Линклар

logo-print

Ким ким эди ва ким бўлди?

  • Сарвар Усмон

Мустақилликдан буён ўтган 18 йил ичида Ўзбекистонда кўп амалдор ўзгарди, фақат Ислом Каримовгина эгаллаган мавқеида ҳали ҳам мустаҳкам турибди.

Мустақилликдан буён ўтган 18 йил ичида Ўзбекистонда кўп амалдор ўзгарди, фақат Ислом Каримовгина эгаллаган мавқеида ҳали ҳам мустаҳкам турибди.

Сиз таниган машҳур давлат арбобларидан бири бугунги кунда ўқитувчилик қилаяпти. Савлати отни ҳуркитувчи генераллар эса шу кунда бизнес билан шуғулланиб юрибди.

Яқинда бир ҳарфхўр танишим "ёши 18 гача бўлганлар Ўзбекистон Республикасининг асл фуқаролари, ёши 18 дан катталар бошқа давлатдан – Ўзбекистон ССРдан келган" деб қолди.

Ҳарфхўр танишимнинг гапида жон бор.

18 йил муқаддам давлат ўзгарди.

Секин-аста қадриятлар ўзгарди.

Макон ўша-ўша, секин-аста Замон ўзгарди.

Одамлар ҳам ўзгарди. Уларнинг лавозимлари, касб-кори ўзгарди.

Масалан, жонига суиқасд қилингани учун шу кунда тез-тез тилга олинаётган Анвар қори Турсунов Ўзбекистон ССР деган давлатда, 1985-86 йилларда Ёзувчилар Союзининг Чет эллар билан маданий алоқалар бўлими ходими бўлиб ишлаган бўлса, Ўзбекистон Республикасида Тошкент шаҳри бош имом-хатиби даражасига етди.

Ўзбекистон ССРнинг Рашидовдан кейинги, Нишоновдан олдинги раҳбари Иномжон Усмонхўжаев эса Ўзбекистон Республикасида санъат олами тан ола бошлаган рассом даражасига етди.

Бугунги эшиттиришимизни “Мустақилликнинг 18 йиллиги: Ким ким эди-ю¸ ким бўлди?” деб номламоқчи эдик.

Бундоқ ўйлаб қарасак, “ким ким эдию¸ ким бўлди” деган шаклда истеҳзо бордек туюлди.

Шунинг учун бироз ўзгартиш киритдик: “Мустақилликнинг 18 йиллиги: Ким ким эди ва ким бўлди?”

Охирги эсга олганимиз Иномжон Усмонхўжаев бўлди. Келинг, гапни шу кишидан давом эттирайлик.

1983 йилнинг 3 ноябридан 1988 йилнинг 12 январигача Ўзбекистон ССР Компартияси биринчи котиби бўлган, 88-йилнинг октябрида “пахта иши” бўйича қамалиб, 1990 йили озодликка чиққан Иномжон ака Бузрукхўжаевич шу кунда 79 ёшда, она юрти Фарғонада эмин-эркин яшаб юрибди.

Ҳамшаҳарларининг айтишича, Иномжон акани фарғоналикларнинг тўю маъракасида тез-тез учратиш мумкин.

- Иномжон Бузрукович Усмонхўжаев Фарғона шаҳрининг қоқ марказида яшайди. Кўча-кўйларда ҳам¸ бозор-ўчарларда ҳам¸ маҳаллалардаги катта-кичик тадбирларнинг ҳаммасида иштирок этади. Катта-кичик ҳамма у кишини оқсоқол сифатида¸ нуроний сифатида ҳурмат қилади. Биров уни қўлини бигиз қилиб кўрсатмайди ëки ортиқча қуллуқ қилиб¸ иззат-икром кўрсатмайди. Нимага? Чунки у оддий одамлардан бири бўлган¸ дейди Иномжон аканинг ҳамшаҳарларидан бири.

Иномжон Усмонхўжаев тўғрисида, у кишининг кўпчилик учун кутилмаган бир истеъдоди тўғрисида яна бир ҳамшаҳри - Абдусалом ака айтиб берди.

Абдусалом ака: Иномжон Усмонхўжаевни мен ҳам кўпчилик қатори коммунистик партия арбоби¸ юксак даражага етиб борган раҳбар¸ “Ўзбеклар иши” деган қора кунларда ўзи ҳам ўзбеклар ишининг қурбони бўлиб¸ анча жабр кўрган инсон сифатида билардим. Бир неча йилдан бери кўп ўзбекистонликлар¸ айниқса фарғоналиклар Иномжон аканинг бошқа бир таланти¸ рассомчилик таланти борлигини жуда яхши билишади. У кишининг кўп кўргазмалари бўлиб ўтди. Фарғонада бир неча кўргазмалари бўлди. Менимча¸ Ўзбекистондан ташқарида ҳам бўлган. Ҳозир ҳам ижоди гуркираб яшнаëтган пайт.

Озодлик: Картиналар қайси жанрда?

Абдусалом ака: Пейзаж¸ натюрморт.

Озодлик: Демак¸ бўëқлар билан.

Абдусалом ака: Ҳа.

Озодлик: Ўзи бардамми?

Абдусалом ака: Ҳа¸ ўзлари жуда бардам.

Озодлик: Агар иложи бўлса¸ Иномжон ака Усмонхўжаевнинг оиласи тўғрисида гапириб берсангиз. Ўғил-қизлари бордир¸ неваралари бордир.

- Учта ўғиллари бор. Ўзлари қамоқдан янги келган пайтларида оилалари фожеали тарзда автоҳалокатда вафот этган. Фарзандлари жуда яхши¸ ибратли¸ дейди Абдусалом ака.

Хуллас, Ўзбекистон ССРни 5 йил бошқариб турган Иномжон ака Усмонхўжаев журналистикада тетапоя қилаётган “мухбирка”лар тили билан айтар бўлсак, “қарилик гаштини суриб юрибди”.

27 август куни ўша гаштнинг бир жиҳати ўзини кўрсатди - Иномжон аканинг бироз тоби қочиб қолди. Бўлмаса, Абдусалом ака орқали Озодликка берган ваъдаси устидан чиққан бўлар, ҳамюртлари - муштарийларимизни Мустақиллик байрами билан шахсан ўзи табриклаган бўлар эди.

Омонатни қабул қилинг, азиз муштарий: Иномжон ака Усмонхўжаев Сизни Абдусалом ака орқали байрам билан табриклади.

“Мустақилликнинг 18 йиллиги: ким ким эди ва ким бўлди?”

Бу бугунги эшиттиришимиз мавзуи экани ёдингиздами?

Иномжон Усмонхўжаев - Совет даври арбоби.

Мустақиллик йилларида қўлида мўйқалам билан табиатнинг тасвирини матога тушириб, мазза қилиб юрибди.

Макон ўша-ўшаю Замон ўзгаргани, Ўзбекистон ССР Ўзбекистон Республикасига айлангани билан, табиийки, давлат амалдорларига бўлган эҳтиёж камайиб қолгани йўқ.

Журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, мустақиллик шароитида кечган 18 йил давомида мамлакат миқёсидаги масъул лавозимларга ижодкор зиёлиларнинг бир неча гуруҳи жалб этилди ва уларнинг мутлақ кўпчилиги кўп ўтмай саройдан четлатилди.

- Каримовнинг компартияга биринчи секретар бўлиши мутлақо тасодифий ҳол бўлди. Ўша пайтга қадар уни жамоатчилик орасида қўллаб-қувватлайдиган поддержкалар¸ жамоатчилик вакиллари¸ ëзувчи ва шоирлар йўқ эди. Мустақилликка эришган пайтда Ислом Каримовнинг ҳар жиҳатдан мавқеини мустаҳкамлашга эҳтиëж туғилди ва бир гуруҳ санъаткорлар¸ ëзувчи ва шоирларни¸ ижодкорларни ўзининг атрофига тортди. Ҳозирги кун нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак¸ ўша пайтда президент Ислом Каримов ëзувчи-шоирлардан маълум даражада жуда яхши фойдаланди. Шоирлар орасида энг катта мавқега эришганлардан биттаси Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимдир. У давлат маслаҳатчиси даражасига кўтарилди. Мирзо Кенжабек¸ Эркин Воҳидовлардан мустақиллик талаб қилиб чиққан миллий озодлик ҳаракатларидан “Бирлик” халқ ҳаракати билан мулоқот ўрнатишда фойдаланди. Яъни улар билан мулоқот қилиш¸ уларни маълум даражада йўриғига юргизиш йўлида улардан фойдаланди. Кейинчалик уларни турли сабаблар билан саройдан четлатди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Бир марта фойдаланаладиган ёзувчи-шоирлар олий ҳокимият йўлакларида кўрган-кечирганларини, нега бориб, нега кетганларини вақти келиб китобларида ёзишар.

Ўрганаётганимиз мавзуни яқиндан билган Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, ёзувчи-шоирларнинг камида тўрт тўлқини ҳокимиятга келиб кетди.

- 1992-1994 йилларда Эркин Воҳидов¸ Жамол Камол¸ Усмон Азим¸ Мирзо Кенжабеклар биринчи тўлқин бўлган бўлса¸ иккинчи тўлқин 1996-2000 йилларда бўлди. Бунда Пиримқул Қодиров¸ Ўткир Ҳошимов сингари ëзувчиларни саройга чақириб олиб¸ улардан фойдаланиш ҳолати бўлди. Кейин учинчи авлод¸ яъни Абдулла Ориповларнинг даври келди. Ҳозир янги авлод шаклланаяпти. Ҳатто Абдулла Орипов¸ Эркин Воҳидовлар ҳам саҳнадан тушириб ташланди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

“Ит вафо, амал жафо” деган бўларди тили заҳарроқ биронтаси шу жойда.

Абдураҳмон билан суҳбатимиз давом этади.

Озодлик: Иккаламизнинг суҳбатимиздан муштарийда “Ëзувчиларнинг вақти-вақти билан у гуруҳи ëки бу гуруҳи президентнинг идорасига ишга чақирилади, президентга яқинлаштирилади, кейин ҳаммаси ҳайдалиб¸ бошқа гуруҳ келади” деган фикр пайдо бўлиши мумкин. Лекин президент маъмурияти ходимларига қараладиган бўлса¸ у ерда жуда кўп йиллардан бери алмашмай ишлаб келаëтган ëзувчи-шоирлар ҳам бор.

- Каримовнинг ëзувчи-шоирлардан¸ ижодкорлардан фойдаланиш даражаси бор. Масалан¸ шу пайтга қадар Абдулла Ориповдан фойдаланиб келди. Шу пайтга қадар фойдаланган ва ҳозир ҳам фойдаланааëтган одамлар бор. Шунинг учун мен кимгадир уч ой¸ беш ой¸ бир йил деган муддат қўяëтганим йўқ. Мен президентнинг жамоатчилик вакилларидан фойдаланиб¸ кейинчалик улардан воз кечиш ҳолатини айтаяпман, холос. Бугун Хайриддин Султонов¸ Муҳаммад Раҳмонов сингари ëзувчилар президент аппаратида ишлаëтган бўлса¸ буларнинг ҳам қайсидир даражада инқирози бор. Қачондир кетади ва булар ҳам фойдаланишдан чиқариб ташланади. Мен айтмоқчиманки¸ ëзувчи-шоирлардан вақти-вақти билан фойдаланиш анъана тусига кирди ва президент Каримов сиëсатининг бир бўлагига айланди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Кимдандир ярим, кимдандир бир, кимдандир уч йил фойдаланадилар. Кейинчи, кейин қаерга боришади?

Озодлик: Парвоз пайтида кўтарилган энг юқори чўққию¸ кейин қаерга қўнганлар ҳақида. Балки одоб нуқтаи назаридан фамилия келтирмасмиз. Энг юқори лавозими ва ҳозирги эгаллаб турган лавозими ҳақида айтарсиз.

- Ўзбекистон республикаси кадрлар сиëсатига кўра¸ республика президентининг маслаҳатчиси ўша соҳа бўйича президентдан кейинги раҳбар ҳисобланади. Фан¸ маданият¸ таълим¸ матбуот соҳаси бўйича давлат маслаҳатчиси мамлакатдаги раҳбари ҳисобланадиган бўлса¸ бизнинг ижодкорларимиз мана шу раҳбар даражасигача чиқди. Ўша раҳбар даражасида ишлаган одамлар¸ ўша сиëсатни бошқарган одамлар бугун оддий таҳририятда мухбир ëки ишсиз юрибди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Демак, ким эди? Давлат маслаҳатчиси эди.

Ким бўлди? Оддий мухбир бўлди, ишсиз қолди.

Бу гап ҳали хулоса эмас. Ҳали гап кўп.

Ёзувчи-шоирлар, айниқса шоирлар болага ўхшаган халқ. Соддаликлари туфайли сарой ўйинларида чув тушиб қолишлари осон, нон топиб ейишлари қийин.

Айниқса, Ўзбекистон шароитида. Чунки, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, бу мамлакатда амалдор бўлишдан қийин иш йўқ.

- Ўзбекистонда Каримовдан бошқа ҳеч ким¸ мен катта сиëсатчиларини назарда тутаяпман¸ телевидениега чиқиб 15 минутдан кўп гапирмайди. Чунки улар бу нарсанинг Каримовга ëқмаслигини билади. Мана 1999 йилда Боткен воқеалари¸ Сурхондарë воқеалари бўлди. Ўшанда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов эди. Абдулазиз Комилов ва Миракбар Раҳмонқулов иккаласи матбуот конференцияси берган эди. Конференция 10 минут давом этган эди. Мен буни мисол сифатида айтаяпман. Бундай ҳолатлар жуда ҳам кўп. Раҳбарлар қайси сиëсатчи телевидениеда кўп-кўп чиқадиган бўлса¸ у Каримовнинг қаҳрига учрашини ва унинг сиëсий саҳнадан олиб ташланишини билади. Каримовга имкон қадар кўп кўринмаслик амални узоқ муддат сақлаб қолиш кафолати ҳисобланади¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Ёзувчи-шоирнинг эса тили югурик келади, одатда. Айтишади-ку, “Қўл югуриги ошга, тил югуриги бошга” деб.

Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, президентга яқинлашган, лекин ёзувчи-шоир бўлмаган бир талай “кадровий” юқори лавозимли амалдорлар ҳам борки¸ уларнинг қаердалигини жамоатчилик билавермайди.

Абдураҳмон Ташанов: Биз вице-президентдан бошлайлик. Мана, бир пайтлар президентдан кейинги одам бўлган Шукрулло Мирсаидов. Ҳозир у оддий тадбиркорлик билан шуғулланади. Бир пайтлар бош вазир бўлган Абдуҳошим Муталовни индустриал техникумда оддий ўқитувчи, деб эшитаман. Саид Ғуломов оддий ўқитувчи бўлиб ишлаяпти. У Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган ва мустақиллик йилларида Ўзбекистон ташқи сиëсатининг шаклланишида жуда муҳим рол ўйнаган. Каримов ўзининг тахтини анчагина мустаҳкамлаб олган пайтда ўзига ëқмаган кадрларни узоқлаштириш¸ уларни коррупцияда айблаш ҳолатлари жуда ҳам кучайди.

Кейинги авлоднинг инқирозида Исмоил Жўрабековни жуда ҳам яхши биламиз. Ҳозир у уйида ишсиз ўтирибди. Вилоят ҳокими¸ бош вазир ўринбосари¸ бош вазир даражасида ишлаган ва ҳозирги кунда¸ қўпол қилиб айтганда чиқитга чиқариб ташланган шахслар жуда ҳам кўп.

Озодлик: Шукрулло Мирсаидов бўйича конкретроқ бир нарсалар айта оласизми?

Абдураҳмон Ташанов: Икки ой олдин менинг танишларимдан бири унинг хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаëтгани ҳақида айтди.
Озодлик: Ўзбекистоннинг ўзида-а?

- Албатта. Уни кўришганини¸ суҳбатлашишганини айтишди. Ўзбекистон сиëсатида жуда муҳим ўрин тутган силовик шахслар бор эди. Айтайлик¸ собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматов. Бир пайтлар МХХ раҳбари бўлган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари бўйича давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган йирик шахс Бахтиëр Ғуломов. Улар ҳам ҳозир хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаяпти¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Бугунги дастурни Ўзбекистон ССРни 5 йил бошқариб турган, шу кунда Фарғонада яшаётган, 79 га кирган Иномжон ака Усмонхўжаев тўғрисидаги ҳикоя билан бошлаган эдик.

Гап яна ўша оқсоқол билан боғлиқ.

Фарғоналик Абдусалом ака Иномжон ака Усмонхўжаев Биринчи котиблик лавозимида иш бошлаган дастлабки йилда ўзи гувоҳи бўлган бир воқеани эслайди.

Абдусалом ака: Иномжон Усмонхўжаев Шароф Рашидовдан кейин Ўзбекистон компартияси марказий комитети секретари лавозимига сайланган пайтда “Тошкентга учаман” деб аэропортга борсам¸ ўғлининг Жигули-2106 машинаси бор эди¸ ҳозиргача бу оила ўша машинадан фойдаланади¸ бу машина Бузрукхўжа акага мукофот тариқасида берилган экан¸ ўша машина турган экан. Мен аэропортда Иномжон аканинг катта ўғли Ғайратни кўрдим. Бир пайт Иномжон аканинг ўзи чиқиб келаяпти. Депутатский томондан каллани паст қилиб чиқиб келаяптилар. Ҳеч бунақа юришлари йўқ эди. Мен ëнида охраналари йўқлигидан фойдаланиб¸ бир сўрашиб қўяй, дедим ва ëнига бориб¸ “Иномжон ака¸ ассалому алайкум” десам¸ “Э¸ мени кўрганингизни ҳеч кимга айтманг, бирор кун дам олиб кетай, деб келаяпман” деди.

Озодлик: У пайтда қайси лавозимда эди?

- Ўзбекистон компартияси марказий комитети биринчи секретари лавозимида эди¸ дейди Абдусалом ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG