди Ҳайдар ака.

Оқибатда¸ деб давом этади собиқ ўқитувчи, Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожирларининг аксарияти Россия фуқаролигини олиш орзусига тушганлар:

- Россия федерациясининг фуқаролигини оладиган инсон жуда ҳам кўп. Ўзбекистонда сиëсий вазият ўта қалтис вақтга етиб келди. Чунки юқори эскича бошқара олмай қолди¸ одамлар эскича яшашни истамай қолди. Ҳозир Ўзбекистон аҳолисининг 30-40 фоизи тирикчилик учун¸ бола-чақасини боқиш учун¸ ўзига керакли маблағни ишлаб топиш учун Россияга келиб ишлаяпти. Бизга шу маблағни Ўзбекистонда берганда эди¸ биз шу ишларни ўзимизда қилишимиз мумклин эди.

Агар Россия билан Ўзбекистон сиëсий жиҳатдан кучли бўлиб¸ фуқароликни бериш имконият бўлганда эди¸ Ўзбекистон фуқароларининг 70-80 фоизи Россия фуқаролигини қабул қилиб олган бўлиши мумкин эди. Бу аниқ¸. Биз ишлаëтган жойда Ўзбекистондан келганларнинг сонини 100 та дейдиган бўлсак¸ шунинг 70 таси жоним билан фуқароликни қабул қиламан¸ деб айтади. Фуқароликни қабул қилиш эса Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги алоқага расман боғлиқ¸ дейди Ҳайдар ака.

Россиянинг Иркутск шаҳрида етти йилдан буён ишлаётган ўзбекистонлик Икромжоннинг айтишича¸ у ҳам бугун-эрта Россия фуқаролигини олади:

- Одамлар Россияга келган бўлса¸ ҳеч кимда қайтиб кетиш йўқ. Кўпчиликка қийин бўлиб қолди ҳозир. Масалан¸ мен ҳам Россия фуқаролигини олиш ҳаракатида юрибман. Биз ҳам уйни соғинамиз. У ëқдан ўйлаймиз¸ бу ëқдан ўйлаймиз. Бола-чақа деб, Ўзбекистонга борамиз¸ лекин у ëқда тирикчилик яхши бўлмайди. Иложсизликдан қайтиб келамиз яна. Ҳозир мен билан бирга 40 нафарча болалар ишлайди. Шуларнинг 20-25 нафари Россия фуқаролигини олган¸ дейди Икромжон.

Хўш, нима учун ўзбеклар Россия фуқаролигини олишяпти? Унинг афзалликлари нимада, деб сўраймиз Икромжондан:

- Бу ерга келиб Россия фуқаролигини олиб олсангиз¸ ишга кириш ҳам осон бўлади. Кўпчилик бу ерда ишга рухсатномаси борлигига қараб олади. Ишга рухсатнома қилиш ҳам осон эмас. Бир йилда келади. Лимити тугагандан кейин эса бермайди. Россия фуқаролигини олсангиз¸ бемалол ишга кираверасиз. Милициялар ҳам индамайди. Бу ерда деярли иккинчи юртимиз бўлиб қолаяпти. Етти йилдан бери келамиз. Бу ер ўзимизнинг юртимиздек бўлиб қолган. Ҳамма кўчаларни биламиз. Керак бўлса¸ кўчаларни ўзимизнинг шаҳримиздан яхши биламиз¸ дейди Икромжон.

Икромжоннинг айтишича, бу жараённи тезлаштиришнинг бошқа йўли бор ва бу Россия фуқаросига уйланиш ёки турмушга чиқиш:

- Кўпчилик рус қизларига уйланади. Бир болалик бўлгандан кейин мажбур фуқароликни беради. Боласини номига ўтказиш керакку. Шунақа қилиб кўпчилик олаяпти¸ дейди Икромжон.

Москвалик инсон ҳуқуқи фаоли Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, ҳақиқатан ҳам Россия фуқаролигини олишни истаган ўзбеклар кўпчиликни ташкил қилади. Лекин бу амалиётнинг ўзига хос тартиби бор ва шу қоидаларга амал қилиш керак:

- Россия ҳудудида маълум бир вақт давомида яшаган бўлиши керак. Бир ëки икки йил давомида ҳеч қаëққа чиқмасдан Россия территорияда юрган бўлса¸ олдин судланмаган бўлса¸ Россия қонунларини бузмаган бўлса¸ фуқароликни олиши мумкин¸ дейди Баҳром Ҳамроев.

Баҳром Ҳамроевнинг сўзларига кўра, Россия фуқаролигини олмоқчи бўлганлар Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмай туриб ҳам ариза берса бўлади¸ зотан Россия тартиб-қоидалари буни талаб қилмайди. Фақат судланмаганлиги, етарли маблағи борлиги, оиласи, фарзандлари ҳақидаги маълумотларни топшириши керак. Ҳуқуқ фаолига кўра, агар кимдир Россия фуқаролигини олса¸ унинг Ўзбекистон фуқаролиги ўз-ўзидан барҳам топади:

- Асли ўзбекистонлик бўлган ва Россия фуқаролигини олган бир нечта одамни Тошкент ëки Самарқанд аэропортларидан депортация қилганларини эшитганман¸ дейди Баҳром Ҳамроев.

Бироқ Москва шаҳрида ишлаётган андижонлик Абдулланинг сўзларига кўра, улар билан бирга ишлаётганлар орасида Россия фуқаролигини олишни орзу қилаётганлар йўқ ва улар бир кун Ўзбекистонда ҳам ҳаёт яхши бўлиб, юртга қайтиб боришларига ишонади:

- Россия келиб ишлаëтган менинг таниш-билишларимнинг ичида “Россия фуқаролигини қабул қиламан” деганини ҳали учратмадим. 5-10 йилдан бери ишлаб юрганларга “Шу ернинг фуқаролигини олмайсанми?” десам¸ “Э¸ кейин Ўзбекистоннинг фуқаролигини олиш қийин бўлади” деб айтади¸ дейди Абдулла.

Ўзбекистоннинг 18 йиллик мустақиллиги даврида мамлактадан бош олиб чиқиб кетиб бошқа давлатлардан сиёсий бошпана олганлар ва ўзга давлатлар фуқаролигини қабул қилганлар¸ норасмий ҳисоб-китобларга кўра¸ ками ўн мингларни ташкил қилади. Бироқ буниси энди бошқа мавзу...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG