Линклар

logo-print

Тингловчи ва муштарийлардан 31 август куни Озодликка келган SMS-хабар ва қўнғироқларда билдирилган турфа мулоҳаза ҳамда истаклар яна “Эркин микрофон” рукнида жамланди.

Дастуримиз Ўзбекистон Мустақиллик куни арафасида тайёрланаётгани боис, бизга қўнғироқ қилган тингловчиларимизнинг аксари айни санага оид фикр-мулоҳазалари ва тилакларини билдирдилар.

Фарғоналик Расул ака 51 ёшда, олий маълумотли. Бир неча йилдан бери Москвада мардикорлик қилади. Расул ака гапни "Мустақиллик бизга нима берди?" деган савол жавобига оид мулоҳазалардан бошлади.

- "Мустақиллик бизга нима берди?" деган савол бор-да. Мустақиллик бизга жуда кўп нарсаларни берди. Биз илгари ҳеч қачон Россияга келиб мардикорлик қилмасдик.

Биринчидан¸ мустақиллик миллион-миллион ўзбекларга¸ кучга тўлган йигитларга чет элларда мардикорлик қилиш ҳуқуқини берди.

Иккинчидан¸ Ўзбекистонга ишсизликни берди.

Учинчидан¸ қашшоқчилик деган нарсани биз илгари Африка давлатларида деб эшитар эдик. Ҳозир ана шу нарса бизда бор. Мана Худога шукур бизнинг кучимиз¸ касбимиз бор экан. Шу ерга келиб¸ нон топиб¸ оиламизни боқиб турибмиз. Ўзбекистонда оиламиз бировдан кам эмас. Сабаби¸ биз бу ерда тўрт танга ишлаб жўнатаяпмиз. Бошқа кела олмаëтганлар қанча. Уларга мустақиллик камбағалликни¸ қашшоқликни берди¸ - дейди Расул ака.

Гапида давом этаркан Расул ака, айрим шароитлар боис мустақиллик кунини нишонламаслигини қўшимча қилди.

- Мен мустақилликни байрам деб ҳисобламайман. 1 сентябр Ўзбекистоннинг мустақиллик куни¸ лекин мен оддий кундек ишга чиқаман. Чунки ишим бор. Ишласам¸ тўрт танга бор. Мен "Ўзбекистон мустақил бўлди", деб байрам қилиб ўтирмайман. Ишимга чиқаман, - дейди Расул ака.

Қўқонлик тадбиркор Равшан ака Мустақиллик куни ҳақида буларни айтди.

- Мен Ўзбекистон мустақил бўлганда роса хурсанд бўлганман. Чунки мен мустамлака бўлишни¸ бошқа давлатга қарам бўлишни хоҳламас эдим. Алоҳида давлат бўлиб¸ миллат сифатида дунë танишини истаб хурсанд бўлган эдим.

Мустақиллик миллатнинг байрами бўлиши керак-да. Миллат ўша куни катта ғалабага эришганлигини ҳис қилиши керак. Лекин кўпинча байрамни халқ билмай қолаяпти. 1 сентябр куни ҳамма байрам қилса¸ ҳамма хурсанд бўлса. Бизда эса 28 августда қайсидир шаҳарда¸ 29 августда қайсидир шаҳарда. Шунинг ҳеч тагига етолмайман-да, мен. Доим кимдандир қўрқамиз¸ портлатиб юборади, деб ўйлаймиз. Шунақа эҳтиëт чоралари кўрилаверади¸ - дейди Равшан ака.

"Мустақилликдан кўп нарсани кутган эдим, кутавериб-кутавериб орзулар ҳам хотирадан кўтарилди", дейди яна Равшан ака

- Бир кунни байрам деб билсангиз¸ ўша куни ўша нарсалар янгиланадию. Янгиланмагандан кейин йўқ бўлиб қолаяпти-да. Миллатимиз юзага чиқишини¸ бутун дунë танишини истайман. Охирги пайтда спорт соҳаларида дунë танияпти. Лекин барибир камчиликлар бор.

Бутун миллат бир ëқадан бош чиқариши¸ бирдамлик бўлиши керак. Ўзбеклар ташқарига чиққанда ҳам бир бирини кўрганда салом-аликни канда қилмаслиги керак. Миллатдошини кўрганидан хурсанд бўлиб¸ қўлидан келганча ëрдам бериши керак.

Ҳозир Россияда одамлар бир бирини кўрса¸ қочаяпти. Кўнгилни хира қиладиган ишлар кўп бўлаяпти. Кимларгадир сотиб юбораяпти, -дейди қўқонлик суҳбатдошимиз Равшан ака.

Россияда мардикорлик қилаётган Алишернинг айтганлари:

- Айтаверсак гап кўп. Минг қилсак ҳам ўзимизнинг давлатимиз. Ўзбекистон йилдан йилга ўзини тиклаб¸ оëққа туриб бораяпти. Бундан кейин ҳам яхши бўлиб кетади деган умиддамиз. Яхшими¸ ëмонми ватанимиз. Имконимиз бўлса¸ қанақадир ҳисса қўшишимиз керак. Россияда юрган барча ўзбекларни¸ Ўзбекистондаги барча юртдошларни¸ барча сурхондарëликларни 1 сентябр билан табриклайман¸ -дейди Алишер.

Қашқадарёнинг Шаҳрисабзидан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз Абдураҳим ака ҳам ўзбекистонликларни байрам билан қутлади.

- Авваламбор ассалому алайкум Ўзбекистондаги ва хориждаги юртдошларим. Сизларнинг ҳаммаларингизни буюк мустақиллик байрами билан табриклайман. Шахсан Дадахон ака Ҳасановни байрам билан қутлайман. "Сабр қилсанг¸ ғўрадин ҳолва пишур", дегандай сабрнинг таги олтин. Сабр-тоқат қилиб турибмиз. Оллоҳдан яхши кунларга эришсак керак деган умидизми бор¸ - дейди Абдураҳим ака.

*****************

Азиз муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG