Линклар

Юрган дарё, ўтирган бўйра...


Мустақилликдан сўнг юртма-юрт кезиб мардикорлик қилаётган ўзбек бугунги кунда ўз Ватанини ўзга юртлар билан қиёслаш имконига эга бўлди.

Мустақилликдан сўнг юртма-юрт кезиб мардикорлик қилаётган ўзбек бугунги кунда ўз Ватанини ўзга юртлар билан қиёслаш имконига эга бўлди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач ўзбеклар ҳам хорижга чиқиб, Ўзбекистонни дунёнинг бошқа давлатлари билан қиёслаш имконига эга бўлишди.

Бугунги кунда дунёда ўзбекнинг қадами етмаган жой кам бўлса керак.

Ким ҳукумат сиёсатидан норози, ким таъқиб ва босимлардан қочиб, бошқа биров эса тирикчилик илинжида, яна биров таълиму тижорат баҳона дунё кўрмоқда.

Дунё кўрган ўзбекнинг эса Ўзбекистонни хориж билан қиёслаши шубҳасиз.

Диний босимлар боис Ўзбекистонни тарк этган ва айни пайтда Швецияда яшаётган Муҳаммадсолиҳ Обутов Ўзбекистонни Европа давлатлари билан қиёслаганда бирорта ҳам афзал томонлари йўқлигини айтади.

- Ҳали мен бирор мамлакатга бориб кўрмадимки¸ Ўзбекистон ундан афзалроқ бўлса. Балки бордир шунақа мамлакат, Зимбабвеми¸ Мозамбикми¸ лекин ҳали Африкага бориб кўрмадим. У ерда билмадим қандай.

Ҳозир мен борган жойларимнинг биздан афзаллигига ҳайрон қолар эдим. Нимага бундай экан? Нима учун бизларнинг халқ бу аҳволда? Иш йўқ¸ ҳамма нарса тўхтаган. Бизнинг Қозоғистондан нима фарқимиз бор? У ëқда ҳаммаси яхши¸ Россия билан чегараларни очиб қўйган¸ савдо алоқалари бор. Бизларда оддий нарсалар ҳам йўқ.

Европа мамлакатлари билан солиштириб кўрсангиз¸ иқтисодий жиҳатдан¸ инсон ҳуқуқлари жиҳатдан Ўзбекистон умуман паст. Лекин ҳали битта нарсани – турмани солиштириб кўрмадим. Ўзбекистоннинг турмасини биламан. Шундан бошқа ҳамма томонларида жуда катта фарқ бор, - дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Андижонлик Раҳматилла ака ҳам Андижон фожеаларидан кейин Европа давлатларидан биридан бошпана топган.

Раҳматилла ака Ўзбекистон чегараларини Европа билан қиёслайди.

- Европа деганда 10-15 давлатнинг орасида чегара деган нарса йўқ. Немис бўладими¸ чех бўладими бир бирининг давлатига бориб¸ олди-сотди қилиб юраверади. Бу томондан кенгчилик.

18 йилдан бери тепада ўтирган ҳокимият эса Ўзбекистон халқини чегаралаб қўйган, турма зонасига ўхшатиб олган. На бир эркин нафас олишга¸ на бир тадбиркорлик қилишга йўл қўйишади. Ҳамма томондан қисув. Чет элди бирорта полиция тўхтатиб¸ “Сен кимсан?” демайди. Бизда эса ҳар қадамингизни текширади, - дейди андижонлик қочқин.

Раҳматилла ака ўзбек оилаларида ўзаро муносабатлар ғарбга нисбатан яхши эканлигини қўшимча қилади.

- Бизда оилавий муносабатлар маҳкамроқ. Ҳар қандай қийинчилик¸ танглик бўлса ҳам қариндош-уруғларнинг иноқлиги¸ тўю-маракаларда бирга бўлиши булардан кўра устунроқ. Қариндош-уруғчилик¸ борди-келди буларда бизлардагидай эмас экан, - дейди Раҳматилла ака.

Айни пайтда хориж давлатларидан бирида яшаётган Лутфинисо Йўлдошева эса инсон ҳуқуқлари борасидаги қиёсга тўхталади.

- Бу ерда (чет элда демоқчи – таҳр.) энг асосий нарса - инсон ҳуқуқлари бор. Ҳар ҳолда инсоннинг ҳуқуқлари ҳимояланади. Ўзбекистонда эса сўз эркинлиги ҳам йўқ¸ инсон ҳуқуқлари ҳам йўқ, -дейди Лутфинисо Йўлдошева.

Европа олийгоҳларидан бирида таҳсил олаётган қашқадарёлик Байрамали эса таълим соҳасини қиёслайди.

Байрамали: Европада билим бериш савияси юқори. Буни ҳеч ким рад эта олмайди.

Озодлик: Ўзбекистондаги олий ўқув юртларини чет эл олий ўқув юртлари билан солиштирганда¸ бирор яхши жиҳати ҳам борми?

- Мисол учун Европада қаттиқ принципга асосланади. Ҳар қандай ҳолатда ички қонунларга амал қилиш қаттиқ талаб қилинади. Ўзбекистонда¸ дейлик¸ дарсларга кела олмай қолсангиз¸ ëрдам берилиши мумкин. “Талабанинг аҳволи қийин¸ ундай эди” деб одамгарчилик жиҳатдан яхши томонлари бўлади, - дейди Байрамали.

Россияда мардикорлик қилаётган сурхондарёлик Абдуҳамид ака Ўзбекистонни қўшни давлатлар билан қиёслаб, ўзбеклар жаннатмакон юртда яшаётганини айтади.

- Ўзбекистондай жаннатмакон юрт йўқ. Ҳамма нарса бор. Чет элдан ҳеч нарса сотиб олмайди¸ ҳамма нарса ўзларида бисëр. Ўзбекистонда ер ости ва ер усти бойликлар бор¸ шаҳарлар кўркам¸ ердан бир йилда икки марталаб ҳосил оламиз. Ўзбекистоннинг фахрланадиган томонлари кўп. Енгил машина ишлаб чиқарилади¸ Самарқандда юк автомашинаси ишлаб чиқарилади. Ривожланиш томони бор. Бошқа давлатлардан орқада қолгани йўқ, -дейди Абдуҳамид ака.
XS
SM
MD
LG