Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:25

Эркин микрофон


Азиз муштарий¸ SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
Азиз муштарий¸ SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Тингловчи ва муштарийлардан 26 август куни Озодликка келган SMS-хабар ва қўнғироқларда билдирилган турфа мулоҳаза ва истаклар яна “Эркин микрофон” рукнида жамланди.

“Болалар нафақасига куни қолган ҳокимлар”

Ўзбекистон ҳукумати кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тариқасида болалар нафақаси беради. Бироқ мамлакатнинг аксарият туманларида бу беминнат ёрдам қишлоқ фуқаролар йиғинлари ва маҳалла раисларининг таъмали ёрдамига айланган кўринади. Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманидаги Чархин қишлоғининг Улуғбек маҳалласида яшовчи Нурия Бердиева шундан азият чекиб¸ Озодликка қўнғироқ қилди:

Нурия Бердиева: Мен ҳам болалар пулини оламан. Бизда муҳтож оилалар кўп. Бир ойликни сўраш умуман бўлмайдиган гапда бу.

Озодлик: Бир ойликни сўраш нима дегани?

Нурия Бердиева: Болаларга моддий ëрдам пули оламан дейдиганлар домкомга документ олиб боради. Ўшалар “Болаларингнинг бир ойлик пулини берсанг¸ болаларингга пул чиқариб бераман. Бўлмаса йўқ” деб олиб борилган документларни ташлаб қўяяпти. Беш-олти болали оилалар бор. Бир хиллар етказиб беради¸ бир хиллар етказиб бера олмайди.

Озодлик: Ким олади бу бир ойлик пулни? Фуқаролар йиғини раиси оладими?

Нурия Бердиева: Маҳалла раиси¸ фуқаролар йиғини раиси¸ котиб ва котибаларнинг ишида бу.

Озодлик: Бу борада сизлар ҳокимиятгами¸ прокуратурагами шикоят қилмадингизларми?

Нурия Бердиева: Ҳокимиятга шикоят қилганимиз билан маҳалла фуқаролар йиғинидагилар "Ҳокимиятдагилар бизга шунақа буйруқ бераяпти"¸ дейди. Наҳотки ҳокимиятда шуни назорат қиладиганлар йўқ? Наҳотки ҳокимият шунга йўл очиб берса? Бир-икки марта ҳокимиятга бордик¸ гаплашдик. “Опалар¸ кетаверинглар. Яхши бўлади” дейди¸ лекин ҳеч бир натижа йўқ.

Озодлик: Болаларнинг бир ойлик пулини олиб қолаëтганлар¸ таъма қилаëтганлар камбағалми¸ қашшоқми? Уларнинг куни шу болалар пулига қолганми?

Нурия Бердиева: Шуниси бизнинг жаҳлимизни чиқараяптида. Ўқимишли¸ олий маълумотли одамлар¸ ҳокимият билан бирга иш қиладиганларнинг наҳотки ҳокимиятга ҳам сўзи ўтмаяпти? Шахсан менинг ўзимга “Ҳоким шунга мажбур қилаяпти. Ҳокимга пул керак. Тўлов керак¸ бошқа керак¸ харажати бор. Шунинг учун оламиз” деб айтишди.

Озодлик: Битта болага қанча нафақа берилади?

Нурия Бердиева: Битта болага 14 минг сўм эди. Августдан бошлаб бу 2000 ëки 3000 сўмга ошганда.

Озодлик: Демак¸ ким болалар нафақа ойлигини оладиган бўлса¸ бир ойлигидан воз кечиши керак-а?

Нурия Бердиева: 28-30 минг пул бериши керак.

Озодлик: Қоғозга имзо чекиб пулни олмаслик керак¸ шундайми?

Нурия Бердиева: Худди шундай.

Озодлик: Ҳар қанча ойда справкаларни янгилаб туриш талаб қилинади?

Нурия Бердиева: Ҳар олти ойда.

Озодлик: Демак¸ ҳар олти ойда бир ойлик болалар пулини бериш керак.

Нурия Бердиева: Ҳа¸ шундай.

Озодлик: Шундай воқеа сиз билан ҳам бўлдими?

Нурия Бердиева: Ҳа¸ бўлди. Баъзи пайтда топсам бердим¸ топмасам бермадим. Документларимни бир жойга ташлаб қўйишди. Ойлаб қолиб кетди. Олти-етти ой куйиб кетди. Умуман пул ололганим йўқ. Ҳозир халқнинг ичида “Опа¸ прокуратурага ëзиб беринг. Биз қўл қўйиб берамиз. Биздан олганларни бир исбот қилиб берамиз” деб ўтирганлар жуда ҳам кўп.

Озодлик: Исмингизни айтсак майлими?

Нурия Бердиева: Айтаверинг.

Озодлик: Исм-фамилиянгиз нима?

Нурия бердиева: Нурия Бердиева.

Озодлик: Эфирга берайликми шуни?

- Беринг. Халқ эшитсин шуни. Кўзи очилсин. Шундай жонимга теккан менинг булар. Биз ўзи болалар пули¸ моддий ëрдам билан кун кўрадиган одамлар. Энди шуни ҳам кўп кўриб¸ эга чиқиб ўтиришса бўлмайдида¸ дейди куйиниб Нурия Бердиева.


“Ажаб, ажаб....”

Асли андижонлик¸ ҳозирда эса Россия фуқаролигини олган Муҳаммадсолиҳнинг ҳикоясига ана шундай деб ном бердик. У Озодликка сим қоқиб¸ Ўзбекистонга бориб, у ерда кўрганларидан ажабланганини ҳикоя қилди:

Муҳаммадсолиҳ: Ажабланганим¸ милиция бўлди. Тошкентга Россиянинг поезди эрта билан келар экан. Мен Андижонга кетишга ҳали вақт кўп бўлгани учун вокзалда тушиб¸ вокзалнинг бу ëқ кўчасида қаëққа боришимни билмасдан юрган эдим¸ битта милиция “Ҳей” деди.

Мен “Ҳа” десам¸ “Бу ëққа кел” деди. Ëнига бориб “ҳа” десам¸ “Қаëқдан келдинг?” деди. “Россиядан” десам¸ “Сен Россиядан келган бўлсанг¸ наркотик сотасан. Ундайсан¸ бундайсан. Ўтир машинага” деди. Хўп ака¸ дедим ва машинага ўтирдим. Биттасига “Бор анавини ҳам ушла” деди. Уни ушлаб келишгандан кейин “Бор анавини ҳам ушла” деди ва уни ҳам ушлаб келишди. Хуллас¸ тўрт кишини битта машина қилишди ва “Ҳайда¸ буларни участкага олиб борамиз” деди. Шундай қилиб машинани ҳайдашди ва Тошкентни айлантира бошлашди. Менинг ëнимда ўтирган милицияларнинг югурдаги “Ака¸ бунча узатинг¸ унча узатинг” деди. Мен “Нимага узатаман?” десам¸ “Узатмасангиз бўлмайди” деди. Кейин “бўпти” деб айтган пулини узатдим.

Озодлик: Қанча экан нархлари?

- 3000 сўм экан. Мен “Менда шунча пул бор” дедим ва шуни бердим¸ дейди Муҳаммадсолиҳ.

Бироқ Муҳаммадсолиҳнинг Ўзбекистонда кўрганларидан ажабланиши бу билан тугамайди. У Андижонга борганида одамларнинг қўрқиб, ҳадиксираб қолганидан, воқеа-ҳодисалар ҳақида бир-бирларига пичирлашиб гапираётганидан ажабланганини айтади:

- Ўзбекистонга бордим. Марштурний таксида кетаëтиб¸ ëнимдагилардан “Қанақа яшаяпсизлар? Каримов аҳолига ундай қилаяптими¸ бундай қилаяптими? Андижонда мана бунақа ҳодисалар бўлган экан” десам¸ ëнбошимдаги биттаси “Э¸ ака¸ қаердан келгансиз?” деди. “Мен Россиядан келдим” десам¸ “Унда сал тилингизни қисиб олинг. Шпионлари кўп унинг. Ҳозир олиб чиқиб кетиб қолади. Эҳтиëт бўлинг ака”¸деди биқинимга туртиб. Мана шунақа ҳодисалар кўп экан. Андижонда¸ умуман Ўзбекистоннинг ҳамма ëғида шундай экан¸ дейди ҳамон ажабланишдан тўхтамаган Муҳаммадсолиҳ.


“Бир сўтих ер бир ярим миллион сўм!”

Ўзбекистонда 2008 йилнинг "Ёшлар йили" деб эълон қилинганлиги ёшларнинг уй-жой муаммосини ҳал қилмаган кўринади. Зеро, Озодлик радиосига қўнғироқ қилган асли наманганлик, айни пайтда Россияда мардикорлик қилаётган Икромжоннинг сўзларига кўра, улар яшаётган Чортоқ туманида аҳолини уй-жой билан таъминлаш учун ер ажратиш масаласи муаммолигича қолмоқда. Бир уйда уч-тўрт оила бўлиб яшаяпмиз, бироқ ер фақат пули борларга берилаяпти, дейди Икромжон:

- Ҳар йили Россияга ишлагани келамиз. Ишлаган пулимиз ўзи тирикчилигимиздан ошмайди. Ер олиб¸ уй қуриш тугул¸ тирикчиликка зўрға етади. Наманган вилоятида ишлаб чиқариш деярли тўхтади. Пенсионерларнинг пулини вақтида бермайди. Икки-уч ойга сурилиб кетган. Ëшларга умуман иш йўқ. Иш бор жойлар ҳам ойлик бермайди. Биз бу ëқдан борсак¸ ҳовли олишга умуман илож йўқ. Ҳовлилар ҳам қиммат бўлиб кетган. Бир сўтигини бир ярим¸ икки миллион дейишаяпти. Ҳокимиятга жой ўрин бериш тўғрисида мурожаат қилганмиз¸ лекин беришмаяпти. Уйда иккита-учта келин бор. Сизларнинг эшиттиришларингизни эшитиб¸ қўнғироқ қилдик¸ дейди Икромжон.

***

Азиз муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG