Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:52

Саддам режими душманига видо айтилди


27 август куни Теҳронда Эрон расмийлари ва ироқлик сиёсий арбоблар Ироқнинг энг йирик шиалар партияси – Ироқ Олий исломий кенгашига етакчилик қилган Абдулазиз ал-Ҳаким билан видолашдилар.
27 август куни Теҳронда Эрон расмийлари ва ироқлик сиёсий арбоблар Ироқнинг энг йирик шиалар партияси – Ироқ Олий исломий кенгашига етакчилик қилган Абдулазиз ал-Ҳаким билан видолашдилар.

Ироқдаги энг нуфузли шиа гуруҳларидан бири Ироқ Олий исломий кенгаши етакчиси Абдулазиз ал-Ҳакимнинг вафоти мамлакат сиёсати истиқболларига оид саволларни келтириб чиқармоқда.

27 август куни Ироқнинг Теҳрондаги элчихонасига чоршанба куни саратон касалидан вафот этган Ироқдаги шиалар етакчиси Абдулазиз ал-Ҳаким билан видолашгани Эрон ва Ироқ расмийлари тўпланди.

Жума куни унинг маййити шиалар учун муқаддас ҳисобланмиш ва ал-Ҳакимнинг ватани бўлган Нажаф шаҳрига қўйиш учун олиб борилади.

Ироқ вице-президенти ва Ироқ Олий исломий кенгаши аъзоси Абул Абдул Маҳдий фикрича, Ал-Ҳаким собиқ диктатор Саддам Ҳусайннинг ҳокимиятдан ағдарилишида муҳим рол ўйнаган.

- Марҳум шиа руҳонийси Муҳсин ал-Ҳакимнинг ўғли ва янги Ироқнинг нуфузли арбобларидан бири бўлган Абдулазиз ал-Ҳакимнинг вафоти муносабати билан бутун Ироқ халқи ва Ислом дунёсига ўз таъзиямни изҳор қиламан. Ал-Ҳаким Саддам режимининг қулашида муҳим рол ўйнаган эди. Унинг кетиши, шубҳасиз, мамлакат сиёсий майдонида бўшлиқ яратди, дейди Маҳдий.

Аксар таҳлилчилар парламент сайловларига беш ой қолганида шиаларнинг нуфузли вакили сиёсий майдондан кетгани Ироқдаги шиа кучлари ичида ҳокимият учун курашнинг авж олишини башорат қилмоқда.

Бу кураш нима билан якунланиши, кузатувчиларга кўра, кўп жиҳатдан “ал-Ҳакимнинг ўғли Умар ал-Ҳаким отасидан кейин Ироқ Олий исломий кенгаши ичида бўлиниш рўй беришининг олдини оладими ёки мамлакатнинг иқтидордаги шиа кучларига янги етакчилар келадими?” деган савол билан боғлиқдир.

Ироқ Олий исломий кенгашининг яна бир вакили Ҳамад ал-Турайфий ал-Ҳакимнинг ўлими Ироқдаги сиёсий вазиятга салбий таъсир кўрсатишини айтади.

- Унинг вафоти сиёсий вазиятга таъсир этишини ҳамма билмоғи зарур. У Ироқ сиёсий майдонида нуфузли шахс бўлгани боис унинг кетиши сиёсий жараёнларга салбий таъсир этишига шубҳа қилмайман. Лекин мен Оллоҳдан бизга нажот бершини сўрайман, дейди ал-Турайфий.

Саддам Ҳусайн режимининг ашаддий мухолифларидан бири бўлган ал-Ҳаким 20 йил давомида Эронда қувғинда яшаган.

Ўша йиллари унинг акаси Муҳаммад Бақир ал-Ҳаким Ироқда Исломий инқилоб бўйича олий кенгашга асос солган, кейинчалик бу гуруҳ Ироқ Олий исломий кенгашига айланган.

Ака-ука ал-Ҳакимлар Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилгач, Ироққа қайтади. 2003 йилнинг августида Нажафдаги Имом Али масжиди олдида рўй берган бомба портлашида Муҳаммад Бақир ал-Ҳаким ҳалок бўлади.

Шундан кейин олий кенгаш раҳбарлигига Абдулазиз келади. Лекин 2007 йилда унга ўпка саратони ташхиси қўйилади ва Абдулазиз ал-Ҳаким даволаниш учун Теҳронга кетади.

У даволанаётган пайтда 38 яшар ўғли Умар ал-Ҳаким унинг вориси сифатида тайёрланиб келди ва де-факто Ироқ Олий исломий кенгашининг етакчисига айланди.

Ироқ Олий исломий кенгаши баъзи сунний гуруҳлар билан алоқа ўрнатган ва сайловлардан олдин ўз позицияларини мустаҳкамлаб бормоқда.

Кейинги пайтларда шиа етакчилари орасида ихтилоф пайдо бўлгани ҳам бунга ҳисса қўшмоқда. Ал-Ҳаким вафотидан икки кун аввал олий кенгаш шиа руҳонийси Муқтадо ас-Садр етакчилигидаги ҳаракат билан январ ойидаги парламент сайловларида биргаликда қатнашиш мақсадида янги сиёсий уюшмага бирлашди.

Ироқ миллий уюшмаси номини олган янги ҳаракатга бош вазир Нурий ал-Маликий бошчилигидаги “Даъва” партияси киритилмади.

АҚШдаги Сиракуз университетининг сиёсий шарҳловчиси Меҳрзод Боружердийга кўра, Умар ал-Ҳаким уюшма ичида бўлиниш рўй бермаслиги учун қаттиқ курашишига тўғри келади.

Таҳлилчилар, шунингдек, Ироқ Олий исломий кенгаши ичидаги жиддий ихтилоф аломатлари Ироқдаги шиалар орасида янги кучларнинг юзага келиши ва оқибатда ҳам Қўшма Штатлар, ҳам Эрон теократларининг Ироққа оид сиёсатини қайта кўриб чиқишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG