Линклар

logo-print

Тожикистонда китоб кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон миллий кутубхонаси ходимлари туркийда ёзилган бу китобларни кўз қорачиғидек асраб, бошқа халқаро тадбирларда ҳам намойиш қилиб келмоқдалар.

Тожикистон миллий кутубхонаси ходимлари туркийда ёзилган бу китобларни кўз қорачиғидек асраб, бошқа халқаро тадбирларда ҳам намойиш қилиб келмоқдалар.

Душанбе шаҳрида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ташаббуси билан 18 йилдан буён илк бор ўзбек тилидаги китоблар кўргазмаси ўтказилди.

Тожикистон миллий кутубхонасининг кичик залида 28 август куни ташкил этилган кўргазмада асосан ўтган асрнинг 60-йилларидан 90-йилларигача нашрдан чиққан ўзбек китоблари намойиш этилди.

Шуни ҳам айтиш лозимки, бу китоблар кўргазма учун махсус Ўзбекистондан олиб келинмаган, балки Тожикистон миллий кутубхонаси фондида сақланаётган китоблар эди.

Тадбир сўнгида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоислом Шоқосимовдан “Ўзбекистонда китоб нашри билан бирор муаммо борми, нега кўргазмада ўзбек ёзувчи ва шоирларининг янги асарларини кўриш имкони бўлмади?” дея сўрадик.

- Йўқ, муаммо йўқ. Саволингиз тўғри, биз бу кўргазмани ўтказиш ҳақида 10-15 кун олдин келишдик. Ташкилий масалаларини ҳал қилгунимизча Ўзбекистондан ҳамма китобларни йиғиб улгурмасдик. Бу биринчи кўргазма. Худо хоҳласа, келажакда мустақиллик йиллари чиққан китобларни йиғиб, авторлари билан мана шу ерда кўп тадбир ўтказишимизга ишонаман. Мустақиллик йилларида жуда кўплаб китоблар нашрдан чиққан, янги-янги авторларимиз бор, уларни биз албатта Тожикистонда таништиришимиз керак, деди Ўзбекистон элчиси Шоқосимов.

Кўргазмада ўзбек ёзувчи ва шоирларининг бўёғи қуримаган асарларини кўришдан бенасиб тожикистонлик ўзбекларга Алишер Навоийнинг “Хамса” ва “Маҳбубул-қулуб”и, “Тазкираи Увайсий” ва Бобораҳим Машрабнинг “Девон”и қўлёзма шаклини яқиндан кўриш бахти насиб этди.

Тожикистон миллий кутубхонаси директори Шариф Аминовнинг билдиришича, бундай нодир асарлар сони мазкур кутубхонада 144 та бўлиб, уларнинг аксарияти ўзбек классик шоирларига тегишлидир.

- Бу шоҳ асарлар кутубхонамиз олтин фондига киритилган ва биз уларни кўз қорачиғидек асраб, бошқа халқаро тадбирларда ҳам намойиш қилиб келмоқдамиз, дейди кутубхона директори.

Ўзбекистонда кейинги йилларда бадиий китоблар кутилганидан камроқ нашр этилаётгани ёки уларни чоп қилишдаги муаммолар ҳақида Озодлик радиоси ҳам, бошқа оммавий ахборот воситалари ҳам илк бора гапираётгани йўқ.

Бу мавзудаги сўнгги мақолалардан бири шу ҳафта бошида “Фергана.ру” ахборот агентлиги сайтида босилган “Қаердасиз, ўзбек ёзувчилари” номли мақола бўлди. Унда муаллиф Евгений Львов Ўзбекистонда нашр қилинадиган ҳамма китоблар цензурадан ўтказилишини урғулаган.

Тожикистонда тожик ва ўзбек тилларида ижод қилиб турган кекса шоир Ўлмас Жамол мақола муаллифи гапларини тасдиқлаш баробарида бунинг ижобий жиҳатлари ҳам борлигини таъкидлайди.

- Бунинг яхши жиҳати ҳам бор. Негаки ўзимизда кўп ёзувчи ва шоирлар салгина пул топса, ёзган нарсаларини ҳеч кимга кўрсатмасдан чоп қилишаяпти. Бадиий жиҳатдан қадр-қиммати жуда паст асарлар. Илгари “главлит” деб ишлатганмиз, цензура деймиз ҳозир, у цензуранинг бўлгани ўша асарларни хомакиси, бағрида ҳеч бир мағзи бўлмаганларини четлаштириб қўяди. Бу бўлиши керак. Чунки биз эркин қўйиб бериб ҳам кўрдик. Тожикистонда мана цензура йўқ, шунинг учун хом-хатала нарсалар чиқаяпти ҳозир, дейди Ўлмас Жамол.

Кекса шоир ўтган 18 йил мобайнида Тожикистонда ёш ўзбек адибларининг 20 дан ортиқ бадиий китоблари нашр қилинганини айтади.

- Энди Тошкентда тожик адибларининг асарлари чиқаяптими-йўқми - бундан хабаримиз йўқ. Чунки алоқаларимиз сийраклашган эди. Шу борди-келдиларимиз қатори шу адибларимизнинг асарлари ҳам таржима қилиниб турилса, яхши бўларди. Яхши асарларни ҳар икки тилда таржима қилиб нашр эттирсак, бу икки халқнинг бойлиги бўлади. Бир-биримизнинг ҳаётимиздан хабардор бўламиз. Қалбларимиздан нималар кечаётгани, ҳаётимизда қандай ўзгаришлар бўлаётганини бадиий асарлардан билади одам, дейди Ўлмас Жамол.

Қайд этиш жоизки, шўролар замонида Ўзбекистон дунёдаги бошқа ўзбеклар қаторида тожикистонлик ўзбеклар учун ҳам маърифат ўчоғи саналарди. Аммо Ўзбекистон лотин алифбосига ўтганидан сўнг Тожикистондаги бир миллионга яқин ўзбек бадиий асарлар манбаидан бебаҳра қолди.

Тожикистонда яшаб ўзбек ва тожик тилларида баравар ижод қилаётган шоир ва ёзувчилар этник ўзбекларни ўзбек ёзувчилари асарлари билан таништириб бориш мақсадида ўзбекистонликлар билан хусусий ҳамкорликни йўлга қўйганлар. Аммо бу ҳамкорлик тожикистонлик минглаб адабиёт мухлислари эҳтиёжини қондира олмаяпти. Ўзбекистонлик тожикларнинг тожикча китоблар ва журналларга, тожикистонлик ўзбекларнинг ўзбекча китоб-журналларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун, кузатувчиларга кўра, икки давлатнинг маданият вазирликлари даражасида қўшма лойиҳалар амалга оширилиши лозим.
XS
SM
MD
LG