Линклар

Зиёратчиларни эмлашга вакцина йўқ

  • Гулнора Равшан

Ҳажга бориш учун талаб этиладиган кўпдан-кўп қоғозлар сафига бу йил Саудий ҳукумати эмланиш варақасини ҳам қўшди.

Ҳажга бориш учун талаб этиладиган кўпдан-кўп қоғозлар сафига бу йил Саудий ҳукумати эмланиш варақасини ҳам қўшди.

Ҳаж сафарига отланаётган тожикистонлик зиёратчилардан ҳам чўчқа гриппига қарши эмланиш талаб қилинмоқда. Бундай вакцина йўқлиги боис¸ зиëрат тақдири мавҳум бўлиб қолмоқда.

Ҳаж сафари билан боғлиқ тадбирлар зиммасида бўлган Тожикистон Маданият вазирлиги масъулларининг маълум қилишича, бу йил мамлакатдан 5120 нафар зиёратчи Саудия Арабистонига боради.

Аммо вазирлик масъули Абдуғаффор Юсуповнинг айтишича, Саудий Арабистони ҳукумати¸ қолган давлатлар каби Тожикистон зиёратчиларининг ҳам ëппасига чўчқа гриппига қарши эмлангачгина¸ мамлакат тупроғига киритилиши таъкидлаган.

Расмий бу иш билан республика эмлов маркази шуғулланаётганини билдирди.

Мазкур марказ раҳбари Шамсиддин Жобиров ҳозирча бу шартни бажариш имкони йўқлигини билдирди.

- Шу йилнинг ноябр ойига қадар Россия ва Америка ширкатларининг чўчқа гриппига қарши вакцинани сотувга чиқаришига оид хабарлар бор. Агар бу хабарлар рост бўлса, вакцинани Россиядан сотиб олишни режалаштираяпмиз, деди Жобиров.

Маданият вазирлиги расмийси Абдуғаффор Юсупов билан суҳбатдан маълум бўлишича¸ бу йил Ҳаж тараддудини кўраётган тожикистонликлар олдида яна бошқа муаммо ҳам кўндаланг бўлиб турибди.

- Бу йил аввалги йилларга нисбатан Ҳаж зиёратига бориш орзусида бўлганлар сони бир неча баравар кўплиги сабабли уларнинг ҳаммасидан ариза қабул қилиш имкони бўлмади. Чунки Саудия Арабистони фақат 5120 одам учун квота берган. Муаммони муроса билан ҳал қилиш мақсадида биз бу йилдан эътиборан навбат жорий қилдик. Республиканинг бир қатор туман ва вилоятларида 2012 йилга қадар Ҳаж зиёрати учун рўйхат тузилган, деди Юсупов.

Расмийга кўра, Тожикистон ҳукумати Эрон ва Туркия мамлакатлари тажрибаларига таянган ҳолда шу тартибни жорий қилган ва келгуси йилларда бунга амал қилган ҳолда иш кўради.

Бироқ, бу йил Ҳаж ибодатини адо этиш ниятида бўлган душанбелик Раҳматулло Йўлдошев расмийлар йўлга қўяётган янги тартиб муаммони ҳал қилмаслиги, аксинча тожик жамиятида порахўрликнинг авж олишига сабаб бўлишини айтади.

- Бу йўл билан порахўрлик ошади. Устига шапкаси билан олишади. Одамларга жабр бўлади, дейди суҳбатдошимиз.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Ҳаж зиёратига отланаётганлар учун навбат тартибининг жорий қилиниши тўғри бўлган, деб ҳисоблайди.

- Мен икки йил олдин Ҳаж зиёратига борганман. Ўшанда Эрон ва Туркиядан борган ҳожилар билан гаплашганимизда улар ҳар бир киши ҳар беш йилда бир марта зиёратга боришларини айтган эди. Ўзи аслида Ҳаж зиёрати бир марта фарз қилинган. Лекин кўп одамларимиз “мана мен икки марта бордим, тўрт марта Ҳажга бордим”, деб чўнтагини кўрсатиш учун боришади. Унинг ўрнига маҳаллалардаги хароб мактабларни таъмирлашсин, йўлларни асфалт қилишсин. Бунинг савоби катта. Шу нуқтаи назардан ўша жорий қилинган рўйхат тартибини қувватлайман, дейди ўзини Олимжон Эгамбердиев деб таништирган суҳбатдошимиз.

Тожикистон Маданият вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, бу йил Ҳаж зиёрати учун ҳар бир киши 3315 доллардан маблағ тўлаши лозим. Вазирлик расмийси Абдуғаффор Юсуповга кўра, бу ўтган йилгига нисбатан 400 доллар қимматроқдир.

Глобал иқтисодий бўҳрон Тожикистонда барча соҳаларга салбий таъсир кўрсатаётганига қарамай, бу йил бўлмаса, икки йилдан кейин ҳам Ҳажга бориш ниятида рўйхатга ёзилаётган тожикистонликлар сони тобора ортаётгани кузатилади.
XS
SM
MD
LG