Линклар

logo-print

Расмуссен Анқарада ифторлик қилади


НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен бугун Туркияга сафар қилади.

Жорий ой бошида НАТО Бош котиби лавозимига киришган Расмуссен Туркия президенти Абдуллоҳ Гул ва Бош вазир Ражаб Тоййип Эрдўғон билан учрашади.

Туркия раҳбарияти 2005 йилда Дания матбуотида Муҳаммад алайҳиссаломни ҳажв қилувчи суратлар чоп этилишини ҳимоя қилгани учун Андерс Фог Расмуссеннинг НАТО Бош котиби этиб тайинланишига мутлоқ қарши чиққан эди.

Анқара сафари арафасида Туркиянинг “Milliyet” нашрига интервью берган Расмуссен Туркиянинг Афғонистондаги ўз миссияси мандатини узайтириши, жумладан, у ерга қўшимча ҳарбий юборишига умид қилаётганини билдирди.

Маълум бўлишича, ҳозирда Афғонистонда туркиялик 700га яқин аскар хизмат қилмоқда.

НАТО Бош котиби, шунингдек, Туркияни ўз қўшниси Греция билан алоқаларни яхшилашга чақирди.

Бугун Туркия раҳбарияти билан ўтказилган сўзлашувлардан сўнг НАТО Бош котибининг мамлакат расмийлари билан ифторлик қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG