Линклар

Дарë ортидаги умидлар

  • Сарвар Усмон

Советлар замонида Ўзбекистон олийгоҳларида сероб бўлган афғонистонлик талабалар¸ бугунга келиб кўзга кўринмай қолди.

Советлар замонида Ўзбекистон олийгоҳларида сероб бўлган афғонистонлик талабалар¸ бугунга келиб кўзга кўринмай қолди.

Ислом Каримовнинг шахсан ўзи бориб очган Термиз давлат университетининг янги биносида ўқиш орзуси бугун нафақат сурхон ëшлари¸ балки дарëнинг нариги соҳилидаги ўзбеклар дилини ҳам ëрита бошлаган кўринади.

Ўзбекистон президентининг Сурхондарё вилоятига 25 август куни сафар қилгани, Термиз давлат университети янги биносининг очилиш маросимида қатнашгани тўғрисида хабар берар экан, NewsUz.cоm сайти мана гапни ҳам ёзди:

“Манбаларга кўра, эндиликда мазкур билим даргоҳида афғонистонлик талабаларга ҳам кенг ўрин берилиши мумкин”.

Ҳайратон кўпригининг у ёғи – Афғонистонда 3 миллион нафар атрофида ўзбек яшагани учун NewsUz.cоmнинг хабарига битта сўз – “ўзбек” сўзини қўшиб, “эндиликда мазкур билим даргоҳида афғонистонлик ўзбек талабаларга ҳам кенг ўрин берилиши мумкин”, деб ўқигимиз келди.

Шундаймикан?!

Ўзбекистон республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг бир неча бўлимига сим қоқдик. Бирон ходимдан “Ҳа, хабарим бор бу хабардан”, деган гап эшитмадик.

Сўнгра Термиз давлат университети билан боғландик.

Проректор ёрдамчиси Йўлдош Пўлатов ҳам масалага аниқлик киритиб бера олмади.

- Қанақа имкониятлар бўлса энди бўладида. Бинолар ишга тушиб¸ янги раҳбар келди бизга. Янги раҳбарниняг айтиши бўйича¸ чет давлатлар билан алоқаларни ривожлантириш бўйича гап бўлаяпти. Лекин конкрет у мамлакат¸ бу мамлакат тўғрисида эшитмадим¸ дейди Термиз давлат университети проректор ёрдамчиси Йўлдош Пўлатов.

Балки гап нимадалигини Ҳайратон кўпригининг нариги томондагилар, афғонистонлик ўзбеклар билар?

Билмас эканлар.

Бизни изланишга мажбур қилган чала хабарни Фарёб вилоят муаллимлар тайёрлаш муассасаси устоди Тошқин Баҳоий биздан эшитди ва хурсанд бўлди.

Тошқин Баҳоий: Ўзбекистон давлат бошлиғи Ислом Каримов томонидан очилган Термиз университети биноси Ўзбекистон халқи учун нақадар фойдали эканлигидан қатъий назар¸ афғонистонлик талабалар унда дарс ўқиб¸ таълим олиб¸ илм ўрганиб қайтиши¸ албатта Афғонистон халқи¸ айниқса шимолий Афғонистонда яшовчи ўзбек аҳолиси учун яхши келажакдан башорат бўла олади.

Озодлик: Шу кунда Ўзбекистон олий ўқув юртларида афғонистонлик талабалар борми?

Тошқин Баҳоий: Бизнинг эшитишимизча¸ йўқ. Ҳеч қандай университетлар орасида бундай алоқа мавжуд бўлмаган. Авваллари бўлган. Афғонистонда Халқ партияси ҳоким бўлган вақтда бу алоқалар бўлган. У пайтда Ўзбекистон ҳали мустақил эмас эди.

Озодлик: Демак¸ мустақиллик йилларида афғонистонлик ўзбекларнинг Ўзбекистонда ўқигани тўғрисида маълумотга эга эмассиз-а?

Тошқин Баҳоий: Йўқ¸ ўқимаганлар. Ўша ерга бориб муҳожиратда яшайдиганлардан битта-иккитаси мактабда ëки университетда ўқиган бўлмаса¸ давлатлар орасида расмий алоқа йўқ. Яъни расмий тарафдан талабалар жўнатилган эмас.

Озодлик: Шунга эҳтиëж борми йўқми?

Тошқин Баҳоий: Албатта¸ бор. Мана хабарингиз борки¸ бизнинг конституция ëки асосий она ясомизда (қонунимизда демоқчи - таҳр.)ўзбек тили давлатнинг учинчи тили сифатида тан олинган. Шунинг ривожи учун бизнинг илмий мутахассисларга¸ тилшунос¸ адабиëтшунос олимларга заруратимиз бор. Биласизку¸ Афғонистонда бундай шароит йўқ. Хусусан¸ ўзбеклар учун она тили¸ адабиëти¸ тарихини ўрганадиган марказ йўқ. Бу барча афғон халқлари учун¸ хусусан ўзбеклар учун жуда муҳим. Ўзбекистонда ўқиб қайтсалар¸ бу тилнинг расмийлигини қоғоздан амалга оширар эдилар. Бу жуда ҳам зарур. Ҳаëтий масала бу.

Озодлик: СССР таркибидаги Ўзбекистонда афғонистонлик ўзбеклар ўқиган. Мустақил Ўзбекистонда эса ўқимаяпти. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

Тошқин Баҳоий: Ўзбекистон девор ичидаги мамлакат бўлгани учун¸ яъни ташқарига муносабатлар анча заиф. Ҳозир ҳам Афғонистондан борадиган одамлардан қўрқув бор. Афғонистонда фундаментализмнинг¸ исломий гуруҳларнинг нуфузининг олдини олиш ëки бошқа ҳаракатлар учунми алоқа кўрсатмайдилар.

Озодлик: Хабар ҳозирча ноаниқ. Шу хабарнинг рост чиқишига ишонасизми?

- Дуо қиламизки¸ рост бўлсин¸ дейди Фарёб вилоят муаллимлар тайёрлаш муассасаси устоди Тошқин Баҳоий.

Ўзбекистоннинг олий ва ўрта махсус ўқув юртларида нафақат Афғонистон, балки собиқ иттифоқдош қўшни республикаларда яшовчи ўзбеклар ҳам кескин камайиб, деярли йўқ даражага тушиб қолган¸ дейди Тошкентдаги ўқув юртларидан бирининг ўқитувчиси.

- Шахсан мен ўрта махсус таълим ўқитувчиси сифатида Ўзбекистондаги академик лицей ва коллежларда қўшни республикалардан болалар келиб ўқишини ҳеч кузатмаганман.

Озодлик: Олий ўқув юртларида аҳвол қандай?

- Олий ўқув юртларида адашмасам Кореядан¸ Хитойдан талабалар келиб ўқишар эди. Шарқшунослик институтида¸ Ўзбекистон Миллий университети иқтисодиëт факультетида ëки хорижий филология факультетида бор эди. Европадан¸ Осиëдан¸ Яқин Шарқ мамлакатларидан болалар бор эди.

Озодлик: Гап қўшни республикаларда яшайдиган ўзбеклар тўғрисида.

- Ҳа¸ ўзбеклар денгда. Мен ҳеч кузатмаганман¸ дейди Тошкентдаги ўқув юртларидан бирининг ўқитувчиси.

Меъёрий ҳужжатларга кўра қўшни республикаларда яшайдиган ўзбеклар Ўзбекистон ўқув юртларида ўқиши мумкин. Фақат пулга. Яхши пулга.

Масалан, медицина институтининг бакалавриатурасида бир йил ўқиш учун 2500 доллар, магиструтурасида ўқиш учун 3000 доллар тўлаш керак.

Лекин бу масала билан яқиндан шуғулланган кишиларнинг айтишича, баъзи сиёсий сабабларга кўра, қўшни республикларнинг ўзбеги Ўзбекистонда пулга ҳам ўқий олмайди.

Шунинг учун ҳам, қирғизистонлик ўзбекларнинг лидерлари мамлакатдаги 300га яқин ўзбек мактабида ўқитишни рус тилига ўтказиш ҳаракатига тушиб қолган.

Қирғизистонлик ўзбеклар лидерларидан бири Қодиржон Ботиров бу йўналишда Россия ҳукумати билан сўзлашувлар олиб борилаётгани тўғрисида айтар экан, фикрини давом эттириб мана бундай деган эди:

- Ўзи асли шунақа нарса Ўзбекистон билан бўлиши керак эди. Бугунги кунда қирғиз-ўзбек университетининг иккинчи томони Ўзбекистон томони деб айтиладию¸ лекин бир тийин пул берилмайди. Бирор нарса ажратилмайди. Бу ерда ўзбек халқининг бор ëки йўқлиги улар учун иссиқ ҳам эмас¸ совуқ ҳам эмас¸ деган эди Қодиржон Ботиров жорий йил февраль ойида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG