Линклар

logo-print

Хитойлар Тожикистонда туннел қурди

  • Гулнора Равшан

30 август куни фойдаланишга топширилган Шар-шар туннели Хитой учун минтақага энг яқин йўл бўлиб қолиши айтилмоқда.

30 август куни фойдаланишга топширилган Шар-шар туннели Хитой учун минтақага энг яқин йўл бўлиб қолиши айтилмоқда.

Тожикистон жанубида Марказий Осиё давлатларини Хитой Халқ республикаси билан боғлайдиган икки километр узунликдаги туннел фойдаланишга топширилди.

Хитой Халқ республикаси маблағига қурилган Шар-шар тунели бугун Тожикистон президенти Имомали Раҳмон иштирокида тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

-Мазкур туннел мамлакатимиз ичкарисида транспортлар доимий қатновини йўлга қўйиш учунгина хизмат қилиб қолмай, балки Буюк ипак йўлининг қайта тикланиши учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги глобал иқтисодий кризис шароитида бундай йирик ва катта чиқимли объектлар қурилишини амалга ошириш осон эмас. Бироқ бизнинг бошқа йўлимиз йўқ, зеро мамлакат иқтисодий тараққиётини, халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий инфрастурктуралар бунёд этиш билангина таъминлаш мумкин, - деди тожик президенти Имомали Раҳмон.

Тожикистон давлат раҳбари Шар -шар тунелига янгича “Озоди” (“Озодлик” - таҳр,.) номини берар экан, стратегик аҳамиятга эга бўлган бу объект тожикларни коммуникациявий изоляциядан олиб чиқаришига ишонч билдирди.

2006 йил 20 октябрида Душанбе шаҳрида Тожикистон ва Хитой Халқ республикаси ҳукуматлари ўртасида Шар-шар туннели қурилишига доир икки томонлама шартнома имзоланган эди.

Кўп ўтмай туннел қурилиши лойиҳаси учун расмий Пекин 38 миллион доллар узоқ муддатли қарз ажратганидан кейин, Хитойнинг темир йўллар корпарацияси бу ҳудудда қурилиш ишларини бошлаб юборди.

Асосий ишчи кучи тожикистонликлардан иборат қурилиш уч йил давом этди. Туннел икки километрга чўзилиб, 187 метр узунликдаги битта кўприкка ҳам эгадир. Душанбе ва Кўлоб ўртасидаги иккита ўта хатарли довонни ёриб ўтувчи туннел марказни республика жануби билан боғловчи йўлни 17 километрга қисқартиради.


Маҳаллий кузатувчи Бахтиёр Мўминов хитойликлар кўмагида қурилган туннел пойтахт Душанбе бозорларини қишин - ёзин мева ва сабзавотлар билан таъминлаш имконини беради, деган ишончда.

- Довонларда йўл қисқариши юк машиналари хавфсизлигини таъминлайди. Илгари шу довонлардан ўтиш анча хавфли эди. Айниқса қиш пайтларида қор ёғиб, йўллар музлаб қолса, ўтиш қийинлашиб, машиналар қатнови тўхтатиларди. Бу туннел шу муаммоларни ҳал қилади,- дейди кузатувчи .

Мустақил таҳлилчи Рашид Ғани Абдулло янги йўллар ва туннеллар қуриш Тожикистон ҳукуматининг энг муҳим стратегик мақсадлари эканини ва тожиклар бунга доир лойиҳаларни Эрон ва Хитой Халқ республикалари билан биргаликда амалга ошираётганини билдиради.

- Бу объектлар қурилишисиз Тожикистон ўз иқтисодиётини ривожлантира олмайди. Эсингизда бўлса Қуйи Панж кўприги ва мамлакат шимолидаги “Дўстлик” туннели қурилиб топширилгунга қадар, Тожикистон фақат Ўзбекистоннинг Термизи орқали ташқарига мол олиб чиқиш ёки импорт қилиш имконига эга эди.

Кўп ҳолларда юк машиналари, турли товарлар ортилган контейнерлар Ўзбекистон ҳудудида ойлаб сабабсиз ушланиб туриларди. Бу ўз навбатида Тожикистон иқтисодиёти учун миллионлаб зарар келтирарди.

Менимча ҳар бир ўзини ҳурмат қилган давлат ташқи дунёга чиқиш учун бир неча муқобил йўлларга эга бўлиши зарур. Хусусан, мана бугунгидек Ўзбекистон миллий байрамларида чегараларини бир томонлама ёпиб қўйганида, ўша муқобил йўллардан фойдаланишимиз мумкин, - деди мустақил таҳлилчи.

Бошқа бир таҳлилчи Давлат Усмонга кўра, асосан Хитой Халқ республикаси сармоясига қурилган Шар-шар туннелини бунёд этишдан мақсад фақат Тожикистон ва унинг иқтисодиётини ривожлантиришгина эмас.

- Тожикистондаги бу йирик туннелни қурган Хитойнинг асосий мақсади фақатгина Тожикистон муаммоларини ечиб бериш эмас. Шар-шар туннели Душанбе – Кўлоб - Қалайихумб- Хоруғ - Мурғоб - Қулма магистралида жойлашган. Ҳозирда қурилиш ишлар давом этаётган бу автомагистрал Хитойни Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан боғлайди.

Янги туннел ва ана шу автомагистралнинг тўла фойдаланишга туширилиши ортидан Хитой Марказий Осиё бозорларига бемалол кириб кела олади. Жуда осон, хавфсиз ва жуда қисқа вақт ичида. Бу йўл минтақада ўз бозорини қидираётган Хитой учун транзит йўл бўлиб хизмат қилади ,- дейди Давлат Усмон.
XS
SM
MD
LG