Линклар

Исмоилийлар ибодатхонага эга бўлади

  • Гулнора Равшан

Францияда яшовчи шаҳзода Оғахон жаҳон исмоилийларининг ҳам руҳоний етакчиси¸ ҳам молиявий ҳомийси ҳисобланади.

Францияда яшовчи шаҳзода Оғахон жаҳон исмоилийларининг ҳам руҳоний етакчиси¸ ҳам молиявий ҳомийси ҳисобланади.

Тожикистонда Марказий Осиёда ягона ҳисобланмиш Исмоилия маркази қурилиши жадаллашди ва исмоилийлар ибодатхонасининг йил охиригача ишга туширилиши кутилмоқда.

Душанбе шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида қад ростлаётган замонавий бино - Исмоилия маркази пойдеворининг илк ғиштини Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Исмоилия оқими пешвоси шаҳзода Оғахон 2003 йили қўйган эди.

Марказий Осиёда ягоналиги айтилаётган ва тахминан 25 минг квадрат метрни ўз ичига олган биноси ичкарисига кириш ва уни тасвирга олиш юзасидан уринишларимиз натижасиз якунланди.

Аммо уни яқиндан кўрган гувоҳларнинг айтишларича, Самарқанддаги тарихий обидаларга жуда ўхшаш қурилган бу бинонинг пишиқ ғиштдан тикланган деворларига “Оллоҳ” ва “Муҳаммад” сўзлари битилган нақшлар туширилган экан.

Оғахон тараққиёт жамғармаси бу марказ қурилиши лойиҳаси ва уни сармоялашни тўла ўз зиммасига олган.

Тожикистон Фанлар Академияси археология бўлими масъулларидан бири Маҳрам Анварзоднинг билдиришича, шиа мазҳабининг Исмоилия оқими вакиллари ибодатхонасига айланадиган бу марказнинг ўз қавмига турли хизматлар ҳам таклиф қилади.

- Тожикистон қонунларига мувофиқ, ҳар бир фуқаро ўз диний маросимларини алоҳида ёки жамоат билан бирга ўтказишга ҳақлидир. Бунинг учун махсус жойлар ажратилиб, диний ташкилотлар томонидан ибодатхоналар қурилиб, давлат қайдидан ўтади. Бу марказ ҳам қонунларимизга мувофиқ қурилган хос диний марказ саналади. Шунингдек, бошқа фаолият турлари ҳам мавжуд. Масалан, бу ерда ҳуқуқий таълим бўлимлари ҳамда электрон кутубхона фаолият кўрсатади, деди Анварзод.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон аҳолисининг 97 фоизи мусулмон бўлиб, шундан бир фоизини шиа мазҳабининг Исмоилия оқими вакиллари ташкил қилади.

Анварзоднинг билдиришича, Исмоилия вакиллари жамоат намозларини адо этишлари учун ҳозирга қадар махсус бинога эга эмас¸ зотан Тожикистоннинг “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни бунга ижозат бермаган.

- Эски қонунда исмоилийларнинг ибодатхона ташкил қилишлари учун рухсат йўқ эди. Шунинг учун улар жамоат намозларини хусусий биноларда ўқишга мажбур эдилар. Мана энди янги қабул қилинган қонун бўйича исмоилийлар нафақат Душанбе шаҳри, балки Бадахшон ва Хўжандда ҳам ўз ибодатхонаси ёки диний марказини ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлдилар, дейди Маҳрам Анварзод.

Тожикистонлик диний мураббия Жаҳонгул Ортихолова шиа мазҳабининг Исмоилия оқими вакилларининг урф-одатлари, диний маросимлари сунний мазҳаби вакиллариникидан тубдан фарқ қилишини айтади. Масалан, Жаҳонгулга кўра, мусулмонлар учун муқаддас саналган Қуръон китоби исмоилийлар учун рамзий саналади, бу оқим вакиллари аксарияти ҳанафий бўлган тожикистонликлардан фарқли равишда беш вақт ўрнига уч вақт намоз ўқишади.

- Шиалардан қиз олмаймиз, ўғил ҳам уйлантирмаймиз. Чунки улар хатна тўй қилмайди. Кейин намоз ўқишимиз ҳам фарқ қилади. Улар суннат ўқимайди, фақат фарз ўқишади, холос. Таҳоратни ҳам кам қилади. Шу нуқтаи назардан муаммо ва қарама-қаршиликларга дуч келмаслик мақсадида қуда-анда тутинмаймиз, дейди Жаҳонгул.

Шунингдек, суҳбатдошимизга кўра, тожик жамиятида шу кунга қадар исмоилийларнинг ҳанафий мазҳабига эътиқод қилувчи оилалар билан қуда-анда тутингани кузатилмаган.

Тожикистон Фанлар Академияси масъули Анварзод булар ақидавий тафовутлар эканини таъкидлар экан, ҳанафийлар ва исмоилийлар орасидаги ягона фарқ исмоилийларнинг Имоми Замон ёки Ҳозир Имомига итоат қилиши эканини айтади. Ҳозирда Францияда яшаётган шаҳзода Оғахон европаликлар учун бир мултимиллионер саналса-да, Тожикистондаги исмоилийлар учун руҳоний етакчи бўлиб ҳисобланади ва айнан шу киши ўз кўрсатмалари билан исмоилийлар ҳаётига янгилик кирита билади. У тожикистонлик муридларига турли молиявий кўмаклар кўрсатиб келади.

Тожикистонда 200 мингдан зиёд исмоилий яшайди. Гарчи сунний мазҳаби вакиллари билан рўза тутиш, намоз ўқиш, закот бериш масалаларида баҳслар давом этаётган эса-да, улар орасида ҳозиргача маиший низолар қайд қилинмаган.

Аммо Тожикистон Ислом уйғониш партиясидан олинган маълумотларга кўра, улар 2000 йилга қадар мазкур партия аъзолигига қабул қилинмаган.

Партия масъули Жалолиддин Маҳмуднинг билдиришича, гарчи исмоилийлар урф-одатлари ва диний маросимларию динга эътиқодлари партиянинг асосий қисмини ташкил этган ҳанафийлардан фарқ қилса-да, аммо улардан 2000 нафари мазкур партия аъзолигига қабул қилинган.
XS
SM
MD
LG