Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:37

"Кулиб чиқсанг уйингдан..."


Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ëқубовнинг бу қўшиғи ўтган асрнинг 80- йиллари бошида тўйларни қиздирган ва ҳаммани рақсга тушишга чорлаган қўшиқ эди.

Ўзбекистон ойнаи жаҳонида бу қўшиқ ижро қилинганида раққоса Дилафрўз Жабборова рақсга тушар эди.

Совет кишиларига хос бўлмаган башанг костюм кийган Ғуломжон Ëқубов ним табассум билан “Кулиб чиқсанг уйингдан” деган жумладан кейин енгил пауза берар ва бу пауза баробарида йирик планда раққоса Дилафрўзнинг жон олғувчи шаҳло кўзлари кўринар ва бу ғамзали боқишлардан томошабинларнинг юраги ҳапқириб кетарди.

Дўппи устидан дурра ўраган Дилафрўзга тақлид қилиб рақсга тушган мактаб қизчалари сон мингларча эди.

Бу қўшиқ айтилган пайтда туғилган болалар 30 ëшдан ошди. Қўшиқ мисралари ҳамон қулоғимизда.

Кулиб чиқсанг уйингдан¸ ўргилайин бўйингдан
Шошиламан йўлингга¸ дил у зорим сен ўзинг.


Қўшиқ ижрочиси Ғуломжон Ëқубовга телефон қилиб ашула тарихи билан қизиқдик.

Ғуломжон Ëқубов: Бу қўшиқ 1978 йилда яратилган. Назармат сўзи¸ Абдуҳошим Исмоилов мусиқаси. Мен ижро этганман.

Озодлик: Қўшиқлардаги матн ҳар доим бир хил бўлади. Назарматнинг бу шеъри ҳам бошқалардан унча фарқ қилмайди. Лекин бу қўшиқ қандай синоат боис эл оғзига тушди?

Ғуломжон Ëқубов: Бу қўшиқ мусиқаси билан¸ шўхчанлиги билан эл оғзига тушди. Одамларга маъқул нарсани топа олганмиз. Шунинг учун эл оғзига тушиб кетган.

Озодлик: Ўша қўшиқни биринчи куйлаган пайтингиз эсингиздами? Биринчи ëзув қаерда бўлган? Телевидениедами¸ радиодами?

Ғуломжон Ëқубов: Биринчи телевидениеда бўлган. Телевидениеда тўғридан-тўғри премьера қилганмиз. У пайтда фонограммасиз микрофон қўйиб ижро этганмиз. Буни ëзиб ҳам олишмас эди¸ қайта ҳам кўрсатишмас эди. Ўшандан кейин икки-уч марталаб сўрашган бу қўшиқни. Биз ўзимиз бориб айтардик. У пайтда запис қилинмас эди.

Озодлик: У пайтда жуда кўп қўшиқлар айтгансиз. Бу қўшиғингизнинг машҳур бўлганини ўзингиз ҳам билсангиз керак.

Ғуломжон Ëқубов: Менинг ҳамма қўшиқларим - “Тикилиб-тикилиб”¸ “Нилуфар”¸ “Ўсма қўйибди қошига”¸ “Ўйласам” каби қўшиқларимнинг ҳаммаси машҳур бўлган.

Озодлик: Кейинги пайтда эски қўшиқларни римейк қилиш¸ яъни замон оҳангларига мослаб куйлаш урф бўлди. Сиз ҳам бир-икки марта шунақа қилдингиз шекилли.

Ғуломжон Ëқубов: “Ўсма қўйибди” деган қўшиғимни янги вариантда айтдик.

Озодлик: “Кулиб чиқсанг” қўшиғини ҳам қайта айтиш ниятингиз борми ëки шу эскилигача қолаверсанми?

Ғуломжон Ëқубов: Оранжировка қилдириб қўйганман. Уни ҳам янги вариантда ижро этаман. Жуда машҳур бўлган қўшиқларни бузмаслик керакмикан¸ оранжировка билан одамларнинг ғашига тегиб қолмасин, деган фикр ҳам бор лекин. "Қош қўяман деб кўз чиқарма" деган нарса бор-ку. Менинг эски қўшиқларимни кўпчилик оранжировка қилиб айтаяпти. Кўпчилиги овози етадими ëки йўқми - ижро қилаяпти¸ ашулани бузаяпти. Тушунаяпсизми?

Озодлик: Яқинда бир концерт дастурида Обид Асомов сизнинг қўшиғингизни ҳазил тариқасида айтиб чиқди.

Ғуломжон Ëқубов: У сўз устаси. Ашулачи эмас. У ëшлигида эшитиб юрганини¸ юрагида қолганини айтган-да.

Озодлик: Соғинч деган нарса бор. Носталгия дейди буни. Нима учун мана шу қўшиғингизни одамлар соғинаяпти? Бизга телефон қиладиганлар “мана шу қўшиқни эшитсак¸ бошқача бўламиз” дейди. Бунинг сабаби нимада?

Ғуломжон Ëқубов: Бу уларнинг ëшлиги билан боғлиқ. Буларнинг ëши балки 50 дан ошгандир. Ҳозир бизларнинг ëшимиздагилар ëки 50 ëшдан ошганлар: “Мана шу ашулани қўлимизда магнитофон кўтариб, эшитиб юрардик” дейди. Юрагига кириб қолгандир¸ балки севгисини мана шу қўшиқ орқали изҳор қилгандир. “Ўша пайтда кичкина “Весна” магнитофонлари бўларди. Шуни кўтариб¸ эшитиб юрардик”, дейишади.

Озодлик: “Весна” деган магнитофон¸ кичкина оқ елим кассеталар бўларди.

Ғуломжон Ëқубов: Катта ленталар бўларди. Ҳозир ҳам “Севги иҳор қилганда шу қўшиқ билан изҳор этганмиз” деган гапларни эшитаман.

Озодлик: Тўйлар ҳам мана шу қўшиқлар билан қизарди.

Ғуломжон Ëқубов: Ҳамма шу қўшиқни пойлаб ўтирарди. Шуни айтишим билан ҳамма ўрнидан туриб рақсга тушарди.

Озодлик: Қўшиқнинг яралиш тарихи қандай? Бастакор билан¸ шоир билан ишлаганмисиз?

Ғуломжон Ëқубов: Бу Абдуҳошимнинг мусиқаси. Абдуҳошим билан бирга ишлаганмиз.

Озодлик: Қўшиқни тайëрлаш жараëни қанча давом этди?

Ғуломжон Ëқубов: Кўп давом этгани йўқ. Янги нарса бўлса¸ бирданига ҳам келиши мумкин. Бир кунда ҳам қилиш мумкин¸ бир йилда ҳам қилиш мумкин. Ҳатто 10 йилда ҳам ҳеч нарса бўлмаслиги мумкин. Илҳом келиб қолса¸ бир кунда бўлади у нарса.

Озодлик: Мана биз раҳматли Фахриддин Умаров билан гаплашганмиз. У киши ҳақида¸ шон-шуҳрати боисми¸ кўп гаплар юрарди. Орқасидан қизлар кўп юрарди.

Ғуломжон Ëқубов: Ўзи у жуда келишган одам эди-да.

Озодлик: Ундан кейин мерос сизга қолди шекилли. Сиз ҳақингизда ҳам жуда кўп яхши гаплар юради. Қизлар ошиқ бўлади.

Ғуломжон Ëқубов: Бу аниқ. Чунки мен Фахриддин аканинг шогирдиман. Фахриддин акамнинг ўзи “Ҳамма томондан менга ўхшайсан” деб айтган. Чунки менда ҳам кўп воқеалар бўлган. Телевизорни синдирган¸ хотинини қўйиб юборган¸ хотини билан уришган¸ кўп жараëнлар ўтган менинг бошимдан.

Озодлик: Раҳматли Фахриддин ака каби сиз ҳақингизда ҳам кўп гап-сўзлар юради. Картада миллион-миллион пул ютқазипти¸ дейишади.

Ғуломжон Ëқубов: Энди, мевали дарахтга тош отилади. Меваси бўлмаса¸ ҳеч ким тош отмайди. Бу ҳамма машҳур артистларнинг бошида бор. Машҳур артистларнинг устидан “Уйланипти¸ қимор ўйнапти¸ эрга тегипти” деган нарса олдин ҳам бўлиб келган¸ ҳозир ҳам бор ва бундан кейин ҳам бўлаверади.

Озодлик: Қўшиққа қайтсак. Сизнинг бу қўшиғингизнинг тагида одамларга ëқадиган бир лирика ëтади-да.

Ғуломжон Ëқубов: Албатта. Сўзи ҳам¸ мусиқаси ҳам одамларнинг юрагига кириб борадиган нарса бўлган. Шунинг учун машҳур бўлган.

Озодлик: “Кулиб чиқсанг” қўшиғидан хиргойи қилиб бермайсизми?

Ғуломжон Ëқубов: Қачон?

Озодлик: Ҳозир.

- Йўқ¸ ҳозир менинг томоғим оғриб ëтибди. Яна одамлар эшитиб, “Йўқ бу айтмаган” деб юришмасин¸ дейди Ғуломжон Ëқубов.

Ҳофиз ҳақида маълумотнома

“Ёқубов Ғуломиддин Тошпўлатович. 1950 йилда Тошкентда туғилган. Ўзбекистон (1987) ва Қорақалпоғистон (1991) халқ артисти. Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган (1973). Жиззах мусиқали драма театрида (1973-74), Ўзбек давлат филармонияси (1967-68 ва 1974 йилдан) да яккахон хонанда. Кучли, жарангдор ва ёқимли овозга эга. Ижрочилик услуби эмоционал кўтаринки руҳи билан ажралиб туради. “Мажнунтол” грампластинкаси “Мелодия” грамёзув фирмасининг “Олтин диск” мукофотига сазовор бўлган (1985). “Дўстлик” (1996), “Эл-юрт ҳурмати” (1999) орденлари билан мукофотланган”.

Бу Ўзбекистон энциклопедиясидан олинган маълумот эди. "Бу маълумотлар тўғрими ўзи? Ëшингиз нечада?" деб сўрадик Ғуломжон Ëқубовдан.

Ғуломжон Ëқубов: Энди ҳозир ëшимни айтсам¸ нима кераги бор. Ëш керакмасдир. Мен ҳали 30 яшар болалар билан тенгман. Битта хотиним бор¸ невараларим бор. Хотиним уйда ўтирибди.

Озодлик: Шон-шуҳратнинг оғирлиги қанақа бўлади ва буни сиз қачон сезгансиз?

Ғуломжон Ëқубов: Шон-шуҳрат жуда ҳам оғир бўлади. Шон-шуҳратни кўтарадиган одам бўлади¸ кўтара олмайдиган одам бўлади. Шон-шуҳратни кўтариш жуда қийин. Чунки босар-тусарини билмай қоладиганлар¸ ўзини йўқотиб қўядиганлар кўп. Сабр-тоқат керак¸ гапларни ҳам кўтара олиш керак. “Қимор ўйнайди, хотинбоз экан, фалон жойда кўрдим¸ мана бунақа экан” деган гапларни кўтара олиш керак. Юки¸ масъулияти жуда катта бунинг. Шон-шуҳрат жуда оғир юк. Одам уни кўтара олса¸ юради¸ кўтара олмаса¸ эртага шарманда бўлади.

Масалан¸ қўшиқ¸ саҳна бошқалардан кўпроқ эътиборни тортади. Одам саҳнада ўзини тутишни билиши керак¸ саҳнада чиройли бўлиши керак¸ саҳнага яхши кийим билан чиқиш керак¸ ўтирганлардан фарқи бўлиши керак. Қўшиқдан ташқари этика¸ култура деган нарсалар бор. Санъаткор қўшиқни одамларнинг қалбига етказа олиши керак. Қўшиқни тикка туриб жаҳл билан айтаëтган болалар ҳам бор. Шўх ашула айтиб¸ қовоғини солиб турадиганлар бор. Қўшиқда сўзга ҳам эътибор бериш керак. Саҳнада актëр бўлиш керак.

Озодлик: Мана яқинда Обид Асомов ҳазил тариқасида “Ғуломжон Ëқубов ялтироқ костюм кияди, биз оддий костюм киямиз” деб қўйди. Сизнинг кийимларингизни ким тикади? Сизга жуда ярашиб туради-да.

Ғуломжон Ëқубов: Кийимни мен ўзим танлайман. Чет элга борсам¸ фақат костюм оламан. Ўзимга ярашадиган нарсани топаман. Ҳар битта одамнинг ўзининг фаҳм-фаросати бор. Одам ўзига ярашадиган нарсани топа олиши керак. Ялтироқми ëки ялтироқ эмасми, ўзига ярашадиган нарсани топа олса¸ одамларнинг эътиборини қозонади. Мен ëшлигимдан бошлаб яхши кийинишга ҳаракат қилганман. Мактаб пайтидан¸ институт пайтидан мени шундай дейишарди. Шунинг учун мен ҳозир ҳам қаëққа борсам¸ ўзимни фарқлироқ кўрсатишга ҳаракат қиламан.

Озодлик: Яна қўшиққа қайтсак. Шундай қўшиқлар бўладики¸ бугун айтилади¸ икки-уч кун урф бўлади ва кейин унутилади. Аммо сиз айтган “Кулиб чиқсанг” қўшиғини ижро қилинганидан 31 йил ўтса ҳам ҳамон хиргойи қилиб юрибмиз. Бунинг боиси нимада?

Ғуломжон Ëқубов: Меҳнат¸ изланиш¸ ҳаëтдан орқада қолмаслик¸ ëшларга¸ ўрта ëшлиларга¸ катта ëшдагиларга нима ëқишини билиб¸ шунга қараб ижро этиш¸ саҳнада ўзини тутиш¸ саҳнада ўзига хос бўлмаган нарсаларни қилмаслик¸ ўзининг ақли етмаган нарсасига аралашмаслик¸ қўшиқчиликда тўхтамасдан янгилик излаш¸ ҳаëтга қараб юриш – мана шуларнинг ҳаммаси қўшиқчини ушлаб туради. Битта қўшиқ билан чиқиш осон. Лекин уни ушлаб туриш қийин. Ўшани ушлаб туриш учун меҳнат¸ меҳнат ва меҳнат керак.
XS
SM
MD
LG