Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:17

Пекин раҳбари уйғурларга мужда йўллади


Июл ойидаги тартибсизликлардан сўнг Урумчига киритилган Хитой ҳарбийларининг ҳозирча минтақа кўчаларини тарк этиш чоғи йўқдек кўринади.
Июл ойидаги тартибсизликлардан сўнг Урумчига киритилган Хитой ҳарбийларининг ҳозирча минтақа кўчаларини тарк этиш чоғи йўқдек кўринади.

25 август куни Урумчига борган Хитой президенти уйғур айирмачиларини мустақиллик орзусидан воз кечишга мажбурлашга қаратилган баëнотлар қилди¸ айни пайтда уйғурларнинг ҳам давлат ҳимоясида эканидан гапирди.

Сешанба куни Хитой президенти Ху Цзинтао 5 июл куни зўравонликлар юз берган Шинжон уйғур мухторияти пойтахти Урумчи шаҳрига борди. Ху маҳаллий ҳукумат расмийлари ва хавфсизлик кучларини асосий эътиборни барқарорликни сақлаш масаласига қаратишга чақирди.

Айни пайтда Хитой коммунистлари раҳбари уйғур “сепаратчи”ларининг барча уринишлари “муваффақиятсизликка учраши” ҳақида огоҳлантирди. Хитой раҳбари “сепаратчилар” деб атаётган кучлар эса ўзларини уйғурлар мустақиллиги учун курашчилар, деб атайди.

Хитой матбуоти Ху Цзинтао Шинжон уйғур мухторияти маркази Урумчи шаҳрига минтақадаги барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида сафар қилгани тўғрисида ёзмоқда. Давлат телеканаллари¸ Цзинтаонинг шу ниятда Урумчидаги уйғурлар билан учрашиб¸ улар ҳолидан хабар олгани ва улар ҳақ-ҳуқуқлари ҳам бирдек ҳурматланишига оид баëнотлари қилганини тинимсиз намойиш этмоқда.

Дунё уйғур қурултойи раҳбари Робия Қодир эса¸ Хунинг Урумчига сафари ортида ғаразли мақсадлар ётибди¸ деган ишончда.

- Биринчидан¸ у ердаги хитойларнинг руҳини кўтариб¸ уларга катта ëрдам кўрсатиб¸ кўчман хитойларнинг у ерни ташлаб чиқиб кетмасликлари учун уларни хотиржам қилиш.

Иккинчи мақсад¸ “Бернтуан” деган бизларни бостирган Хитойнинг аскарларини тақдирлаш ва уларга ëрдам бериш.

Учинчидан¸ Шарқий Туркистон масаласининг энг муҳим масала эканлигини айтиб¸ бу борада қаттиқ туришни ва бостиришни янада кучайтиришни мақсад қилган¸ дейди Робия Қодир Озодлик билан суҳбатда.

5 июл куни Шинжон пойтахти Урумчида уйғурлар ва этник ханлар ўртасида рўй берган зўравонликлар оқибатида, расмий маълумотга кўра, 197 киши ўлдирилган, 1600 дан ортиқ одам жароҳатланган.

Робия Қодир эса гувоҳларга асосланиб, қонли воқеалар пайтида 1000 дан ортиқ уйғур ўлдирилгани, минглаб уйғур яраланганини айтган.

Зўравонликлардан кейин Хитой ҳукумати фақат Урумчи шаҳрининг ўзига 25 мингдан ортиқ қўшин киритди ва зўравонликларга алоқадорлик айби билан 10000 дан ортиқ уйғурни ҳибсга олди. Робия Қодир қамоққа олинган уйғурлардан 196 нафари қамоқда очлик ва қийноқдан ўлганини айтмоқда.

Франс пресс ахборот агентлиги хабарига кўра, Шинжон ҳукумати матбуот котиби Хоу Ханмин хоним “The Global Times”га берган интервьюсида Дунё уйғур қурултойи раҳбарининг бу маълумотини инкор қилган.

- У инкор қиладида. Намойиш жараëнида 197 одам ўлди¸ деган гапни улар инкор қилганди. Гуандунгда 50 - 60 нафарга яқин одам ўлса¸ икки одам ўлди¸ деб уни инкор қилган. Албатта¸ инкор қилади. Ҳозир турманинг ичида ўлаётган одамлар сони ундан ҳам кўп. Буни ҳам инкор қилади у хоним.

Бундан уч-тўрт кун олдин булар нима деди? Бизнинг яъни уйғурларнинг 200 дан ортиқ одамини суд қиламиз¸ деди. Суднинг одамлари буни бутун дунëга эълон қилиб қўйди. Эълон қилгандан кейин “200 нафардан ортиқ одам эмас” деб айтган гапини қайтиб олди. Буни уларнинг ўзларининг мухбири эълон қилган¸ дунëдаги 100 дан ортиқ ахборот агентликларига тарқатган¸ буни ўзининг Синхуа агентлиги ҳатто Би-Би-Си орқали тарқатилган нарсани орадан икки кун ўтгандан кейин “Бу ëлғон. Биз бундай демадик” деб ўзлари айтган сўзни ўзлари рад қилди. Албатта¸ менинг гапимни ҳам инкор қилади. Биз бу маълумотларни қочиб чиққан одамлардан олганмиз. Соқчилар турманинг ичида ўлганларнинг исмини айтмади. Биз шунга асосан айтдик, дейди Дунё уйғур қурултойи раҳбари Робия Қодир.

Робия Қодирнинг Озодликка айтишича, Хитой хавфсизлик кучлари 5 июл кунги қонли воқеалар пайтида яраланган уйғурларни касалхоналардан мажбуран ҳарбий госпиталларга олиб кетилмоқда.

- Ҳатто ярадор бўлиб касалхонада ëтган бизнинг уйғурларни қора кийимдаги соқчилар келиб¸ машинага юклаб ҳарбий госпиталларга олиб кетган. Уларни у ëқда нима қилишади? У ëқда уларни махфий тарзда ўлдиришади ëки ички аъзоларини сотади. Нима учун бизнинг ярадорларни касалхонада даволамай¸ ҳарбий госпиталга олиб кетади? Бутун Шарқий Туркистоннинг Оқсу¸ Шингхо¸ Шоë¸ Хўтан¸ Қашқар¸ Ғулжа¸ Олтой¸ Кўрла¸ Қориша – бутун ҳамма ернинг турмалари тўлиб одам сиғмай, турманинг ичидагилар очликдан ўлаяпти. Бу бир турмадан олинган хабар. Қолган турмаларда қанча минг қондошларимиз қирғин қилинаëтганини биз билмаймиз. Бундай гапларни биз Шарқий Туркистондан қочиб чиққан 20-30 нафар одамлардан эшитдик. Уларнинг ҳаммаси бир хил гапни айтаяпти, деди Дунё уйғур қурултойи раҳбари Робия Қодир.

Айни пайтда Шинжон Уйғур мухториятидаги шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари Хитой хавфсизлик кучларининг қаттиқ назорати остида қолмоқда.
XS
SM
MD
LG