Линклар

Галилей телескопи 400 ëшга тўлди

  • Абдулла Искандар

Тахминларга кўра¸ Галилей бундан тўрт аср муқаддам яратган телескоп айни шу кўринишда бўлган.

Тахминларга кўра¸ Галилей бундан тўрт аср муқаддам яратган телескоп айни шу кўринишда бўлган.

Бундан роппа роса 400 йил муқаддам буюк астроном ва мутафаккир Галилео Галилей ўз яратган телескопини дунëга тақдим қилган эди.Темир қувурнинг икки тарафига қабариқ ойналар ўрнатиб¸ отини телескоп қўйган Галилей бу ихтиро инсониятнинг коинотни англаши йўлидаги улкан қадам эканини ўйлаганмиди? .

Ўшанда ëз жазирамасига қарамасдан Венеция Сенати ўз мажлисига йиғилди. 1609 йилнинг 25 августида сенаторлар узоқдаги нарсани катта қилиб кўрсатишга мўлжалланган ажабтовур олатни кўриб чиқиб фикр билдириши лозим эди.

Самони кузатадиган бу олатни пизалик мунажжим ва мутафаккир Галилео Галилей ясаган эди.

Икки тарафига қабариқ ойна ўрнатилган қувурнинг тешигидан қаралганида узоқдаги нарсалар яқин бўлиб кўринар¸ бу эса жазирамага қарамасдан йиғилган Сенат жамоасининг ҳайрат ва завқига сабаб бўлди.

Бу ажабтовур олатнинг номи телескопдир¸ деди йиғилганларга қарата Галилей

Телескопнику ясаган одамни биламиз¸ аммо бу асбобни ясашга ким пул сарф қилгани бир оз унутилди. Худди ўтин ëрган болта кўчада қолгандай.

Галилейга телескоп ясаш учун боғлиқ харажатни берган азаматнинг номи Ҳанс Липперҳей эди.

Липперҳейдан олган пулига Галилей 1608 йилдаëқ битта одмироқ телескоп ясаган¸ аммо табиатан изланувчан олим ўз ихтиросини янада мукаммалаштиришга қарор қилган эди.

Пировардида Галилей ясаган телескоп узоқдаги нарсаларни саккиз марта катталаштириб кўрсатадиган бўлди.

Нега Галилей ўзи ясаган асбобни Венеция сенаторларига кўрсатишга шошилди¸ буниси номаълум. Ҳар ҳолда ўша вақтда Венеция денгиз ва қуруқликда муваффақиятли тижорат юритаëтган бир ўлка эди. Айнан бу мамлакатда шишасозлик ривож эди.

Венецияда ишлаб чиқарилган биллур жомлар¸ лупалар ва линзаларнинг бозори флоренцияникидан чаққонроқ эди.

Албатта¸ Галилей ҳам бу бозордан улушини олди. У бирин-кетин телескоплар ясаб¸ томошаталаб мижозларга сотиб¸ иқтисодий аҳволини ўнглади.

Галилей ясаган телескоплар мураккаблаша бориб¸ кўнгил хуши учун эрмак эмас балки юлдузларни аниқ математик ҳисоблар билан кузатиш воситасига айланди.

Галилей ясаган телескопдан кузатилган манзара даққи юнусдан қолган жоҳил олимлар ақидаларига тескари келди. Қадим Миср ва юнон ақоидларини маҳкам тутган бу муҳофазакорлар наздида ер дунëнинг маркази эди.

Галилей дурбинидан самога боққан мунажжим Коперник ер дунëнинг маркази эмас ва у қуëш атрофида айланувчи кичик бир сайëра деган аниқ ва узил-кесил фикрга келди.

Таниқли поляк астрономи Николос Коперник ҳали Галилей телескопни ихтиро қилмасидан олдин ҳам ер қуëш атрофида айланади¸ деган назария устида иш олиб борар эди. Аммо Коперникнинг бу назарияси нафақат олимлар¸ балки Рим католик черкови руҳонийларининг ғазабига дучор бўлди.

Галилей ясаган телескоп Коперник ғоясини исботлади. Энди черковдаги руҳонийларнинг ғазаб ўти Галилейга қаратилди.
Худо ерни инсонга уй дея дунëнинг маркази қилиб яратган¸ деб ҳасса ўқталишди олимга бу жоҳил руҳонийлар.

1616 йилда Католик черкови Галилей ясаган телескопни расман куфр олати ва Инжилга зид деб эълон қилди.

Бу тавқи лаънатдан қутулиш учун 1632 йилда Галилей ўз қарашларини китоб қилиб ëзди. Айнан бу китоб инкивизиция шотирларининг ғазаб оловига мой сепди. Католик черковининг муқаддас оталари олимни қамаш лозим¸ деган қарорга келдилар.

Ана шундан кейин Галилей уй қамоғига олинди. Албатта уни гулханда ëндиришмади¸ чунки у ўз ихтиросидан черков олдида воз кечиб тавба қилган эди. Балки Галилей жасурлик қилмагандир¸ аммо у ўлик мунажжим бўлгандан кўра тирик астроном бўлишни маъқул билди.

Католик черкови орадан 359 йил ўтгачгина Галилейга нисбатан ноҳақлик қилганини тан олди.

1992 йилда расмий Ватикан Галилей зиммасидан айбларни соқит қилди.

Аммо 1642 йилда уй қамоғида фақиру ҳақирликда ўлган мунажжим Галилей руҳи бундай енгил тортдими ë йўқми¸ бу ëғи энди қиëматга қолди.
XS
SM
MD
LG