Линклар

Аҳмадийнажод ўч олмоқчи


Жума маърузасида Аҳмадийнажод¸ ўз мухолифларини кескин номлар билан аташга ўтди.

Жума маърузасида Аҳмадийнажод¸ ўз мухолифларини кескин номлар билан аташга ўтди.

Эронда президентлик сайловидан сўнг юзага чиққан оммавий норозиликларга тўхталган президент Маҳмуд Аҳмадийнажод¸ намойиш иштирокчиларини авф этиб¸ унинг ташкилотчиларини жазолашга чақирди.

Мамлакат адлия ҳокимияти расмийларига мурожаат қилган Аҳмадийнажод¸ “дўст ниқобини кийиб¸ ноинсоний ҳаракатлари билан Эрон халқи ва исломий тузумга зиëн еткизганлар”ни қаттиқ жазога тортишни сўради.

Намойишлар чоғида қўлга олинган оддий эронликлар исломий шавқат асосида афв этилиши лозимлигини урғулаган Эрон президенти¸ айни пайтда бу намойишларни уюштирганларни жазолаш лозимлигидан сўз очди.

Аҳмадийнажоднинг қасос ҳиссига йўғрилган бу чиқиши ўн минглаб эронлик қатнашган Жума намози чоғида янгради.

Бу баëнот¸ Эрондаги ашаддий диндорларнинг ислоҳотчи сиëсатчи¸ президент сайловида расман Аҳмадийнажодга ютқизган Мир Ҳусайн Мусавийни қамоққа олиш ҳақдаги талабларига ҳамоҳанг янгради.

Жорий ой бошида қудратли Исломий гвардия қўмондонларидан бири Ядуллоҳ Жаваний Мусавий¸ шунингдек яна бир ислоҳотчи номзод Меҳди Каррубий¸ қолаверса собиқ президент Муҳаммад Ҳотамийларни оммавий тартибсизликларни уюштирганлик айби билан маҳкамага тортиш лозимлиги ҳақда баëнот берди.

Жаваний¸ бу учала ислоҳотчини Эронда рангли инқилоб ясашга уринганликда айблади ва унинг бундай чақириғига парламентдаги қатор ашаддий консерваторлар ҳам қўшилди.

Каррубий сайлов кампаниясида фаол қатнашган журналист Саид Разавий Фагиҳ¸ мазкур чақириқларга қарамай¸ ҳукумат бундай қадам оқибатларидан чўчигани боис¸ мухолифат етакчиларига қарши бирор ҳаракатга қўл урмаëтганини айтади.

- Агар исломий тузум тепасида ўтирганлар ўз ҳаракатлари мамлакатдаги шундоқ ҳам қалтис вазиятни янада қалтислаштирмаслигига ишонганида эди¸ улар бир зум ҳам кутмай Мусавийни ҳам¸ собиқ президентлар Рафсанжоний ва Ҳотамий ëхуд Каррубийни ҳам аллақачон қамоққа олган бўлишларига шубҳам йўқ. Исломий жумҳурият етакчиларини бундай ҳаракатдан ўзларининг ижтимоий ҳаракат қаршисидаги заифликларини англашгина ушлаб турибди¸ деган эди Озодлик билан яқиндаги суҳбатда Фагиҳ.

Айни кунларда Эронда сайловлардан сўнг юзага чиққан норозилик намойишлари чоғида қўлга олинган юздан ошиқ шахс устидан маҳкама жараëнлари бормоқда.

Бу жараëнларда Мусавий¸ Каррубий ва Ҳотамий каби ислоҳотчилар шаънига ëғилаëтган айбловлар қати ҳам кун сайин семириб бормоқда.

Куни-кеча бундай кампанияга муносабат билдирган собиқ президент Ҳотамий¸ бундай нафрат кампаниясидан¸биринчи галда¸ исломий тузум тепасида ўтирганларнинг ўзига зиëн етишидан огоҳлантирди.

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори¸ эронлик ҳуқуқ фаоли Ширин Ибодий эса¸ Эрон адлия тизимидаги бундай томоша судлардан фақат бир мақсад кўзланаëтганини таъкидлайди.

- Бу маҳкама жараëнларидан кўзланаëтган асосий мақсад 12 июн кунги президентлик сайловларига қонуний мақом беришдир. Жорий президент¸ 22 миллион овоз билан ҳомиятга келган собиқ президент Ҳотамийда-да кўпроқ овоз олди¸ бор гап шу. Аммо шундай оддий бир мужда учун бунақа томоша уюштирилганидан ниҳоятда афсусдаман¸ дейди Ибодий хоним.

Президент Аҳмадийнажоднинг бундай томошага яна бир парда бўлиб қўшилган жума кунги баëнотидан сўнг Эрон адлия тузуми мухолифат етакчиларига қарши қўл кўтаришга борадими-йўқ¸ буниси ҳозирча қоронғулигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG