Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:54

Бозорда нима гап?


Бозорларда мева-чеванинг арзонлагани ëзги пишиқчилик¸ қолаверса, аҳоли харид қувватининг заифлиги билан изоҳланмоқда.
Бозорларда мева-чеванинг арзонлагани ëзги пишиқчилик¸ қолаверса, аҳоли харид қувватининг заифлиги билан изоҳланмоқда.

Ўзбекистон бозорларида шу кунларда мева ва сабзавот маҳсулотлари нархларининг бир мунча арзонлагани кузатилади. Озодлик суҳбатдошлари фикрича, бунга бир неча сабабни келтириш мумкин.

Одатда, Ўзбекистон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаларининг ташкил қилинишини аҳоли хурсандлик билан қарши олади. Ҳар ҳолда¸ ярмаркадаги нарх бозордан бир-икки сўм арзон бўлади.

"Шу кунларда айни ярмаркалардан бири пойтахтдаги Миробод тумани деҳқон бозорида ташкил қилинган"¸ дейди Озодлик билан суҳбатда бозор мутасаддиларидан бири.

Озодлик: Деҳқон бозорларида ярмаркалар бўлаяптими?

- Бўлаяпти.

Озодлик: Кимлар маҳсулотларини олиб келишган? Нималар олиб келишган?

- Тошкент вилоятидан олиб келишган. Келинг ¸ кўрасиз.

Озодлик: Ярмаркадаги нархлар билан бозор нархлари орасида фарқ борми?

- Жуда катта фарқ бор.

Озодлик: Мисол келтира оласизми?

- Роса арзон. Ҳозир мен сизнинг саволингизга жавоб бера олмайман, дейди бозор маъмурияти ходими.

Тошкентлик чакана савдогар Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, қишлоқ хўжалик ярмаркалари бу йил Тошкентнинг ҳамма бозорида ҳам ташкил қилингани йўқ.

- Бу йил, масалан¸ Чорсуда бу ярмаркалар кузатилмади. Ўзбекистонда Совет иттифоқидан қолган анъана бор эди. Бу йил, мустақилликнинг 18 йилида ана шу анъана бузилиб¸ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаси ўтказилмади. Нима сабабдан эканлигини мен билмадим. Ҳозир мен Чорсу бозорида турибман. Картошка ва пиëз олдим. Шу кунгача менинг ярмаркага кўзим тушгани йўқ, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Қолаверса, тадбиркорнинг фикрича, айни пайтда бундай ярмаркаларни ташкил этишга эҳтиёж ҳам йўқ, чунки бозорлар мева-чева ва сабзавот билан тўлиб тошган.

- Бозорлар шундоқ ҳам картошка ва пиëзга тўлиб кетган. Ўзбекистон деҳқонлари меҳнаткаш, иқлими яхши, ерлари серҳосил. Шунинг учун Ўзбекистон бозорларида қишлоқ хўжалик ярмаркаларисиз ҳам маҳсулот тўлиб тошиб кетган. Айниқса, картошка, пиëз, шафтоли, мева-чевалар ниҳоятда кўп. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган мева ва сабзавотлар, полиз экинларининг бир фоизи бизнинг аҳолимизга етади. Қолган фоизини биз фақат чет элга чиқаришимиз керак. Мана шундай ҳолатда турибмиз.

Чегараларнинг ëпиқлиги масаласи бу маҳсулотларни етиштирган деҳқонларнинг манфаатдорлигини камайтираяпти. Деҳқон йил давомида тўкилган пешона терини болалари билан ейиш учун маҳсулотни¸ албатта¸ четга чиқариши керак. Четга чиқармас экан, қишлоқ хўжалиги кейинги йилга ривожланмай қолади, дейди Шаҳонгир Шосалимов.

Иккинчидан, Жаҳонгир Шосалимовга кўра, аҳолининг қўлида пул жуда кам, одамлар ойлик маошларини ололмаяпти. Бу эса, ўз навбатида, бозорлардаги нарх-навонинг пасайишига олиб келмоқда.

- Ўзбекистон ҳукуматининг олиб бораëтган сиëсати шундай бўлаяптики, деярли икки-уч ойдан бери одамларга ойлик берилмаяпти. Менинг ўйлашимча, бунинг сабаби бюджетга тушумнинг тушиб кетганлиги, пенсия жамғармасига тушумларнинг камайиб кетганлиги. Шу туфайли асосан ўқитувчиларга, пенсинерларга пул берилмади. Ҳукумат бу одамларнинг пулини атайлаб нарх-наво ошиб кетмаслиги, шунингдек, корхоналарнинг қандайдир айбини ëпиш учун пластик карточкага ўтказаяпти. Шунинг учун нарх-наво ошмади. Шу билан бирга одамларнинг қўлларида нақд пул йўқ. Одамлар ўзларига керак бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва ҳоказоларни олиш учун пул маблағи йўқ. Талаб бўлмагани учун нарх-наво ошмади, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

"Хўш, бугун бозорда нима арзон?" деб сўраймиз Жаҳонгир акадан.

- Бу йил энг арзон бўлган нарса шафтоли. Шафтоли ҳақиқатан жуда ҳам кўп экилган экан. 1000 сўмдан 1500 сўмгача жуда ҳам чиройли шафтолилар бор. Бошида қовун-тарвузлар сал қимматроқ бўлди. Ҳозир 1000 сўмга яхши қовун, яхши тарвуз олса бўлади. Узумлар ҳам олдингига нисбатан арзонроқ. Пиëзни мана ҳозир 500 сўмдан олдим. Картошка 500 сўм. Гўштлар ҳам олдингига нисбатан арзонроқ¸ дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Тошкентлик суҳбатдошимиз Ўзбекистон чегараларини ёпгани учун ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мамлакат эҳтиёжидан анча ортиб қолаётгани ва бу деҳқонлар учун катта зарар бўлаётгани ҳақида гапирди.

Кузатувчиларга кўра¸ мустақиллик байрами арафасида қўшни давлатлар билан чегараларнинг ўн кунлаб ёпиб қўйилиши Ўзбекистон учун ҳам, унинг қўшнилари учун ҳам фақат иқтисодий зарар олиб келмоқда. Масалан¸ бекободлик Аҳмад аканинг айтишича, Тожикистон билан чегаранинг бир кунга ёпиб қўйилиши ҳам, бозорлардаги нарх-навога жиддий таъсир кўрсатади:

- Сабзавот¸ картошка-пиëз маҳсулотлари асосан ўша тарафдан келади. Агар бир кун йўлда нимадир бўлиб қолса ҳам дарров таъсир қилади. Нарх кўтарилиб кетади. Энди ўзимизда чиқадиганлари ҳам бор¸ лекин у ëқдан келмай қолса¸ дарров нарх кўтарилиб¸ бозор ўйнаб қолади¸ дейди Тошкент вилоятининг Бекобод туманида истиқомат қилаётган Аҳмад ака.
XS
SM
MD
LG