Линклар

logo-print

Эрон: маҳбусларни зўрлаш кўпаймоқда


Эрон парламентининг собиқ раиси Меҳди Каррубий мамлакат қамоқларидаги зўрлаш ҳақда бонг ураëтган энг нуфузли сиëсий арбобга айланди.

Эрон парламентининг собиқ раиси Меҳди Каррубий мамлакат қамоқларидаги зўрлаш ҳақда бонг ураëтган энг нуфузли сиëсий арбобга айланди.

Эрон парламенти собиқ раиси Меҳди Каррубий президентлик сайловидан кейинги норозилик намойишлари чоғида қўлга олинган йигитнинг қамоқхонада зўрлангани ҳикоясини ўз веб сайтида чоп этди.

Эрон қамоқхоналарида маҳбусларни сўроқ қилиш ёхуд жазолаш чоғида зўрлаш орқали уларни таҳқирлашга оид айбловлар биринчи бор янграëтгани йўқ.

Бироқ бу даражадаги нуфузли сиёсий арбоб томонидан бундай ҳолнинг тилга олиниши ва тергов ўтказилишинининг талаб қилиниши Эронда илк бор содир бўлмоқда.

Парламент собиқ спикери Меҳди Каррубий 12 июн кунги президентлик сайловида амалдаги президент Аҳмадийнажодга асосий рақиблардан бири бўлган ва сайловни бой берган эди.

У шу ой аввалида собиқ президент Ҳошимий Рафсанжонийга йўллаган хатида сайловдан сўнгги норозилик намойиши чоғида қўлга олинган кўплаб намойишчилар, шу жумладан, аёллар ва болаларга нисбатан ҳам зўравонликлар содир этилганини тилга олди.

Бу ҳолат юзасидан Рафсанжонийни тергов ўтказишга чақирар экан, Меҳди Каррубий, бу ишга олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Ҳоманайини жалб этишни сўрайди.

Каррубийнинг бу баёнотини танқид қилиб, уни “амалдаги режимга туҳмат қилганлик” да айблаганлар ҳам бўлди. Аммо бу айбловларга жавобан Каррубий ўз сайтида ёш маҳбуснинг зўрланишига оид қўшимча тафсилотларни тўлиқ чоп этди. Ҳикояда ёш маҳбус қай тариқа ўласи қилиб калтаклангани ва зўрлангани майда тафсилотларигача тасвирланган.

Айни пайтда Каррубий сайловдан кейинги намойишларда ҳисбга олиниб, қамоқхонада зўрланганини айтган яна тўрт шахс ҳақида парламент махсус қўмитасига маълумот тақдим қилди ва тергов ўтказилишини сўради.

Парламент қўмитасининг ўзи номини ошкор қилишни истамаган вакили эса мустақил веб-нашрлардан бирига берган интервьюсида айрим маҳбуслар ҳақиқатда ҳам полиция дубинкаси ва шиша идишлар билан зўрлангани бор гаплигини тан олди.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси директори ўринбосари Абдул Карим Лаҳиджий Меҳди Каррубийнинг бу ҳаракати жуда аҳамиятлидир, деган фикрда.

- Биз БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига тақдим қилинадиган йиллик ҳисоботимизда Эрон қамоқхоналаридаги зўрлашлар ҳақида ўз хавотирларимизни билдирганмиз. Эндиликда Эрон Ислом жумҳуриятида яхши танилган, икки бор парламент раиси ва президентликка номзод бўлган сиёсий арбоб нафақат бу муаммони тилга олмоқда, балки бир неча жабрдийдалар шахсини аниқлаб, улар ҳимояси таъминланишини парламентдан талаб ҳам қилмоқда. Агар улар ҳимоя билан таъминланса, шундагина текширувлар натижа бериши мумкин, дейди Париждаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

Қарийб 30 йилдан буён Эронда инсон ҳуқуқлари аҳволини кузатиб келаётган бу ҳуқуқ ҳимоячиси сўнгги бир йил ичида қамоқхоналарда зўрланган сиёсий маҳбуслар ҳақида кўплаб маълумотлар олганини алоҳида таъкидлайди.

- Афсуски, 80-йилларга қадар биз Эрон қамоқхоналарида сўроқ қилинаётган пайтида зўрланган аёллар ва қизлар ҳақида хабарлар олар эдик. 10 йил муқаддам намойиш қилган талабалар зўрланганига оид ҳолатларни ўрганган эдим. Европага келган шундай талабалардан бири бир неча ёш йигитнинг қамоқхонада зўрланганига шахсан гувоҳ бўлган эди, дейди Абдул Карим Лаҳиджий.

Тўққиз йиллик маҳбусликдаги хотираларини чоп этган собиқ сиёсий маҳбус Монироҳ Барадаран эса зўрланганидан сўнг руҳий хаста бўлиб қолган маҳбус қиз билан учрашганини айтади:

- Ўша вақтда бу қиз 16 яшар жуда гўзал қиз бўлган. У гапирмас, доим сукут сақлар эди. Бироқ мен унга яқин одамлар, хусусан, у каби қамоқда сақланаётган опасидан унинг зўрланганини эшитган эдим. Кейинчалик у қиз тамомила ҳушидан айрилди, дейди эронлик собиқ сиёсий маҳбус Монироҳ Барадаран.

Барадаранга кўра, Эрон қамоқхоналарида зўрлаш маҳбуснинг руҳини синдириш йўлида қўлланадиган эски қийноқ усулидир.

Ана шундай зўравонликка учраган бошқа сиёсий маҳбус Азар Али Ханаан орадан 20 йил ўтган бўлса ҳам¸ бу хўрликни унута олмай азобланади.

- У менинг душманим эди ва шу душманим менга қарши шу ишни қилди. Душманим менга дахл қилди, мени зўрлади, мени калтаклади. Гарчи оғриқлар ўтиб кетган бўлса-да, зўрланишдан тортилган хўрлик... Буни эслаш мен учун худди кўз ўнгида ягона фарзанди ўлаётган аёл хўрлигидек азоб беради, дейди Эрон қамоқхонасида зўрланиш орқали қийноққа солинган собиқ сиёсий маҳбус Азар Али Ханаан.
XS
SM
MD
LG