Линклар

Байрам олдидан чегаралар ëпилди


Чегара расмийларининг билдиришича, 10 сентябргача ўзбек-қирғиз чегараси Ўзбекистонга ўтмоқчи бўлган қирғизистонликлар ва Қирғизистонга ўтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар учун тақа-тақ ёпилган.

Чегара расмийларининг билдиришича, 10 сентябргача ўзбек-қирғиз чегараси Ўзбекистонга ўтмоқчи бўлган қирғизистонликлар ва Қирғизистонга ўтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар учун тақа-тақ ёпилган.

Мустақиллик куни ва Тошкентнинг 2200 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Тожикистон ва Қирғизистон билан бўлган чегараларини бир томонлама ёпди. Бу ўзбек расмийлари томонидан хавфсизлик чораси ўлароқ изоҳланмоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Жўўдар Исақуловнинг Озодликка маълум қилишича, 27 август куни Ўзбекистон томони ўзбек-қирғиз чегарасини бир томонлама ёпган.

- Давлат чегарасининг ёпилишини Ўзбекистон томони Мустақиллик куни ва Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги байрам тадбирларини амалга ошириш истаги билан изоҳлади. Айни пайтда Ўзбекистон ҳудудида бўлган қирғизистонликлар республикамизга тўсиқларсиз кириб келиши ва аксинча, Қирғизистон ҳудудида юрган ўзбекистонликлар Ўзбекистон республикаси ҳудудига бемалол ўтиши мумкин. Учинчи давлат фуқароларига келсак, уларнинг Ўзбекистонга кириши ёки чиқиши “Маданият” (Жалолобод вилоятидаги назорат-ўтказиш пункти – таҳр.) ва “Дўстлик” (Ўш шаҳри яқинидаги назорат-ўтказиш пункти – таҳр.) пунктлари орқали амалга оширилади, деди Жўўдар Исақулов.

Қирғизистон чегара хизмати расмийсининг таъкидлашича, бу тартиб 10 сентябргача амалда бўлади. Айни пайтда Жўўдар Исақулов Қирғизистон томонидан чегара ёпилмаганини, фақат бу вақт мобайнида қирғиз чегарачилари кучайтирилган тартибда ишлашини қайд этди.

Ўзбекистоннинг Тожикистон билан ҳам чегараларини бир томонлама ёпгани ҳақидаги маълумотни Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасида ишловчи манба тасдиқлади.

“Ўзбекистон безгак касаллиги карантини муносабати билан Тожикистон билан давлат чегарасини ёпди” қабилида айрим нашрларда пайдо бўлган хабарларни ўзбек дипломати мутлақо инкор қилди. Исми ошкор қилинишини истамаган элчихона ходимига кўра, ўзбек-тожик чегарасининг вақтинча ёпилиши яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами ва Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейи тантаналарида максимал даражада хавфсизликни таъминлаш истаги билан изоҳланади.

Маълум бўлишича, муваққат чеклов даврида Ўзбекистонга Тожикистондан фақат россиялик ва ўзбекистонликлар, Тожикистонга эса фақат россиялик ва тожикистонликлар ўтказилади. Айни пайтда таъзия ва бошқа узрли сабаблар билан айрим кишиларга истисно тариқасида қўшни мамлакатга ўтишига рухсат берилиши мумкин.

Мазкур чеклов ҳатто Тожикистонга виза олган ўзбекистонлик ва Ўзбекистонга виза олган тожикистонликларга ҳам дахлдордир.

Эслатиб ўтамиз, 2000 йилдан Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида виза тартиби жорий қилинган.

Маълумотларга кўра, ўзбек-қозоқ чегараси ҳозирча аввалги тартибда ишлаяпти. Кузатувчилар буни ўзбек расмийларининг “нисбатан барқарор Қозоғистон”дан чўчимаслиги билан изоҳламоқдалар.
XS
SM
MD
LG