Линклар

АҚШ суди эълон қилган ҳужжатларга кўра, поп мусиқаси қироли Майкл Жексон оғриқни қолдирувчи Пропофол дориси миқдорининг ошиб кетгани оқибатида ўлгани билдирилган.

Маълумотларга кўра, бу дори фақат касалхоналарда қўлланилиши мўлжалланган. Аммо Жексон сурункали уйқусизликка қарши шу доридан фойдаланиб келган.

Бир неча ҳафтадан бери Жексоннинг шахсий врачи Конрад Мюррей қотиллик содир этганликда гумонланаётган эди.

24 август куни суд эълон қилган ҳужжатлар поп юлдузи ўлими воқеаси тафсилотларини ўз ичига олган.

Жексон ўлишидан олти ҳафта олдин уни уйқусизликдан даволаш учун врач Мюррей Жексонга бошқа дорилар билан бирга 50 миллиграммдан Пропофол ичишни буюрган.

25 июн куни Жексон ухлай олмаган. Ўша тунда ва эрталаб врач Жексонга беш марта дори берган. Қайта-қайта сўраганидан кейин эрталаб 10 дан 40 дақиқа ўтганда Мюррей Жексоннинг венасига 25 миллиграмм Пропофолни томчилатиб қуйган.

Оғриқлар бўйича мутахассис Доктор Грегори Смит Калифорниядан Ройтер ахборот агентлигига берган интервьюсида фақат Пропофолнинг ўзи Жексоннинг ўлимига сабаб бўлганига шубҳа билдирди.

- Полицияга айтган гапидан мен докторнинг Жексонга 25 миллиграмм Пропофол юборганини тушундим. 25 миллиграмм бу жуда оз доза. Бу тахминан 2,5 кубсантиметр. Одатда, бир куб сантиметрга 10 миллиграмм тўғри келади. Бу ҳеч кимни ўлдирмайди, балки бир неча дақиқага мудратади, холос. Шу боис мен у фақат шу дорини қилганига ишонишим қийин. Чунки унинг системасида кўп миқдорда бошқа дорилар ҳам бўлган, дейди калифорниялик мутахассис.

Дори берганидан кейин Мюррей ҳожатхонага бориб, икки дақиқа ўтмасдан қайтиб келганида Майкл Жексон нафас олмаётган бўлган.

Мюррей Жексонни қутқаришга ҳаракат қилган. У Жексонга тинчлантирувчи дорининг таъсирини йўқотадиган Флуманезил дорисини берган.

Бироқ Мюррей шифокорларни чақириш учун одатдагидан кўп вақт кутган. "The New York Times" газетаси хабарига кўра, Майкл Жексоннинг нафас олиши тўхтаганидан 82 дақиқа ўтгунча ҳеч ким 911 рақамига ёрдам сўраб қўнғироқ қилмаган. Бу вақт давомида Мюррей ўз телефони орқали уч марта сўзлашган.

Ўша пайтда Мюррей шифокорларга Жексонга Пропофол ичишни буюрганини айтмаган.

Тиббий экспертлар Жексонга бир-бирига мувофиқ келмайдиган дорилар берилган, деган фикрда.

- Кўпроқ нарса ошкор бўлган сари ҳимоя қилиш оғирлашади. Менимча, унинг адвокатига ўша уйда кўрилган чоралар тўғрилигини қўллаб-қувватлайдиган профессионал тиббий экспертни топиш жуда қийин бўлади. Менимча, буни ҳимоя қилиш имконсиз. Майкл Жексонга ўша дорилар берилмаганда, менимча, у ҳозир тирик бўларди, дейди калифорниялик мутахассис.

Маълумотларга кўра, доктор Конрад Мюррей шу йил бошида ойига 150 минг доллар маош эвазига Жексонга шахсий врач бўлиб ёлланган.

Мюррей поп юлдузига Пропофол дорисини ичишни бошқа шифокорлар ҳам буюрганини айтган. Докторнинг айтишича, Майкл Жексон бу дорига қарам бўлиб қолган ва бунга чек қўйишга умид қилган.
XS
SM
MD
LG