Линклар

Эроннинг Олий руҳоний етакчиси июн ойида президент сайловидан кейин юзага келган мухолифат норозиликлари ортида хорижий давлатлар турганига ишора қилувчи далилларни кўрмаганини баён қилди.

Олий руҳоний Оятуллоҳ Али Ҳоманайининг давлат телевидениесида ўқиб эшиттирилган баёноти Эрон расмийларининг шу пайтгача илгари суриб келган айбловларга зиддир.

Теҳрон етакчилари мухолифат норозиликларига Эронда ҳокимият тўнтаришини мақсад қилган хорижий давлатлар, хусусан, Қўшма Штатлар ва Британия хомийлик қилганини айтаётган эди. АҚШ ва Британия бу айбловларни рад этган.

Оятуллоҳ Али Ҳоманайининг баёноти Теҳронда мухолифат норозилиги иштирокчилари устидан суд маҳкамалари давом этаётган пайтда эълон қилинди.

Айни пайтда эронлик Нобел мукофоти лауреати Ширин Ибодий июн ойида президент сайловидан кейин чиққан тартибсизликларга алоқадорликда айбланаётган юзга яқин одам устидан давом этаётган суд маҳкамасини қоралади.

Озодлик радиосига берган эксклюзив интервьюсида у суд жараёнини “жодугарлик” ва “адолатга тақлид”, дея атади.

Мухолифат тарафдорлари 12 июндаги президент сайловида президент Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг қайта сайланганига қарши норозилик намойишларини ўтказган эди.
XS
SM
MD
LG