Линклар

Карзай олдинда, рақиблар норози


Афғонистон мустақил сайлов комиссияси тақдим этган сўнгги натижаларга кўра, Ҳамид Карзай сайловда қарийб 45% овоз билан пешқадамлик қилмоқда.

Афғонистон мустақил сайлов комиссияси тақдим этган сўнгги натижаларга кўра, Ҳамид Карзай сайловда қарийб 45% овоз билан пешқадамлик қилмоқда.

Афғонистон мустақил сайлов комиссияси, сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, иқтидордаги президент Ҳамид Карзай асосий рақибидан ўзиб кетаётганини маълум қилди.

Айни пайтда 20 август сайловида овозлар Карзай фойдасига қалбакилаштирилганига оид масала Афғонистондаги сиёсий баҳсларнинг асосий мавзуси бўлиб қолмоқда.

Чоршанба куни тушдан кейин сайлов комиссияси расмийлари эълон қилган сўнгги маълумотларга мувофиқ Ҳамид Карзай ўтган ҳафта сайловларида унга асосий рақиб бўлган Абдуллоҳ Абдуллоҳдан бир мунча олдинда кетмоқда.

Сайловда берилган овозларнинг санаб бўлинган 17 фоиз овозларга оид натижалар унинг 10 фоизлик фарқ билан етакчилик қилаётгани ва унинг ғалаба қилиши учун керак бўлган 50 фоизлик марра томон силжиётганини кўрсатмоқда.

Янги рақамларга кўра, Карзай 43-45 фоиз овозни қўлга киритган, Абдуллоҳ эса 34-35 фоиз овозга эгалик қилмоқда.

Мустақил сайлов комиссияси бир кун аввал эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, Карзай ва Абдуллоҳ олган овозлар ўртасида деярли фарқ йўқ эди, яъни биринчиси 40 фоиз, кейингиси эса 39 фоиз билан бирин-кетин кетаётган эди.

Бироқ натижалар эълон қилинишда давом этаркан, Абдуллоҳ сайлов натижалари қалбакилаштирилганига оид кўплаб шикоятлар мавжудлиги ва улар юзасидан қарор чиқарилмагани боис овоз бериш якунлари хусусида хулоса қилишга ҳали эрта эканидан баҳс этмоқда.

- Биз сайловга оид шикоятларни кўриб чиқадиган комиссияга топширганимиз барча аризалар, иддаолар ва шикоятлар кўриб чиқилмагунча натижалар ҳақиқий ҳисобланмайди, деди доктор Абдуллоҳ.

У илгари сурган иддаолар бошқа номзодлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Улардан олти нафари сайлов куни кўплаб овозлар Карзай фойдасига қалбакилаштирилгани ҳақида шикоят қилиб бўлди.

Сайловга оид шикоятлар комиссиясига натижалар қалбакилаштирилганидан арз қилинган 750 дан ортиқ шикоят келиб тушган ва улардан камида 70 таси жиддий қонунбузарликларга тааллуқли, деб кўрилмоқда.

Афғонистондаги сайловлар ғарблик кузатувчилар томонидан ижобий баҳоланган бўлса-да, юзага келган вазият унинг эркин ва адолатли ўтганини шубҳа остига қўйимоқда.

Democracy International ташкилотининг таҳлилчиси Марвин Вайнбаум 20 август сайловини кузатган халқаро кузатувчилардан бири.

- Нима бўлганда ҳам, бу каби сайловнинг натижаси субъектив бўлиб чиқаверади. Чунки Афғонистонда ўтадиган сайловда овозларнинг муайян қисми қалбакилаштирилиши аввалдан ҳаммага маълум эди. Бунинг олдини олишнинг имкони йўқ. Кўндаланг бўлиб турган асосий масала “қалбакилаштирув кўлами сайлов натижаларининг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаслигига олиб келадими-йўқми?” деган саволдан иборат эди, дейди халқаро кузатувчи.

Сайловнинг якуний натижаси 17 сентябр куни эълон қилиниши керак. Агар номзодлардан бирортаси 50 фоиздан кўпроқ овоз ололмаса, энг юқори натижага эришган икки номзод иккинчи босқичда беллашиши керак бўлади.

“Агар сайловнинг иккинчи босқичини ўтказишга тўғри келса, бу Афғонистондаги барқарорликка путур етказадими?” деган саволга кузатувчилар турлича жавоб бермоқда.
Баъзи таҳлилчилар бу ҳолат мамлакатдаги ихтилофни кучайтириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Democracy International таҳлилчиси Вайнбаум, агар яна сайлов ўтказиладиган бўлса, уни кузатишда халқаро ҳамжамият фаолроқ бўлиши лозимлигини айтмоқда. Чунки, таҳлилчига фикрича, 20 август сайловини деярли тўлиғича афғонистонликларнинг ўзлари ташкил қилди.

Афғонистон расмийлари эса қонунбузарликлар умумий натижаларга таъсир этмаслигини таъминлаш учун барча чоралар кўрилганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG