Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:34

Қарз узилар, мустақиллик ёнга қолар


Қирғизистон пойтахтида мустақиллик куни муносабати билан ўтказилган тантаналар эрталабки 9 дан кеч соат ўнгача давом этади.
Қирғизистон пойтахтида мустақиллик куни муносабати билан ўтказилган тантаналар эрталабки 9 дан кеч соат ўнгача давом этади.

31 август куни ўз мустақиллигининг 18 йиллигини нишонлаётган Қирғизистон ўтган давр мобайнида мустақил давлат сифатида шакллана олдими?

Қирғизистон мустақиллиги куни арафасида қирғиз матбуотида мамлакат иқтисодиётига боғлиқ айрим кўнгилсиз рақамлар эълон қилинди.

Маълумотда айтилишича, Қирғизистон мустақилликнинг 18-йилини 2 миллиард доллардан ошиқроқ бўлган ташқи қарзи билан кутиб олмоқда.

Қирғизистон ҳукумати ёйинлаган маълумотга кўра, кейинги уч йил давомида ташқи қарз миқдори яна кўпайиб, 2,5 миллиард долларга етиши мумкин.

Айни пайтда Қирғизистон бюджети дефицити 12 миллиард сўмни, яъни бюджетнинг тўртдан бир қисмини ташкил этмоқда.
Лекин қирғиз расмийларига кўра, Қирғизистон сўнгги 18 йил ичида ижтимоий ҳимоя учун бюджетдан ажратиладиган маблағни қисқартирмаган МДҲдаги ягона давлатдир. Бишкек расмийлари айни мана шу ҳолатни Қирғизистон ҳукуматининг энг катта ютуғи сифатида баҳолайдилар.

- Биз “Қирғизистон камбағал, ўзини-ўзи боқа олмайдиган ва келажаги йўқ давлат”, деган тушунчанинг асоссиз эканини исботладик,-деди президент Бакиев мустақиллик куни сўзлаган нутқида.

Қирғиз мухолифати лидерларидан бири бўлган Ўмурбек Текебаев ҳам мустақиллик йилларида мамлакат катта миқдордаги ташқи қарзига қарамай иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий жиҳатдан кичик ютуқларга эришганини, бироқ мустақилликдан кўзланган асосий мақсадга етишилмаганини айтади:

- Биз мамлакат сифатида шакллана олдик. Мустақиллигимизни йўқотмадик. Бироқ биз орзу қилган нарсалар ҳозирча сароб бўлиб қолмоқда.

Биз қонун ва инсон ҳуқуқлари устивор бўлган эркин демократик жамиятда яшашни орзу қилган эдик. Афсуски, бугунги кунда жамият авторитаризм сари кетмоқда, -деди Ўмурбек Текебаев.

Бироқ айрим сиёсатчилар “Иқтисодий тараққиёт мавжуд бўлган мамлакатдагина инсон ҳуқуқлари ва демократик тамойилларга тўла амал қилиниши мумкин”, деган фикрдалар.

Бундай фикрдаги сиёсатчиларга кўра, 2005 йил март инқилобидан сўнг Қирғизистон иқтисодий тараққиёт йўлига ўтган. Буни собиқ президент Ақаев ҳукумронлиги даврида 15 миллиард сўмдан ошмаган мамлакат бюджетининг инқилобдан кейинги тўрт йил давомида 40 миллиард сўмдан ошгани, ишлаб чиқариш корхоналарининг қурила бошлагани исботлаб турибди.

Айни пайтда мамлакат Бош вазири Игор Чудиновга кўра, Қирғизистон 2009 йилда Жаҳон банкининг Doing Business рейтингида 181 мамлакат орасида энг ислоҳотчи давлатлар ўнлигига киритилган. Икки йил аввал Қирғизистон бу рейтингнинг 99 ўрнини эгаллаган эди.

- Қамбарота ГЭСининг қурилиши бошлангани ХХ1 асрнинг энг позитив қадамларидан бири бўлди. Қамбарота - 2 ГЭСини Қирғизистоннинг ўзи қурди. Қамбарота - 1 ГЭСи қурилишига эса хорижий сармоялар жалб қилинди.

Бундан эса Қирғизистон иқтисодиёти мустақилликнинг 18 - йилига келиб оёққа тура бошлади, деган хулосага келиш мумкин, -дейди қирғиз парламенти депутати Динара Мўлдўшева.

Бироқ Қирғизистон собиқ Бош вазири Амангелди Муралиев фикрича, мамлакат мустақиллиги ва мустаҳкамлиги энг аввало фуқароларнинг ўз ҳукуматига ишончи қай даражада эканига боғлиқдир. Собиқ Бош вазир бу борада бир қатор муаммолар бор эканини айтади:

- Энг аввало давлат ҳуқуқий майдонни сақлаши керак. Бу эса инсон ҳуқуқларининг энг асосий принциплари - сўз эркинлиги, шахсий мулк дахлсизлиги, яшаш ва меҳнат қилиш, дам олиш ҳуқуқларига риоя этилиш шартлигини англатади.

Бироқ бугунги кунда фуқароларнинг бу ҳуқуқларни ҳимоя қилиши лозим бўлган суд тизими мустақил эмас ва уни ислоҳ қилиш зарурати бор, - дейди Амангелди Муралиев.

Қирғизистондаги ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам Қирғизистон мустақиллигининг 18 - йилида инсон ҳуқуқлари қўпол тарзда бузила бошлаганидан ташвиш билдирмоқдалар.

Президент Бакиев эса 31 август куни сўзлаган нутқида инсон ҳуқуқлари масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди:

- Шахсий мулк даҳлсизлигини таъминлаш, қонун ҳукмронлигини ўрнатиш, ҳуқуқий мамлакат барпо этиш бугунги кунда бизнинг энг устивор мақсадимиздир, - деди президент Бакиев.
XS
SM
MD
LG