Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:07

Йирик наркотик партияси қўлга олинди


Қирғизистонда бир кун ичида умумий қиймати 7 миллион долларга тенг бўлган наркотик модда мусодара қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон Наркотикларни назорат қилиш агентлиги вакиллари маълум қилдилар.

Қирғизистон Наркотикларни назорат қилиш агентлиги қиймати 7 миллион долларга тенг бўлган 204 килограмм афюн моддасини халқаро наркогуруҳни қўлга олиш жараёнида мусодара қилган.

Агентлик расмийси Қумарбек Чалданбаевнинг айтишича, амалиёт пайтида халқаро наркогуруҳнинг 4 аъзоси, жумладан, гуруҳ раҳбари қўлга олинган. Гуруҳнинг бошқа аъзоларига нисбатан эса қидирув эълон қилинган.

- Қиймати 7 миллион долларга тенг бўлган наркотик моддаси мусодара қилинган жойни ҳозирча айта олмаймиз. Бунинг сабаби айни пайтда гуруҳнинг қолган аъзоларини қидириб топиш давом этмоқда ва жиноят юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда, деди Қумарбек Чалданбаев.

Қайд этиш лозимки, Марказий Осиё минтақасида сўнгги йиллар ичида биринчи марта бунча катта миқдордаги афюн моддаси қўлга олинмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, Қирғизистонга четдан кириб келган наркотик моддаларнинг фақат 10 фоизигина қўлга олинади. Банг моддаларининг 90 фоизи эса назорат қилиниши ниҳоятда қийин бўлган наркотрафик орқали Россия ва Европа давлатларига чиқиб кетади.

Шунингдек, айрим таҳлилчилар ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан мусодара қилинган наркотикларнинг бир қисми мамлакат ички бозорига чиқиб кетаётгани ҳам кузатилганини айтадилар.

- Ўз ҳукуматимиз ва ҳуқуқ-тартибот тузилмаларимиздаги айрим ходимларнинг наркотузилмага аралашиб қолаётгани афсусланарли ҳолдир. Бунинг натижасида мусодара этилган наркотик моддалар ички бозорга чиқиб кетаяпти. Буни ички бозорда наркотик моддаларининг кўпайиб бораётганидан ҳам тахмин қилса бўлади, дейди мутсақил кузатувчи Кенжебек Дуйшебаев.

Наркотикларни назорат қилиш агентлиги расмийси Қумарбек Чалданбаев мустақил таҳлилчи фикрларини рад қилмайди. Унинг айтишича, мусодара қилинган наркотик моддалари суд ҳукми билангина йўқ қилинади. Суд ҳукми эса бир йилдан сўнг ҳам чиқиши мумкин. Мана шундай вазиятда мусодара қилинган наркотикларнинг ички бозорга чиқиб кетиш хавфи пайдо бўлади.

- Шунинг учун ҳам биз ҳозир парламентга янги қонун лойиҳасини тақдим қилдик. Бу лойиҳада мусодара қилинган наркотик моддадан керакли намуна олиб, қолган қисмини ўша заҳотиёқ йўқ қилиб юбориш ҳақида гап боради. Бу ҳолатда наркотик моддаларни гувоҳлар иштирокида керакли ҳужжатлар тузиб, зудлик билан ёқиб юбориш керак бўлади, деди Қумарбек Чалданбаев.

Қирғизистон Наркотикларни назорат қилиш агентлиги маълумотига ишонилса, жорий йилнинг етти ойи давомида наркогуруҳларга қарши кураш ўтган йилга нисбатан икки баробар самаралироқ бўлган.

Наркотикларни назорат қилиш агентлиги расмийси Қумарбек Чалданбаевнинг айтишича, 2008 йилда Қирғизистонда икки тонна банг моддаси мусодара қилинган бўлса, жорий йилнинг етти ойида бу кўрсаткич уч тоннага етган.
XS
SM
MD
LG