Линклар

Эдвард Кеннеди оламдан ўтди


АҚШда таниқли демократ сенатор Эдвард Кеннеди 77 ёшда вафот этди.

АҚШ собиқ президенти Жон Кеннедининг укаси Эдвард Кеннеди Демократлар партиясининг етакчи сиёсатчиси ҳамда катта обрўга эга бўлган АҚШ сенаторларидан бири эди.

Илк бор бундан 47 йил муқаддам АҚШ Сенатига сайланган Эдвард Кенедди 1980 йилда Демократик партия вакили сифатида президентликка номзодлик учун даъвогарлик қилган аммо Жимми Картерга ютқизган эди.

Сўнгги ўн йилликлар давомида Эдвард Кеннеди бир қатор муҳим масалалар, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жабҳасидаги фаол сиёсатчилардан бири бўлиб келди.

Эдвард Кеннеди 2008 йилда Барак Обаманинг АҚШ президентлигига номзодини қўллаб-қувватлаган эди:

-Барак Обама билан бирга туриб, унинг АҚШ президенти этиб сайланиши учун унга ўз ёрдамим, овозим, ғайрат ва кучимни бераëтганимдан жудаям мамнунман, деган эди Эдвард Кеннеди 2008 йилги сайловолди чиқишларидан бирида.

Кеннеди ўлимига муносабат билдирган АҚШ президенти Барак Обама Эдвард Кеннеди ўлими билан АҚШ ўзининг буюк етакчиларидан бирини йўқотганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG