Линклар

Ўзбекистон ҳукумати Фарғона ва Зарафшон водийларида сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш учун қарийб 150 миллион доллар маблағ ётқизмоқда.

Ҳукумат доираларидаги манбага асосланиб Регнум ахборот агентлигининг билдиришича, “Фарғона ва Зарафшон водийларида сув ресурсларини бошқариш” деб номланган бу лойиҳа Ўзбекистон президенти қарорига мувофиқ амалга ошмоқда. Давлат раҳбари лойиҳани амалга тадбиқ этиш учун кредит ажратиш борасида ҳукумат номидан шартнома имзолаш ҳақида Молия вазирлигига кўрсатма берган.

Ўтган йил декабрида Осиё тараққиёт банки директорлар кенгаши ушбу лойиҳа учун Ўзбекистонга 100 миллион доллар кредит бериш таклифни маъқуллаган эди. Осиё тараққиёт банкининг Тошкентдаги ваколатхонаси вакили бу лойиҳани амалга ошириш Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги зиммасига юклатилганини айтди.

Вазирликнинг ўз исмини айтмасликни сўраган расмийси эса лойиҳадан кўзланган мақсад ҳақида Озодликка қуйидагиларни маълум қилди:

- Маблағнинг 25 фоизи Зарафшон водийсига¸ 75 фоизи Фарғона водийсига берилади. Лойиҳанинг мақсади ирригация системаларини¸ насос станцияларини қайта таъмирлаш¸ унга боғлиқ бўлган каналлар¸ қисман ундан чиқаëтган босимли сув қувурлари ва унга боғлиқ сувни фермерларга етказиб берувчи хўжаликлараро каналларимизни ва каналлардаги гидроиншоотларни қайта таъмирлаш¸ бунинг ҳисобига насос станциясининг ишлаш кафолатини яхшилаш¸ суғориладиган ерларга сув таъминотини кафолатлаш, дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакили.

Унга кўра, водийдаги аксар насос станцияларининг хизмат муддати тугаган. Шу боис сув ресурсларини бошқариш тизими такомиллаштирилмоқда.

- Бу насос станцияларининг ҳаммаси 1972-1973 йилларда қурилган насос станциялари. Буларнинг ҳаммаси икки баробар нормасини ўтаб бўлган насослар. Агар бирорта насос станция ишдан чиқиб қоладиган бўлса¸ бу насос станцияларига боғлиқ қишлоқдагиларни¸ фермерларни кўчиришга тўғри келиб қолади. Насос станциялари ижтимоий объект бўлганлиги учун сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш йўлига ўтаяпмиз, дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакили.

Тожикистон ва Қирғизистон қиш фаслида электр ишлаб чиқариш учун сув омборларидан кўп сув оқизиб юбораётгани боис Амударё ва Сирдарёнинг қуйи қисмида жойлашган Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг айрим минтақаларида сўнгги йилларда сув тақчиллиги кузатилган.

“Фарғона ва Зарафшон водийларида сув ресурсларини бошқариш” лойиҳаси амалга ошса, бу Ўзбекистондаги сув танқислиги муаммоси билан боғлиқ вазиятга қандай таъсир этиши мумкин? Бу саволга Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакили қуйидагича жавоб берди.

- Бу лойиҳаларни амалга оширишда ҳам иқтисодий¸ ҳам ижтимоий тежамкорлик кўзда тутилган. Ижтимоий-иқтисодий бўлмайдиган бўлса¸ бу лойиҳани амалга оширишдан ҳеч қандай фойда йўқ. Агар бу лойиҳа амалга ошса¸ қўшни давлатлар билан бўлган муаммога анча юмшоқлик киритади, деди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги вакили.

“Фарғона ва Зарафшон водийларида сув ресурсларини бошқариш” лойиҳа учун мўлжалланган 100 миллион доллар маблағнинг 15 миллион доллари 8 йиллик имтиёз асосида 32 йилга Осиё тараққиёт банкининг махсус жамғармасидан берилади. Қолган 85 миллион доллари 6 йиллик имтиёз асосида 26 йилга мазкур банкнинг одатдаги ресурсларидан берилади.

Эслатиш жоизки, Ўзбекистон 1995 йилда Осиё тараққиёт банкига аъзо бўлганидан бери 26 та лойиҳа учун бир миллиард доллардан ортиқ кредит олган.

Ҳукуматидаги манбага асосланиб Регнум агентлигининг яна билдиришича, Ўзбекистон “Фарғона ва Зарафшон водийларида сув ресурсларини бошқариш” лойиҳаси учун 44 миллион 50 минг доллар кредит ажратади. Олти йилга мўлжалланган бу лойиҳани амалга ошириш ишлари 2009 йилда бошланиши режаланган.
XS
SM
MD
LG