Линклар

logo-print

Ҳавода муаллақ мустақиллик


Гарчи иккала айирмачи ўлкада мустақиллик байрам қилинаëтган эса-да¸ кузатувчиларга кўра¸ байрам қилишга асослар унча кўп эмас.

Гарчи иккала айирмачи ўлкада мустақиллик байрам қилинаëтган эса-да¸ кузатувчиларга кўра¸ байрам қилишга асослар унча кўп эмас.

2008 йил 26 август куни Россия Грузиянинг исёнкор Абхазия ва Жанубий Осетия ўлкаларини мустақил давлат сифатида тан олган эса-да¸ бу икки ҳудуднинг қонуний мақоми ўз ечимини топмай келмоқда.

Ўтган йил август ойида Россия ва Грузия ўртасида бўлиб ўтган қисқа урушдан кейин Россия Грузиянинг икки исёнкор ўлкаси – Жанубий Осетия ва Абхазияни мустақил давлат сифатида тан олган эди. Ўтган бир йил давомида Никарагуадан бошқа ҳеч бир давлат бу икки ўлка мустақиллигини тан олиб¸ Россияга эргашгани йўқ.

Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигининг бир йиллиги муносабати билан Мўғулистонга сафари чоғида сўзлаган Россия президенти Дмитрий Медведев бир йил олдин қабул қилган қарори тўғри бўлгани ва ундан афсусланмаслигини айтди.

- Жанубий Осетия ва Абхазия халқи ҳимояга муҳтож бўлиб турган шароитда бошқача қарор қабул қилиш имконсиз эди. Мен шундай қарор қабул қилинганига афсусланмайман. Халқаро қонунчилик нуқтаи-назаридан мен буни қонуний, адолатли ва ўта зарур қарор деб биламан, деди Россия президенти.

Қонуний жиҳатдан Абхазия ва Жанубий Осетия Грузия ҳудуди. Амалда эса икки ўлка Тбилиси назоратида эмас. Шу боис икки ўлканинг келажаги мавҳум бўлиб қолмоқда.

Таҳлилчилар¸ жумладан Грузия ҳақида бир нечта китоб ёзган АҚШ нинг Массачусетс штатидаги Mount Holyoke коллежи вакили Стефен Жонсе бу фикрга қўшилади.

- Бу масала Қибрис ва Тайваннинг мақоми ҳал бўлмагунча давом этади. Мен бу ҳудудлар Грузия ихтиёрига осонликча қайтади¸ деб ўйламайман. Улар Грузиядан тобора узоқлашаверади. Мен ўрта ва ҳатто узоқ муддатда шу масалага ечим топилади деб ўйламайман, дейди америкалик мутахассис.

Ўтган йил ва 90-йиллар бошида содир бўлган фуқаролар уруши сабабли Жанубий Осетия ва Абхазия аҳолиси орасида Грузияга қарши кайфият кучайган. Шу боис¸ таҳлилчилар исёнкор ўлкаларнинг Грузия таркибига қайта қўшилиши эҳтимолдан йироқ¸ демоқда.

Бундан ташқари¸ Жанубий Осетия ва Абхазияни мустақил давлат сифатида тан олинишига АҚШ ва Европа Иттифоқи қарши бўлиб келаётгани ҳам яқин фурсатда вазият ўзгармаслигига ишоратдир.

Мутахассислар ҳозирги мавҳум вазият қанча узоқ чўзилса, Москва бу ҳудудлар устидан шунча кўп назорат ўрнатади¸ деган фикрда.

Россия Абхазия ва Жанубий Осетия ҳудудига 7600 нафар ҳарбий жойлаштирилганини расман эълон қилган. Аммо мустақил экспертларга кўра, бу ҳудудларга Россиянинг 10 минг ҳарбийси жойлаштирилган.

Россия Абхазияда ҳарбий база очишни режалаган. Абхазия раҳбари Сергей Багапш республика чегаралари, аэропорти ва темир йўл тизими назоратини ҳам Россияга беришга рози бўлган.

12 август куни Абхазияга сафар қилган Россия Бош вазири Владимир Путин ўз мамлакати Абхазия мудофааси учун маблағ ажратишини айтди.

- Хавфсизлик масаласини ҳал қилиш учун, яъни, ҳарбий базамизни кучайтириш ва Абхазия чегараларини белгилаш учун келаси йилда катта миқдорда маблағ, тахминан 15 миллиард рубл ажратилади, деди Владимир Путин.

Абхазия ва жанубий осетияликларга Россия паспортларини бериш ва пенсияларни тўлаш орқали Москва бу ҳудудларда ўз мавқеини мустаҳкамламоқда.

АҚШ даги Колумбия университетининг халқаро сиёсат бўйича профессори Линколн Митчел фикрича, Россия ғолибдек кўринаётган бўлса ҳам икки исёнкор ўлкани Никарагуадан бошқа давлатлар тан олмагани Москва учун дипломатик мағлубиятдир.

- Биз Россия СССР ни қайта бирлаштираётганидан ташвишда эдик. Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини Россия ҳатто Тожикистон ва Беларусга ҳам тан олдиролмагани, Москва биз ўйлаганча имкониятга эга эмаслигини кўрсатади, дейди америкалик таҳлилчи.

Абхазия расмийлари давлатчилик масаласига жиддий қарашлари ва Россиянинг мустамлакасига айланиш ниятида эмаслигини таъкидлаб келмоқда.

Атрофи қуруқлик билан ўралган Жанубий Осетия раҳбарлари эса Россия ҳудуди бўлган Шимолий Осетия билан бирлашишни ўзига асосий мақсад қилган.
XS
SM
MD
LG