Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:42

Хитой Ўзбекистонда уран қидирмоқда


Уран рудасининг кўриниши
Уран рудасининг кўриниши

Хитой билан ҳамкорликда ташкил этилган Uz-China Uran ширкати Навоий вилоятидаги Бўзтов ҳудудида уран конларини қидириб топиш ва ўзлаштириш иши билан шуғулланади.

Ўзбекистон ҳукумати бу йўналишда Геология ва минерал заҳиралар давлат қўмитаси ҳамда Хитойнинг Гуандон шаҳридаги CGNPC Uranium Resources Co ядровий энергетика ширкати билан ҳамкорликда тузилган Uz-China Uran қўшма корхонасини ташкил этди.

“Газета uz” интернет нашрининг ёзишича, янги қўшма корхона Ўзбекистон ва Хитой ўртасида уран бўйича ҳамкорликка доир имзоланган шартнома асосида ташкил этилган.

Uz-China Uran қўшма корхонаси Навоий вилоятида тоғ-кон саноатида келажаги бор, деб ҳисобланаётган Бўзтов ҳудудида уран конларини қидириб топиш билан машғул бўлади.

Uz-China Uran корхонаси устав капитали 4,6 миллион АҚШ доллари қилиб белгиланган. Хитой томонининг корхонадаги ҳиссаси пул ва керакли асбоб-ускуналардан иборат. Ўзбекистон томони эса қўшма корхонага Бўзтов ҳудуди ҳақидаги геологик, геофизик ва бошқа ахборотларни тақдим этиш билан ҳисса қўшади.

Агар бу ҳудудда уран конлари топиладиган бўлса, шартномага кўра, Хитойнинг CGNPC Uranium Resources Co ширкати Бўзтов маҳсулотини жаҳон баҳосида биринчи навбатда сотиб олиш имтиёзига эга бўлади.

Агар Бўзтов ҳудудидан уран конлари топилмаса Хитой томони геологик қидирув ишларига сарфлаган маблағ, жумладан кредитлар ҳам, Ўзбекистон томонидан қайтарилмайди.
XS
SM
MD
LG