Линклар

Яна бир амнистия бошланди


Ҳар йил мустақиллик муносабати билан эълон қилинадиган амнистия билан ўн мингга яқин маҳбус ўзбек қамоғини тарк этади.

Ҳар йил мустақиллик муносабати билан эълон қилинадиган амнистия билан ўн мингга яқин маҳбус ўзбек қамоғини тарк этади.

Ўзбекистон мустақиллигининг 18 йиллиги муносабати билан Олий Мажлис Сенати амнистия тўғрисида қарор қабул қилди. Кузатувчилар эса¸ амнистияга тушадиганлар рўйхатининг бу қарордан анча аввал савдолашилганидан баҳс этмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати амнистияни мамлакат суд-ҳуқуқ тизимининг инсонпарварлигига далил сифатида талқин этади.

Айрим маҳаллий таҳлилчилар эса айни инсонпарварлик орқасида аниқ мақсадлар кўзланган катта ўйинлар бораётганини таъкидлайдилар.

Сиёсий таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев фикрича, амнистия маълум доирадаги шахслар учун моддий манфаатдорлик манбаига айланган.

- Бу амнистия орқасида каттагина манфаатлар бор. Амнистияга тушганларнинг тахминан 90 фоизи керакли товонни¸ порани тўлаб чиқишади. Буларнинг кўпчилиги ҳуқуқ-тартибот органларида ишлаганлар¸ божхона¸ солиқ системасида¸ давлат аппаратида ишлаганлар бўлади. Булар тепадан айтилган порани берса¸ амнистияга туширилиб¸ чиқадиган бўлади. Амнистия ҳар йили катта фойда эвазига амалга ошириладиган ўйинлардан бири, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Ўзбекистондаги Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов ҳам амнистия жараёни аллақочон коррупциялашиб улгурган¸ деган фикрда.

- Амнистия чиқарилганда¸ катта ҳуқуқ колония бошлиғига берилган. Кўп маҳбуслар колония бошлиғининг тавсиясига қараб озодликка чиқади. Колония бошлиғи Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғига бўйсунади. Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи эса ҳукуматга бўйсунади. Тавсияга қўл қўйиш колония бошлиғининг қўлида бўлгандан кейин¸ бу ëғини тушуниб олсангиз бўлади. Албатта¸ пул олади. Маҳбуснинг қариндошлари бориб гаплашса¸ иш осонроқ битади. Бунақа ҳодисалар битта-иккита бўлмаган. Роса кўп бўлган. Бу Ўзбекистонда анчадан бери қўлланиладиган усул. Бизларнинг тузумда коррупция¸ албатта¸ қўлланиладиган нарса, дейди Искандар Худойберганов.

Ўзбекистондаги “Ҳозиржавоб гуруҳ” етакчиси Суҳроб Исмоилов эса амнистия жараёни билан боғлиқ бошқа бир яна ҳолатни тилга олади.

Ҳуқуқ фаолига кўра, айрим маҳбуслар озодликка чиққанларидан кейин ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилиш шарти билан ҳам амнистияга тушишлари мумкин.

- Айнан амнистиядан олдин маҳбусларга “Агар сизларни амнистияга туширсак¸ сизлар озод бўлиб чиққанларингиздан кейин бирга юрган¸ турган касбдошларингни¸ масжидга борадиган маҳалладошларингнинг сирини бизга келиб айтасан” деб¸ ëзма равишда таклифлар қилинади. Бизга мурожаат қилаëтган оилаларнинг қамоқдаги фарзандларига айнан амнистиядан олдин мана шундай таклифлар бўлаëтган экан. Баъзи пайтларда ўша маҳбусни таклифга кўндириш осонроқ бўлиши учун қамоқхоналарга уларнинг ота-оналарини¸ опа-сингилларини чақиришаяпти. Маҳбуснинг ота-оналари ëки опа-сингиллари иштирокида бу таклиф қилинаяпти ва видеога ëзиб олинаяпти. Диний эътиқод туфайли қамалганлар ҳатто мана шунақа шарт билан камдан-кам амнистияга тушади, дейди Суҳроб Исмоилов.

Амнистия билан боғлиқ жараёнда яна бир ҳолат - диний ва сиёсий мотивлар билан қамалган маҳбусларни амнистия четлаб ўтиши маҳаллий ва ҳалқаро жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлиб келаяпти.

Ўзбекистонлик мухолифат фаоли Дилором Исҳоқовага кўра, сиёсий маҳбуслар билан боғлиқ амнистия масалалари бошида шахсан Ислом Каримовнинг ўзи турибди.

- Ҳақиқий жиноятчилар амнистияга тушади¸ жиноят қилмаган бегуноҳлар эса яна ичкарида қолаверади. Сиëсий маҳбусларга ва эътиқоди учун ўтирганларга амнистия қўлланилмайди. Чунки уларнинг ҳаммаси Ислом Каримовнинг шахсий буйруғи билан чиқади.

У кишининг буйруғи бўлмагунча, бирор сиëсий маҳбус озод қилинмайди¸ эътиқоди учун ўтирганларнинг бирортасига енгиллик берилмайди. Чунки президентимиз уларнинг ҳаммасидан жуда қўрқади.

Ислом аканинг назарида сиëсий маҳбуслар чиқса¸ ҳозироқ ҳамма ëқда ағдар-тўнтар бўлиб, у кишини курсисидан олиб ташлашади¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Ўзбекистон Бош прокуратураси мулозими Музаффар Мирсолиҳов ўтган йили Ўзбекистон телеканали орқали чиқиш қилиб амнистия пайтида қонунбузарликларга йўл қўймаслик ҳақида гапирган эди.

“Қонунбузарликларнинг олдини олиш, уларга йўл қўймаслик масалаларини ҳал қилиш учун тегишли идоралар ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар тузилади. Улар ўша жойларда амнистия тўғрисидаги қарорнинг маҳкумларга монеликсиз аниқ ва бир хилда қўлланишини таъминлаш, бу жараëнда қонунбузарликлар олдини олиш масаласида масъул ҳисобланади”, деган эди Музаффар Мирсолиҳов.

Тошпўлат Йўлдошев амнистиядан кўзланган сиёсий мақсадларга тўхталар экан, Ўзбекистон ҳукумати бу борада ҳам фойда қилаётганини айтади.

- Бу ерда маълум даражада сиëсий фойда ундириш ҳам бор. Баъзи пайтда халқаро ташкилотлар “Мана Ўзбекистонда амнистия амалга ошди. Гуноҳсиз қамалганлардан¸ ҳуқуқ ҳимоячиларидан¸ журналистлардан битта-яримтаси чиқиб қолар” деб умид қилиб¸ маълум даражада ўзларининг муносабатларини яхшилашга ҳаракат қилишади. Баъзи пайтда гуманитар ëрдам беришга ҳам бел боғлашади. Хуллас¸ бунинг сиëсий томонлари ҳам бор, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Аксар кузатувчилар фикрича, расмий Тошкент сиёсий маҳбусларни Ғарб билан “савдолашиш” учун гаров сифатида қамоқда сақлайди.

2007 йилги амнистия натижасида ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Умида Ниёзова билан ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроевнинг ўғли Ихтиёрнинг озодликка чиқарилганини Ўзбекистон ва Ғарб давлатлари ўртасидаги муносабатларни яхшилашга қаратилган мулоқотларнинг натижаси ўлароқ баҳолаган эдилар.

2008 йилги амнистия туфайли эса “Эзгулик” жамиятининг Жиззах вилоят¸ Зарбдор туман бўлими раиси Мамаражаб Назаров ва шу ташкилотнинг Андижон вилоят¸ Марҳамат туман бўлими раиси Дилмурод Муҳиддиновлар қамоқдан озод этилди.

Айрим маълумотларга кўра, ўтган йили Ўзбекистонда 10 мингга яқин маҳбус афв этилган, амнистиядан кейин мамлакат қамоқхоналарида яна тахминан 38 минг маҳбус қолган.
XS
SM
MD
LG