Линклар

Эркин микрофон

  • Барно Анвар

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Тингловчи ва муштарийлардан йўлланаëтган SMS-хабарлар, бўлаëтган қўнғироқларда билдирилган турфа мулоҳаза ва истаклар яна “Эркин микрофон” рукнида жамланди.

“Кўзи ожизлар ҳам Ўзбекистоннинг фуқароси”

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги Улуғбек қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли кўзи ожизлар маҳалласи аҳли номидан телефон қилган Нўъмонжон Қосимхонов қарийб 40 хонадон яшайдиган маҳаллада йиллар давомида ҳал этилмаётган ва маҳалланинг кўзи ожиз яшовчилари ҳаётини азобу машаққатга айлантираётган муаммолар ҳақида сўзлаб берди.

Нўъмонжон Қосимхонов: Кўзи ожизлар маҳалласида яшаймиз. Пенсия масаласи бўйича¸ газ¸ свет масаласи бўйича огоҳлантирмоқчи эдим.

Озодлик: Кўзи ожизлар маҳалласи, деяпсиз. У ерда шунақа махсус маҳалла борми?

Нўъмонжон Қосимхонов: Ҳа¸ шундай. Уй-жой қилиб берган. Ишхонамиз бор. Ўзингиз биласиз¸ мустақил бўлганимиздан кейин ишимиз унчалик ривожланмаган-ку¸ ишхона¸ завод¸ уйлар¸ коттежларнинг ҳаммаси совет даврида бўлган нарсалар. Иккита дом қилинган ва шу иккита домда 40 хўжалик яшайди.

Озодлик: Ҳаëт қандай¸ турмуш қандай?

Нўъмонжон Қосимхонов: Шароит оғир. Ҳокимият томонидан бир ëрдам йўқ. Болаларнинг пулини¸ нафақа пулларини вақтида бермайди. Кейин бизда газ муаммоси бор.

Озодлик: Газ муаммоси деганингиз нима? Умуман газ берилмайдими?

- Берилади. Нафақа пулини бераëтган пайтда пул ундириш учун газ беради. Эртаси куни эса ўчириб ташлайди. Мисол учун, трубаларимиз тешилиб¸ сувлар кириб ëтибди. Бирортаси келиб¸ тозалай демайди. Бу ерда ҳамма кўзи ожизлар бўлса. Трубани ковлай олмайди¸ ариқ оча олмайди¸ иложи йўқ-да. Комитетимиз келиб, бир марта ҳам хабар олмади. Ўзи мана яқинда сайланди. Йўлларимиз умуман юриб бўлмайдиган даражада. Бизлар энди биласиз ҳассада юрамиз. Туалетларимиз йиқилиб ëтадиган даражада. “Янги ҳожатхона қуриб берамиз, у қиламиз¸ бу қиламиз” дейишади¸ амалда эса ҳеч нарса йўқ.

16 ëшгача бўлганларга документ қиламан, деб борсангиз¸ "бир ойлигини берасан", деб оëқ тираб туриб олади. “Кўрмисан¸ соғмисан¸ Худомисан¸ фарқи йўқ - бир ойлигини берасан”, дейди. Моддий ëрдам ўзи бор-йўғи 40 минг бўлса¸ ҳар биримизда тўрт-бештадан бола бор. Тўғрисини айтсам¸ мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Бу ерда ҳозир бир гуруҳ ногиронлар ўтирибди. Менинг товушимни эшитиб¸ битта-битта келаяпти. Шунга сал эътибор берсаларингиз, деган мақсадда телефон қилдик¸ дейди Нўъмонжон Қосимхонов.

Биз келгуси дастурларни тайёрлаш жараёнида бу мавзуга қайтиб, туман мутасаддиларидан изоҳ олишга ҳаракат қиламиз.

“Бойни боласига боққан борми?!”

Тошкент шаҳрида яшовчи Озодбек билан ғалати воқеа содир бўлибди. Унинг сўзларига кўра, ўтган шанба куни оқшом уни чақириб, уйига келган 3-4 нотаниш йигит ўзини “Ички ишлар вазирлигининг тергов-қидирув бўлимиданмиз” деб таништирган ҳамда уни уйи олдида дўппослай бошлаган.

Озодбекнинг сўзларига кўра, бу нотаниш йигитлар пулдор ёки амалдорларнинг фарзандлари ва шу йўл билан шаҳарнинг одмироқ оилалари ўғиллари ғурурини топтаб кўнгилхушлик қилишади.

Воқеа қандай бўлганини сўрадик.

Озодбек: Уголовнийда ишлайман деб, қандайдир гувоҳнома кўрсатиб¸ қўлимни қайириб турган эди. Узоқда туриб кўрсатгани учун мен бунинг қандай гувоҳнома эканлигини фаҳмлай олмадим. Ўқишга ҳам қўймади.

Озодлик: Бу ишларнинг ҳаммаси кутилмаганда бўлаяпти-да энди.

Озодбек: Ҳа. Кейин мени машинасининг олдига қўйиб¸ чироқни ëқиб¸ куч ишлатиб¸ қўлимни қайириб ўтқазишди. Шуни съëмка қилиб, шантаж қилишди. Онадан сўкишни бошлади. “Сен мени сўкдинг”, деди. “Мен сени танимайман, сени сўкканим йўқ” десам¸ “Сен мени сўккансан”, дейди. Мен бир танишим билан сўкишганман. Шуни булар диктафонга ëзиб олиб¸ шуни “Мана сўккансан” деб менга қўйиб беришаяпти. “Мен сени эмас¸ фалончини сўкканман” десам¸ “Йўқ¸ сен мени сўкдинг” деб оëқ тираб турибди. У фалончи билан биз келишиб бўлганмиз. У билан орамизда низо йўқ. Кейин уришга бошлашди. Ëн қўшнимнинг уйининг олдида бақир-чақир қилганимизга у қўшним ҳам чиқиб келди. Лекин у ҳам томоша қилишдан нарига ўтмади. Ҳозир аҳолининг шароити шунақаки¸ ҳамма учун ўз жонини сақлаш керак.

Озодлик: “Ички ишлардан келдик” деб сизни уйингиздан олиб чиқиб калтаклаган болаларга шунча томоша нимага керак эди?

Озодбек: У бола оддий оиланинг боласи эмас. У каттароқ жойда ишлайдиган одамнинг боласи. Лўнда қилиб айтганда¸ бу кўнгилхушлик. Бунақа ишларни кўнгилхушлик учун қилиб юришади.

Озодлик: Энди нима қилмоқчисиз? Ички ишларга бориб мурожаат қилмадингизми?

- Ички ишларга арз қилиш кулгили нарса. У ердан ҳеч қанақа фойда чиқмаслиги аниқ-ку. Буни мендан яхши биласизлар-ку. Қачонгача оддий оиланинг болаларига катта одамларнинг болалари шантаж қилиб юради? Нима булардан устун турадиган одам йўқми? Мен шуни билмоқчиман. Наҳотки буларга чора кўриб бўлмайди? Телефоннинг видеосига съëмка қилиб, шантаж қилаяпти¸ тушунаяпсизми? Бунақа нарсадан кейин яшаб юриш осон эмас. Мен эркакман¸ менинг ғурурим бор. Сизларнинг “Сен ëнмасанг¸ мен ëнмасам¸ ким ëнади¸ дунë ëнади” деган гапинглар бор-ку. Эртага бошқа оддий оиланинг боласига бундан баттарини қилмаслиги учун буларнинг ҳам танобини тортиб туриш керак¸ дейди Озодбек.

“Кириш имтиҳонлари ноҳақ ўтди”

Навоий вилоятидан сим қоққан Гуласал шу йил биринчи август куни топширилган кириш имтиҳонларидаги ноҳақликдан шикоят қилди.
Гуласал: Мен Ўзбекистон миллий университетининг фалсафа факультетининг сиëсатшунослик бўлимига топширган эдим. Текшириш бўлган бўлса ҳам абитуриентлар хоҳлаган нарсаларини олиб кириб кета олди.

Озодлик: Нималарни олиб кириб кетишди?

Гуласал: Телефондан бемалол фойдаланди¸ икс вариантдан фойдаланишди. Ноҳақ бир вазиятда ўтди, демоқчиман-да. Мен ўзим шу нарсадан фойдалана олмадим ва йиқилдим.

Озодлик: Йиқилганингизнинг сабаби шу ноҳақликлар, деб ўйлаяпсизми?

Гуласал: Ҳеч нарсадан фойдаланмаган ҳолда 91 балл олдим. Кузатувчилар абитуриентларга ҳамма нарсадан фойдаланишга қўйиб беришди.

Озодлик: Энг юқори балл неча бўлди?

Гуласал: Контрактнинг охири 209 балл бўлди.

Озодлик: Яъни 209 баллдан паст олганлар ўқишга кира олмадими?

Гуласал: Шундай.

Озодлик: 209 баллиги аниқми?

Гуласал: Бир ўртоғимдан сўраб билдим.

Озодлик: 209 баллдан кам олганлар контрактга ҳам илинмади, деяпсиз. 209 баллни ўз билими билан олганлар ҳам бордир?

- Менга шу нарса ноаниқ. Бизнинг гуруҳда 52 нафар абитуриент имтиҳон топширди. Мен 100 фоиз айта оламан: ҳаммаси шпаргалка ва телефондан фойдаланди. Шунинг учун балл юқори бўлиб кетди. Бундан ташқари¸ ҳарбий хизматни ўтаб келадиганлар ҳам баллни кўтариб юборади. Кўпчилигида умуман билим-савия йўқ. Ҳужжат топшириш жараëнида мен ўзим гувоҳ бўлдим: битта ҳарбий ҳатто бланка тўлдиришни билмади¸ дейди Гуласал.

***

Азиз муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG