Линклар

Ўз мустақиллик байрамини ўн саккизинчи марта нишонлаëтган Ўзбекистонда бу байрамнинг қандай тўйланиши борасида ақида ва қолиплар аллақачон шаклланиб улгурган кўринади.

Хавфсизлик деб аталган “девор” билан ўралган ҳудуд ичида махсус назоратдаги ўриндиқларга ўтқазилган кичик бир томошабинлар гуруҳи бир соат давомида “Нағма базми”га гувоҳ бўлади.

Бу “Нағма базми” президент маърузаси ва ўзбекистонлик хонандаю раққосаларнинг чиқишларидан иборат.

Мустақиллик байрамидаги мусиқий дастур ўзбек шоу-бизнесининг қизил бурчагига айланиб улгургандай.

Аксар ўзбек хонандалари "Мустақиллик куни мустақиллик майдонида қўшиқ айтсаму юртбоши назарига тушсам"¸ дейди.

Ўтган 18 йил ичида қўшиқ айтиб назарга тушганлар ҳам¸ назардан қолганлар ҳам кўп бўлди.

Мустақиллик байрамида назарга тушганлардан бири Юлдуз Усмонова. 1998 йилда “Ҳеч кимга бермаймиз сени Ўзбекистон” ашуласини айтганидан кейин мамлакат президенти эътиборига нойил бўлган Юлдуз Усмонованинг сал ўтмай депутатлик курсисига ўтириши бу марҳамат дивиденти сифатида кўрилган эди. Кейинчалик Юлдуз Усмонованинг байрам дастуридан четлаштирилиши эса бошқа ҳикоя.

Аммо элдан чиққаннинг ҳаммаси Фурқат бўлмагани каби мустақилик байрамида қатнашганларнинг ҳаммаси ҳам юлдуз бўлиб порламаяпти.

- Бу ҳар йили Юлдуз Усмонова чиқиши керак дегани эмаску. Ëш-ëш санъаткорлар чиқаяпти¸ дейди исми айтилишини истамаган суҳбатдош.

"Ҳар бир ўзбек ҳофизи “Ўзбекнаво”дан лицензия олар экан¸ унинг зиммасига мустақиллик концертида қатнашиш мажбурияти юкланади"¸ дейди ўзбекистонлик продюсер.

- “Ўзбекнаво”нинг ҳар бир санъаткори мажбур. Бу миллий байрам-ку¸ дейди ўзбекистонлик продюсер.

Ўзбекистонлик продюсер байрам концерти тадорикларидан гапиради.

- Ҳаммаси ашуласини олиб келади. Саҳнада битта-битта ижро этишади. Уни махсус комиссия текширади. Яхшилари олиб қолинади¸ тўғри келмаганлари эса тушиб қолаверади¸ дейди ўзбекистонлик продюсер.

Ўзбек хонандаси Шаҳнозабону бу йилги мусиқий дастурда иштирок қилмаяпти.

Шаҳнозабону: Бу дастурда мен йўқман.

Озодлик: Олдин қатнашганмисиз?

- Ҳа. Олдин бир марта мустақиллик байрамида¸ бир марта Наврўз байрамида қатнашганман. Бу концерт дастурининг ўзининг режиссëрлари бор. Улар ўзлари тўғри келган ашулаларни танлаб олишади. Шунинг учун, дейлик, 100 нафар қўшиқчидан 20 нафари саҳнада иштирок этиши мумкин. Артистларнинг ҳаммаси асосий саҳнага чиқамаса ҳам сайилларда¸ боғлардаги шоуларда қатнашади¸ дейди Шаҳнозабону.

Ўзбекистонлик продюсер назарида¸ мустақиллик байрами дастури талантларни рўëбга чиқарадиган бир танловдир.

- Гулсанамнинг чиққанига уч-тўрт йил бўлди. Масалан¸ Сардор Раҳимхон янги чиқиб келаяпти. Хоразмдан ака-укалар чиқиб келишди¸ дейди ўзбекистонлик продюсер.

Мустақиллик байрамидаги мусиқий дастурни томоша қилган ëзувчи Олим Отахон назарида¸ бу байрам шаклан барча мустабид тузимларга хос.

- Ҳаммаси бир хил бўлади. Мустабид пайтда ҳам шунақа эди¸ бир йиллик пайтда ҳам шунақа эди. Ҳавойи¸ бачкана қўшиқлар. Сўзларини чиқариб олсангиз¸ ëлғон¸ ҳаëтимизга тўғри келмайдиган мадҳиябозлик. Бу жуда ëмон нарса¸ жуда катта иллат¸ дейди Олим Отахон.

"Бу байрам концертида рақсга тушаëтган ва алëрлар айтаëтган улкан масса бор. Бу масса мустабидлар учун фон холос. Масалан¸ Шерали Жўраев 10 йиллардан бери бу дастурга яқинлаштирилмайди"¸ дейди Олим Отахон.

- Ҳукумат ва амалдорлар булардан қўрқади.

Озодлик: Нимаасидан қўрқади? Ашуласини айтади¸ кетадику.

- Булар оммани бузадиган бузғунчи ҳисобланади. Шерали Жўраевнинг талантига гап йўқ. Қанча истеъдодли бўлсангиз¸ сиз ўзингизни шунчалик ҳурмат қиласиз. Ўзини¸ оддий халқни ҳурмат қилади¸ лекин ўзини халқпарвар қилиб кўрсатиб турган министрларни ҳурмат қилмайди¸ дейди Олим Отахон.

Ëзувчи Олим Отахон мустақиллик тантаналарига ўзининг Лотин Америкасидаги ҳамкасби Хулио Кортасар кўзи билан қарайди.

- Ҳулио Картасарнинг “Миттигина¸ жажжигина жаннат” деган ҳикояси бор. Шунда генерал Арангу даврида шунақа бўлган. Ҳар битта 18 ëшга тўлган йигитчанинг томиридан тилла ранг балиқчалар юборишади ва буни уларнинг келажагига ëрдам беради¸ келажагини порлоқ қилади¸ деган ақида билан қилишади. Бир пайтлар армияга бормаслик бизда иснод бўлар эди. Уларда эса балиқчани томирига юбормаслик иснод бўлган¸ дейди Олим Отахон.

Олим Отахонга кўра¸ бугун мустақиллик майдони давлат тарғиботини қўшиқ қилиб куйлайдиган томошагоҳга айланган.
XS
SM
MD
LG