Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:41

Қирғоғини тополмаëтган кема


Таҳлилчилар фикрича¸ Ўзбекистон ташқи сиëсати маëғи гоҳ ўнгга¸ гоҳ сўлга оғиб келмоқда.
Таҳлилчилар фикрича¸ Ўзбекистон ташқи сиëсати маëғи гоҳ ўнгга¸ гоҳ сўлга оғиб келмоқда.

Мустақилликнинг 18 йили давомида Ўзбекистон ҳукумати олиб борган ташқи сиëсатни шарҳлаëтган айрим мустақил кузатувчилар¸ уни образли қилиб¸ ана шундай тасвирлашмоқда.

Мустақиллик қўлга киритилгандан бери расмий Тошкентнинг ташқи сиёсати жуда ўзгарувчан бўлиб келди.

1991 йилда Ўзбекистон мустақил давлат ўлароқ халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектига айланар экан¸ расмий Тошкент дастлаб қардош Туркия билан яқинлашишга жиддий уринди. Тараққиётнинг “Турк модели”ни Ўзбекистон устувор йўналиш қилиб белгилади. Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган Туркия ҳам Марказий Осиёнинг энг йирик давлати билан қардошлик алоқаларини тиклашдан умидвор эди.

Ўша йилларда Туркия Ташқи ишлар вазирининг бош маслаҳатчиси лавозимида ишлаган Меҳмет Сарай раҳматли президент Турғут Ўзол билан Тошкентга илк сафар қилганида¸ ўзбек расмийлари тарафидан илиқ кутиб олинганини хотирлайди.

- Бордик, учоқдан тушишимиз билан Ислом Карим жаноблари бизни саройининг олдида қаршилар экан “Туркиядан келган қардошларим”, “менинг жон қардошларим” деган сўзлар уни оғзидан тушмасди, дея эслайди профессор Меҳмет Сарай.

Аммо, бундай илиқлик узоққа бормади. Икки давлат муносабатлари ўзбек мухолифати сабаб ёмонлаша бошлади. Туркия тарафи ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳга бошпана берганидан дарғазаб бўлган Каримов Анқарадаги элчисини чақиртириб олди. Туркияга ўқишга таклиф этилган ўзбекистонлик талабаларини қайтаришга киришди.

- Икки қардош ўлка қилиши керак бўлмаган хатоларни қилди. Балки биздан ҳам хато ўтгандир¸ билмадим. Лекин бугунги ҳақиқат шуки, Туркистоннинг энг буюк давлати бўлмиш Ўзбекистон билан Туркиянинг муносабатлари орзу қиладиган даражада яхши эмас, дейди Меҳмет Сарай.

Ўзбекистонлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида муносабатлар совушига фақат ўзбек мухолифати сабабчи бўлмаган.

Йўлдошев Туркия Ўзбекистонга сармояларни киритар экан¸ Ўзбекистонга бир қатор талаблар, жумладан турк ишбилармонлари фаолияти учун бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, коррупцияга қарши курашиш каби талабларни қўйганини эслайди.

- Каримовга бунақа талаблар ëқмади. Шу сабабли у Туркиядан секин юзини ўгира бошлади. У пайтларда Россия билан алоқаси анча совуқ эди. Шу боис у араб мамлакатлари билан алоқаларни кенгайтиришга ҳаракат қилди. Маълум бир пайтларгача шу ниятига етди ҳам. Араб мамлакатларидан ишбилармонлар келди¸ инвестициялар ëтқизилди¸ коллежлар очилди¸ уларнинг ҳисобидан масжидлар қурилди¸ бизнинг кўпгина тадбиркорларимиз¸ фуқароларимиз араб мамлакатларига борадиган бўлишди. Мажбуриятларни бажаришга келган пайтда эса араб мамлакатларининг талабларини бажара олмади. Араблар Ўзбекистонда турклар каби корхоналар очган эди. Аммо конвертация масаласи орқага сурилди. Минглаб араб тадбирколари¸ турк тадбиркорлари халқаро судларга мурожаат қилиб ҳам ўзларининг Ўзбекистонда қолган мол-мулкларини қайтаришга эриша олишмади¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Ўзбекистон Россия ва бошқа давлатлар билан ҳам ўзгарувчан сиёсат олиб борди. Ўтган 18 йил давомида Ўзбекистоннинг МДҲ ҳудудидаги тузилмалардаги позицияси доим ўзгариб турди.

- Россия томони ҳам Туркия ва араб мамлакатлари сингари Ўзбекистон ўз бўйнига олган мажбуриятларини бажарсин¸ деган пайтда яна алоқалар бузила бошлади¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

2001 йилги Америкадаги террор ҳужумлари ортидан Ўзбекистон АҚШ нинг террорчиликка қарши урушда иттифоқчисига айланди. Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик кучая борди.

- Америка Ўзбекистонга терроризмга¸ экстремизмга қарши кураш олиб бориш маъносида каттагина пулларни ëтқизди. Кўпгина талабаларимиз Ғарбда ўқийдиган бўлди¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Ўзбекистон ташқи сиёсати 2005 йилги Андижон қирғинидан кейин кескин бурилишга юз тутди. АҚШ, Европа Иттифоқи Андижон хунрезлиги бўйича халқаро текширув ўтказиш талабларини илгари суриши ортидан Ўзбекистон собиқ иттифоқчиси АҚШ билан Қарши - Хонобод ҳарбий базасига доир шартномани бекор қилди.

Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қурол-яроғ савдосини тўхтатиш билан бирга расмий Тошкентнинг қатор юқори лавозимли мулозимларини иттифоққа киритмаслик учун виза таъқиқини жорий этди. Тошкент ва Москва ўртасидаги муносабатлар эса¸ аксинча¸ Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери мисли кўрилмаган даражада илиқлашди.

- Ғарб мамлакатлари¸ хусусан АҚШ Ўзбекистонда демократияни ривожлантириш¸ инсон ҳуқуқларини таъминлаш¸ матбуот эркинлиги – хуллас шунга ўхшаган талабларни қўявергандан кейин бу Каримовга малол кела бошлади. 2005 йил 13 майда Андижондаги тинч аҳоли¸ аëллар ва болалар Каримов буйруғи билан отиб ташлангандан кейин Америка ва Ғарб мамлакатлари билан алоқалар ниҳоятда ëмонлашиб кетди. Ўша пайтда Россия президенти Путин “Каримов Андижонда террорчиларни отиб ташлади” деб уни қўллаб-қувватлади. Шундан кейин яна Россия билан алоқалар ривожлана бошлади¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Шу пайтгача ташқи сиёсатдаги устивор йўналишларини бир неча бор ўзгартирган Ўзбекистон яна Ғарб томон юз бурмоқда¸ деб давом эттиради Тошкент ташқи сиëсати зигзаги тасвирини Лондондаги Халқаро муносабатлар бўйича қироллик институти эксперти Юрий Фëдеров.

- Ўзбекистон ҳақиқатан ўзгарувчан сиёсат олиб борди. Ўзбекистон тутган стратегия минтақадаги асосий ташқи ўйинчилар ҳисобланган Россия, Хитой ва АҚШ ўртасида манёвр олиб боришга асосланиб келмоқда. Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ҳарбий машқларда қатнашмаслигини айтиб, яна Москвадан узоқлашувини намоён этмоқда, дейди Юрий Федеров.

Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистон сўнгги 18 йил давомида олиб борган ташқи сиёсат ҳақида гапирар экан бу мамлакатни денгиз қирғоғини топа олмаётган кемага қиёслайди.

- Ўзбекистон мана шу 18 йил давомида у ëқдан бу ëққа чайқалиб юрадиган ташқи сиëсатни олиб борди. Ислом Каримов бошқараëтган кеманинг қирғоғи йўқ. Қаëққа бошқаришни “бугун чапга¸ эртага ўнгга” деб фақатгина унинг ўзи айтиши мумкин. Каримов Ўзбекистоннинг 18 йилдан бери дайдидай у ëққа¸ бу ëққа айлантириб юрибди¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Лондондаги Халқаро муносабатлар бўйича қироллик институти эксперти Юрий Фëдеров фикрича, Тошкент ҳукумати ўзининг доимий ўзгарувчан сиёсати боис бугун халқаро майдонда ишончли ҳамкор эмас¸ деган ном қозонди.

- Россия ҳақида гапирсак, Тошкентнинг ўзгариб турувчи ташқи сиёсатидан Москва доим норози бўлиб келган. Шу боисдан Ўзбекистон Кремл учун ҳам ишончли ҳамкор эмас. Москва раҳбарияти Каримовга катта шубҳа билан ҳам қарашади, улар Каримовнинг хоҳлаган пайтда ташқи сиёсати йўналишини ўзгартириб юборишини билишади.

Ғарб давлатларига келсак, бу ерда Каримовга муносабат бошқачароқ. Европа давлатларини ҳам¸ АҚШ ни ҳам ўйлантирадиган масала Ўзбекистоннинг ички сиёсати, инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш ва Андижон воқеаларининг тафтиш қилиниши, Ўзбекистон раҳбарини ислоҳотларга қандай қилиб кўндириш масаласидир. Бу борада мулоқот қилиш керакми ёки Ўзбекистон ҳукуматига кучли босим ўтказиш керак деган масала ҳозир Ғарбни кўпроқ ўйлантиради, дейди Лондондаги Халқаро муносабатлар бўйича қироллик институти эксперти Юрий Фëдоров.

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатия университети профессори Раҳмон Фармонов эса Ўзбекистон ўтган 18 йил давомида ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қудратли давлатлар билан муносабатлар ўрнатишга уриниб келганини таъкидлайди.

- Ўзбекистон ўтган 18 йил давомида ўз ташқи сиëсатида ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда бошқа катта давлатлар таъсирига тушиб қолмасликка¸ мустақил сиëсат юритишга муваффақ бўлди. Энди Америка бўладими¸ Россия бўладими¸ бизга қўшни Хитой бўладими манфаатлар тўқнашуви бўлади. Ўзбекистон бу манфаат бозор манфаати бўлишига¸ товарлар ишлаб чиқариш манфаатлари бўлишига¸ ҳарбийлашув¸ милитаризация бўлмаслигига¸ имкон борича ҳарбий базалар бўлмаслигига интилиб бораяпти¸ дейди профессор Раҳмон Фармонов.
XS
SM
MD
LG