Линклар

"Давр менинг тақдиримда" эшиттиришининг бугунги қаҳрамони ўзбекистонлик бастакор, АҚШ, Россия ва Германияда ўтган танловлар ғолиби Дилором Сайдаминова.

Дилором Сайдаминова Гëтенинг “Шарқу Ғарб” девони асосида яратилган мусиқий композиция ижодкоридир. "Бу асарлар бугун Ўзбекистон ташқарисида ижро қилинмоқда"¸ дейди суҳбатдош.

Дилором Сайдаминова: Америкада иккита Carnegi Hall да ижро этилди асарларим. Москвада “Москва кузи” деган фестивал бор. У ерда ҳар йили ижро этилади. Германиянинг Manheim деган шаҳрида дунë бўйича ўтказилган конкурсда ғолиб чиқдим.

Озодлик: Дилором опа¸ болалик даврларингизни эсласангиз. Бастакорликка¸ мусиқага ҳавас қандай қилиб уйғонган? Нима учун бошқа касбни танламадингиз?

Дилором Сайдаминова: Менинг бобом дуторни жуда яхши чалар эдилар. Ойим мусиқа мактабида бироз ўқиганлар¸ аммо кейинчалик врач бўлиб кетганлар. Кейин эса "бир боламни мусиқачиликка ўқитай" деб ҳавас қилганлар. Менинг ўзим ҳам бунга қизиқиб¸ шу йўлга кетганман. Мусиқа мактабида мен аввал пианино чалишни ўргандим. Мен пианистка бўламан деб ўйладим.

8 -синфга ўтган пайтимда бизга Бокудан жуда яхши профессор домла келди. У энг қобилиятли¸ мактабда ўзини кўрсатган талантли болаларни териб олди. Шуларнинг орасида мен ҳам бор эдим. Мен консерваториянинг фортепиано ва мусиқа басталаш факултетини тугатганман. Иккала факултетда параллел ўқиганман.

Озодлик: Тошкент консерваториясидами?

Дилором Сайдаминова: Ҳа, шу ерда. Кейин аспирантурани тугатганман. Аспирантурани тугатганимда ҳам мен ўзимнинг маҳоратимни оширишга интилганман. У пайтда Москвадаги "Дом творчество"да бир ойлик курслар бўларди. У ерда ҳам москвалик домлалардан дарс олганман. Менинг мусиқам совет даврида ëзилган мусиқалардан жуда ажралиб туради. Мана, менинг мусиқаларим билан Муҳаббат Шамаева¸ “Ялла” гуруҳи¸ Ботир Зокиров қўшиқлар айтган.

Озодлик: Қайси қўшиқлар бу?

Дилором Сайдаминова: Ботир ака “Менинг юлдузим” деган қўшиғининг шеърларини ўзлари рус тилида ëзганлар. Мен бу қўшиқнинг мусиқасини ëзганман. Ботир ака бу қўшиқни Москвадан келган оркестр билан ижро этганда мен роялда ўтириб чалганман. Болалар гуруҳига ҳам қўшиқлар ëзиб берганман.

Озодлик: Муҳаббат Шамаевага қайси қўшиқларни ëзиб бергансиз?

Дилором Сайдаминова: У “Мангу олов”¸ “Ойдин йўл” ашулаларини айтган. "Ойдин йўл" қўшиғимни айтганларида¸ бир рассом шунчалик қўшиғим ëққанидан менинг расмимни чизмоқчи бўлиб¸ консерваторияга мени излаб келган. “Нимага келдингиз?” деб сўрасам¸ “Мен сизнинг “Ойдин йўл” деган қўшиғингизни эшитиб¸ бу инсоннинг кўриниши қанақа экан деб сизни излаб келдим. Сизнинг расмингизни чизмоқчиман” деб ўшанда менинг расмимни чизган.

Озодлик: Яқинда мен Муҳаббат Шамаева билан гаплашдим. У киши ҳозир АҚШда. У киши сизни жуда яхши эсладилар?

Дилором Сайдаминова: Гаплашган бўлсангиз¸ салом денг. Уларнинг ижодлари қанақа экан ҳозир? Ижод қилаëтган эканми?

Озодлик: Ижод қилаëтган эканлар. Хабарингиз борми йўқми, Илëс ака Маллаев оламдан ўтибдилар.

Дилором Сайдаминова: Войййй¸ раҳматли бўлиб кетдиларми? Худо раҳмат қилсин. Менинг бундан хабарим йўқ. Энди шунақа. Ëшимиз кетаяпти.

Озодлик: Сайдаминова сизнинг қизлик фамилиянгизми?

Дилором Сайдаминова: Ҳа¸ қизлик фамилиям. Аслида Саидаминова. Бизлар жуда катта саид авлодидан тарқалганмиз. Бизнинг шажарамиз бор. Менинг бобомларнинг номлари Саид Абдураззоқ Муҳаммадамин бўлган. Совет даврида динга қаршилик кучли бўлгандан кейин бизларнинг фамилиямизни советча қилиб Сайдаминова қилиб юборишган.

Озодлик: Баъзи бир мусулмонлар куй-қўшиққа унчалик рўйхуш беришмайди. Шартмикан шу¸ дегандай қарашади. Шунақа нарсаларни эшитганмисиз?

Дилором Сайдаминова: Биз совет даврида ўқимишли бўлиб¸ бошқача тарбия олганмизда. Масалан¸ менинг тарбиямда Европа аломатлари бор. Лекин ўша пайтда яхши тарбия олганмиз. Домлаларимиз яхши бўлган. Жуда унақа эскичасига берилган эмасмиз. Мен совет даврида совет тарбиясини олганман. Динга жуда берилган эмасмиз. Худони таниймиз¸ биламиз¸ у-бу тиловатларни биламиз. Менимча¸ “бизларга мусиқа керак эмас¸ у керак эмас¸ бу керак эмас” деган гап нотўғри. Кўп мусиқа асбоблари Шарқ давлатларидан чиққанку.

Озодлик: Ҳозир иккита оқим кетаяпти. Европача қадриятлар ва эски қадим қадриятлар. Бу ҳар доим бир бири билан курашиб келадику.

Дилором Сайдаминова: Биласизми¸ булар бир бирови билан ҳеч курашмайди. Одамлар ўзига керагини олиб¸ байроқ қилиб кўтариб¸ “Бу тўғри¸ бу нотўғри” деб ўзига қарши бўлишга массив қидиради. Эски усул билан янги усул урушади деганингиздай эмас. Эски усулга янги усул пайдо бўлиб¸ қайтанга бир бирини ривожлантиради. Мен шунақа деб ўйлайман. Кўрсангиз¸ ҳеч нарса эскичасига қолиб кетмайди. Ҳаëт эскичасига қолиб кетмайди. Мен болалик пайтларимда Қўқон аравалари бўлган. Ҳозир ҳеч ким Қўқон араваларда юрмайди. Замонавий¸ яхши-яхши машиналарда юришади. Чунки замон ўзгараяпти. Санъат ҳам шунақа.

Озодлик: Менимча¸ санъатда ўзгариш бўлмаса керак. Мана Леонардо да Винчи бугун ҳам жуда мукаммал¸ Бах жуда мукаммал. Уларнинг даражасига етган одамлар бугун йўқку. Санъатда тараққиëт даражаси сиз айтаëтгандай даражада бўлмас.

Дилором Сайдаминова: Йўқ¸ бўлади. Биласизми¸ мен шуни айтаяпманда. Ҳақиқий санъат йиллар ўтар¸ асрлар ўтар қолади. Инсонларга керакли ва мукаммал бўлади. Мен шуни айтаяпман.

Биласизми¸ яқинда менинг ҳаëтимда жуда ғалати бир нарса содир бўлди. Ашрафий музейида менинг кичкинагина концертим ўтди. Концертда 60 ëшларга бориб қолган археолог тўлқинланиб¸ шеърлар ўқиб юборди. “Мен Рахманин¸ Бородинлардан кейин мусиқа санъати қолмади деб юрган эдим. Ҳақиқий мусиқа санъати йўқ деб ўйлар эдим. Сизнинг мусиқаларингиз мени тўлқинлантириб¸ хаëлларимни тўзғитиб юборди” деб айтди менга. Мени менинг мусиқам шунча ëшга борган одамда шунчалик таассурот қолдиргани ҳайрон қолдирди. Бунга ўхшаш воқеалар менинг ҳаëтимда кўп бўлган. Шунинг учун мен ўйлайманки¸ Бахнинг асарлари қолганидек¸ бизнинг замондаги қайсидир бастакорнинг асарлари қолади. Вақтлар ўтиб¸ замонлар ўтиб қолади. Бастакорлик мураккаб бўлганлиги учун ҳозирча балки ҳеч кимга керак эмас.

Мен ҳозир қўшиқ ëзмайман. Чунки ëшлар ҳозир ўзи басталайди¸ ўзи айтади. Ижод умуман бошқача бўлиб кетди. Ҳозир шоу-бизнес бўлиб кетди. Ҳозир овози бўлса ҳам¸ бўлмаса ҳам компютерда тўғрилаб¸ фонограмма билан қўшиқ айтаверишади. Мен шунинг учун қўшиқчиликдан ўзимни четга олдим. Ҳозир мен инсоният ҳолатини акс эттирадиган асарлар ëзаман.

Озодлик: Ўзингизнинг ҳолатингиз қандай? Соғлиғингиз¸ кайфиятингиз қандай?

Дилором Сайдаминова: Яхши¸ кайфиятлар жуда яхши. Мен ўзимни бахтли деб ҳисоблайман. Мана мустақилликка 18 йил бўлди. Орада қийинчиликлар бўлди. Лекин Худоми¸ фаришталарми менга куч-қувват бериб¸ мени тўғри йўлга солиб турди. Менинг ижодим менга тенгдошларим¸ ëшлар орасида катта обрў олиб берди. Соғлиғим анча яхши. Ëшимга нисбатан анча яхши. Ҳозир озгина шамоллаб турибман. Умуман соғлиғим¸ кайфиятим яхши.

Озодлик: Бастакор бўлиш аëл киши учун қийинми?

Дилором Сайдаминова: Қийин. Аëл кишига бастакор бўлиш жуда қийин. Бутун ҳаëтингиз бўйи устингизда ишлаб¸ ўрганиб¸ изланиш олиб боришингиз керак. Ҳар қандай санъаткор бир тўхтаса ва ўз устида ишламаса¸ ўзининг ижодини йўқотади. Шунинг учун ҳар доим изланишда бўлиш керак¸ ëзиб туриш керак¸ ишлаб туриш керак. Бундан ташқари¸ уй-жой¸ оила ҳам аëлга боғлиқ. Мана иккита ўғлим бор Худога шукур.

Озодлик: Улар нима иш қилишади? Улар ҳам сизнинг йўлингиздан кетишдими?

Дилором Сайдаминова: Йўқ¸ кичкина ўғлим менинг йўлимдан кетган. Скрипка чалади. Катта ўғлим мусиқа йўлидан кетмади. У бошқа иш қилади.

Озодлик: Муҳаббат Шамаева ўша пайтда Ўзбекистонда кучли мусиқа мактаби бўлганини¸ бунга катта кучлар сарф қилинганини айтди. Шу нуқтаи-назардан ўзбек-совет мусиқа мактабини ëмон дея олмасак керак.

Дилором Сайдаминова: Албатта. Ўша пайтда яхши мактаблар ҳақиқатан бор эди. Бизлардаги программалар бутун совет иттифоқи бўйича бўларди. Мана Москвада ҳам бастакорлар орасида менинг анча-мунча обрўйим бор.

Германияда мен ғолиб бўлган конкурсда москвалик бастакорлар ҳам бор эди. Америкада менинг асарларимни чалишса¸ “Сизларда ҳам бундай кучли бастакорлар борми?” деб ҳайрон бўлишади. Мен ўша пайтда яхши мактаб ўтганман. Ўша пайтда яхши домлалар бўлган.

Озодлик: Бастакор бўлиб нима орттирдингиз? Бойликми¸ шон-шуҳратми¸ ë бошқа нарсами?

Дилором Сайдаминова: Бастакор бўлиб бойлик орттира олмадим¸ лекин ҳурмат орттирдим. Биласизми¸ ҳозир замонлар ўзгариб кетди. Лекин ҳар ким ҳам бастакор бўла олмайди. Бунинг учун Худо берган талант бўлиши¸ зиëли бўлиши керак одам. Мана Ўзбекистонимизда бармоқ билан санарли бастакорлар бор. Ҳақиқий бастакорлар кўпи билан бештача бор. Миллион-миллион одамга шунчагина бастакор. Пул келади¸ кетади¸ лекин бу асарлар Худо хоҳласа қолади. Инсонларга санъат керак. Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган санъат¸ китоб керак. Уларнинг руҳини баландга кўтариб турадиган¸ покиза қиладиган санъат¸ адабиëт¸ рассомчилик керак.

Озодлик: Рассомлар рангни¸ ҳайкалтарошлар шаклларни кузатиб юради. Сиз ҳар доим атрофингиздаги овозларни эшитиб юрасизми?

Дилором Сайдаминова: Овозларни эшитиб ҳам юраман¸ ўзимга керагини териб ҳам оламан. Мана дўппи тикадиган¸ гилам тўқийдиган аëллар бўладику. Улар иплари кўзни оладиган гиламлар¸ дўппилар қилишади. Мен ҳам мусиқаларни териб¸ ноталарга соламан. Менинг мусиқаларим фалсафий мусиқалардан. Мана ҳозир мен “Умар Ҳайëм билан суҳбатлашиш” деган туркум ëзаяпман. Инсон нималарни ўйлайди? Инсон ҳаëтини¸ бутун дунëни¸ ер юзида нималар бўлаëтганини ўйлайди. Ўйламасдан иложи йўқ. Одамзод ҳар доим миясида ниманидир ўйлаб юради. Уни ҳайвондан ажратиб турадиган нарса шу. Менинг асарларим инсоннинг ҳар хил ҳолатда бўлиши тўғрисида. Менинг концертларимдан кўз ëши билан чиқиб кетганлар бор¸ ëнимга келиб кўзида ëш билан менга раҳмат айтганлар бор. Мен бундан жуда ҳам хурсандман.

Озодлик: Ботир Зокиров¸ Муҳаббат Шамаева¸ Раъно Шарипова қўшиқларида планка деймиз¸ баланд бир ўлчов¸ дид бор эди. Дидсизлик ва ҳаваскорлик бугунги кунда сизни чарчатмаяптими?

Дилором Сайдаминова: Руслар айтганидек у меня иной мир. Менинг ҳаëтим бошқача. Мен бу болалар билан қўшилмайман. Олдин баддий ҳаваскорлик деган нарса бор эди. Ҳозирги қўшиқларнинг ҳаммаси шундай баддий ҳаваскорлик бўлиб турибди.

Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин деган гап бор. Ҳар нарсага одам профессионал ëндашиши керак. Айниқса мусиқага. Профессионалнинг билими¸ диди бўлиши керак. Ҳозир дид қолмаган. Одамлар миясида ҳеч нарса ўйламасдан фақат сакраб тушишга ëрдам берадиган нарсани мусиқа деб ҳисоблашади. Талантли зўр болалар бор¸ лекин уларга профессионаллик етишмайди.

Мустақилликдан кейин кўп йўллар очиб берилди. Мусиқа борасидаги аҳвол бутун МДҲ да бир хил. Ëш-ëш санъаткорлар кўпайиб кетган ва улар ўзларини санъаткор дейди. Аслида эса улар санъаткор эмас. Улар санъат қилишмайди. Улар санъат орқали пул ишлашади¸ пул қилишади. Мана Хитой дунëдаги яхши нарсаларни ўрганиб¸ ўзи ишлаб чиқариб¸ арзон қилиб сотиб пул қиладику. Бизнес дейди бунинг отини. Бу санъат эмас. Ҳақиқий санъат йиллар ўтар¸ асрлар ўтар қолади.
XS
SM
MD
LG