Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:41

Ўзбек элчиси муаммоларни рад этди


Ўзбек элчихонаси ташкил этган кўргазмада икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатлар алвон рангларда кўрсатилган.
Ўзбек элчихонаси ташкил этган кўргазмада икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатлар алвон рангларда кўрсатилган.

Ўзбекистон мустақиллик куни муносабати билан Душанбеда махсус кўргазма ташкил қилган мамлакат элчиси¸ Тошкент ва Душанбе ўртасида на иқтисодий ва на сиëсий муаммо борлигини инкор қилди.

Тожикистон миллий кутубхонасида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган кўргазмада ўзбекларнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётидан ҳикоя қилувчи китоблар, журнал ва газеталар ҳамда ўзбек қўшиқчилари пластинкалари намойиш этилди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон элчиси Шоислом Шоқосимов ўз мамлакатининг Тожикистон билан ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий муносабатларида ҳеч қандай муаммо йўқлиги ва икки давлат алоқалари кундан-кунга яхшиланаётганини таъкидлади.

- Ҳозир ҳар томонлама ривожланиш бор. Мана, ўғит, газ, электр энергияси, мебел каби кўплаб маҳсулотлар Тожикистонга Ўзбекистондан келаяпти. Биз ҳам керакли молларни Тожикистондан олиб турибмиз, ўтган йилларга нисбатан кўпроқ. Иқтисодда, менимча, ҳозирча ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Ҳажм бўйича Ўзбекистон биринчилар қатори Тожикистоннинг ҳамкори. Сиёсатда эса¸ умуман бизларда ҳеч қандай муаммо йўқ. Маданий ҳамкорликларимиз ҳам ривожланаяпти. Бу соҳада кўп ишлар қилинаяпти. Лекин ҳали бундан ҳам кўп ишларни қилишимиз керак, деди ўзбек дипломати.

Айни пайтда тожик дипломатлари Ўзбекистон элчисининг гапларини тўла маъқуллайди, деб бўлмайди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назриев Тожикистоннинг Ўзбекистон билан муносабатларида муаммолар борлигини яширмади.

- Ўзбекистон яқин қўшниларимиздан бўлгани учун¸ албатта¸ орамизда айрим муаммолар бор. Масалан, бизларга тарихдан мерос қолган чегара масаласини биз охиригача олиб боришимиз зарур. Биз истасак- истамасак, бу масала атрофида баҳслар, турли гап-сўзлар бўлиб туради. Яна бошқа масала - бу виза масаласи. Гарчи дунёдаги бошқа мамлакатлар билан ҳам виза тартиби жорий қилинган эса-да, аммо бу борада бирор киши гапирмайди. Лекин Ўзбекистон билан мавжуд виза тартиби масаласи атрофида кўп гаплар бўлиб туради. Бугун ўтказилганидек маданий тадбирларни тез-тез ташкил қилиш ортидан алоқаларимиз ҳар томонлама яхшиланишига умид қиламиз, деди Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Тожикистонлик таҳлилчилар ўзбек-тожик муносабатига турлича баҳо беришади.

Мустақил таҳлилчи Ҳикматулло Сайфуллозода Ўзбекистон ва Тожикистон расмийларининг бир-бирига нисбатан юритаётган сиёсатини ижобий баҳолай олмаслигини айтади.

- Икки халқнинг бир-бирига муносабатида ҳеч қандай муаммо йўқ. Муаммо фақат сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий масалаларда сира келиша олмаётган икки давлат режимидадир, дейди Сайфуллозода.

Таҳлилчи ўтган 18 йил бадалида яхши томонга ўзгармаган ўзбек-тожик муносабатлари яқин келажакда яхшиланишига ишонмаслигини қўшимча қилади.

Бироқ бошқа бир таҳлилчи Иброҳим Усмон Ўзбекистон энг оғир кунда, яъни фуқаролар уруши чоғида ҳам Тожикистон билан бирга бўлганини унутмасликка чақиради.

- Ҳар иккала томон ҳам муносабатларни яхшилашга уринишмоқда. Бу борада амалга оширилган ва оширилаётган ишларни унутмаслик лозим. Ана шу уринишлар натижасида ўтган 10 йил мобайнида Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегараларининг катта қисми аниқлаштирилди ва у ҳар иккала давлат парламентлари томонидан ратификация қилинди.

Бошқа томондан, Ўзбекистон ва Тожикистон маданий алоқалари сўнгги йилларда яхшиланмоқда. Бунга ўзбекистонлик санъаткорларнинг Душанбега ёки аксинча тожик қўшиқчиларининг Тошкентга гастрол сафарлари мисол бўла олади. Мана, ўзбек ёзувчилари ва шоирларининг китоблари бизда, бизнинг ёзувчи ва шоирларимизнинг китоблари эса Ўзбекистон нашриётларида дунё юзини кўрмоқда. Мен бу алоқаларимизнинг янада ривожланишига шубҳасиз ишонаман, дейди Иброҳим Усмон.
XS
SM
MD
LG