Линклар

Бугун Тошкент ҳақида ҳам гапиргимиз келди. Гапириш учун эса, баҳона жуда катта: Ўзбекистон пойтахти ўзининг 2200 йиллик юбилейини нишонламоқда.

Тошкент - гўзал шаҳар.

У Шарқнинг Юлдузи.

Тошкент – шиддат шаҳри.

Бу ерда вақтнинг шиддати ҳам ўзгача: 26 йилгина аввал шаҳарнинг 2000 йиллик юбилейи нишонланган эди.

Бугун эса, 2200га кириб турибдию!

Яна чорак асрдан кейин 2 ярим мингга кирворса ажабмас...

Ҳар кимнинг ўз Тошкенти бор.

Тошкент – эталон шаҳар.

Масалан, ўшлик қишда иссиқроқ уйга кириб қолса, “Тошкент бўпкетибдию!” дейди.

"Африка бўпкетибди, ҳаммом бўпкетибди" эмас, айнан "Тошкент бўпкетибди", дейди.

Тошкентни кўрган Дунёни кўргандай бўлади.

Буни Шароф Бошбеков ўзининг “Темир хотин”ида жуда нозик илғаган эди:

“Тошкентдачи икки марта бўлганман. Ўзиям шаҳармисан шаҳарда. Кўраман деганга дунë кенг эканда ўзи", дейди "Темир хотин" қаҳрамони Қўчқорвой.

“Темир хотин” биринчи марта Фарғона театрида қўйилгани учунми, Тошкентни икки марта кўрган Қўчқорвойни мен негадир фарғоналик, деб биламан.

Шунинг учун аввало фарғоналикни, ўзини Носир ака, деб таништирган тингловчимизни суҳбатга тортдим.

Носир ака ҳали Қўчқорвой даражасига етолмабди.

- Тошкентда бир марта бўлганман. Унда ҳам марказида бўлмаганман¸ - дейди Носир ака.

Лекин фарғоналик бу тингловчимиз уникал ҳодиса. “Темир хотин” саҳналаштирилган 80-йилларнинг иккинчи ярмидан буён вазият кескин ўзгарган.

90-йилдан буён Тошкент қўқонлик учун ҳам, термизлик учун ҳам, хатирчилик учун ҳам (аҳоли пунктларини ўзингиз санайверинг) бир тош бўпқолган.

Масалан, сирдарёлик Ҳазратқул ака ҳам ҳар ҳафта бўлмаса-да, ҳафта оралатиб Тошкент бориб туради.

- Тошкентга кўп бораман. Бир ойда икки марта ҳам бориб тураман¸ - дейди Ҳазратқул ака.

Андижонлик Эркинжон ҳам тез-тез бориб туради Тошкентга.

- Кўп бораман мен. Ҳар йили баҳорда кўп бораман. Акам яшайди Тошкентда. Кўп тушиб тураман Тошкентга¸ - дейди Эркинжон ака.

Энг сўнгги учта сўзга эътибор беринг: “Кўп тушиб тураман Тошкентга”, деди андижонлик.

“Тушиб турмоқ” андижонликнинг тилида “жуда яқин масофага тез-тез бориб келмоқ”, дегани.

Тез-тез эса, ўзингники бўлган жойга борасан.

Демак, Тошкент суҳбатдошларим учун ўз эканда?

Сирдарёлик Ҳазратқул ака учун Тошкент ўз, фақат битта муаммо бор-ки, бу шаҳарда “Пул бўлса бемалол юрса бўлади”. Чунки,

- Тошкентда бойлар яшайди-да¸ -дейди сирдарёлик.

Андижонлик Эркинжон ўзини Тошкентга ўгай сезади. “Мелисаси кўп”, дейди у.

- Тошкентнинг бир томони бор: бемалол юра олмайсиз. Шу томони ранжитади-да. Милициялар келиб “Нима қилиб юрибсан?” дейди. Андижонлик эканлигингизни¸ умуман вилоятли эканлигингизни билса¸ милициялар ҳар хил баҳоналар айтиб¸ асабингизга тегади. Шу томони ëқмайди¸ - дейди Эркинжон.

Фарғоналик Носиржон ака Тошкентда бир марта бўлгану лекин шаҳарнинг яхшилигини, мелисасининг яхши эмаслигини сезишга улгурган.

Озодлик: Ўшанда Тошкентда неча кун юргансиз?

Носир ака: Уч кун бўлганман. Милициялар бор-да у ерда. Бемалол юра олмайсиз. У ерда юриш Россиядан ҳам қийин. Милициялар ушлайди¸ прописка дейди¸ у дейди. Биз уч-тўрт кунга борадиган одам бўлсак. Прописканинг нима кераги бор.

Озодлик: Тошкентга ҳаëтингизда бир марта борган экансиз. Шунда ҳам милицияга дуч келганмисиз?

Носир ака: Ҳа¸ энди кўчада милиция кўп. Кўчага, магазинларга чиқамиз-ку. Гапиришимиздан¸ юришимиздан тошкентлик эмаслигимизни билади, ушлаган милициялар.

Озодлик: Қандай қутулгансиз милициядан?

Носир ака: Пул сўраган¸ пул берганмиз.

Озодлик: Қанча бергансиз?

- 1500 сўм¸ - дейди Носир ака.

Ҳаётдан кинога кўчганми ё кинодан ҳаётга кўчганми, ҳар қалай, бир пайтлар “Тошкент - нон шаҳри”, дейилгич эди.

Мен суҳбатдошларимдан, бугун Тошкентни қандай атаган бўлардингиз, деб ҳам сўрадим.

Сирдарёлик Ҳазратқул ака:

- Тошкент ҳозирги вақтда мардкикорлар шаҳри бўлади.

Озодлик: Нима учун?

- Ҳамма ўша ëққа бориб мардикорлик қилаяптида. Биздагиларнинг ҳам ярми кетиб қолган мардикорчиликка.

Андижонлик Эркинжон:

- Мардикорлар шаҳри деса ҳам бўлаверади. Бизнинг водийдан кўпчилиги мардикор бозорда туради. Милицияларни назарда тутиб¸ порахўрлар шаҳри деса ҳам бўлади. Милициялар пул учун ушлайди-да. “Нима қилиб юрибсан? Қаердансан?” деб бемалол юргизмайди. Андижондан¸ водийдан эканлигингизни билса¸ пулингизни олиш мақсадида қийнайди.

Фарғоналик Носир ака:

- Тошкентни пул шаҳри деса бўлса керак.

Озодлик: Нима учун?

- Одамлар пул ишлагани шу ëққа боради. Ҳамма пули кўплар ҳам ўша ëқда.

Шароф Бошбековнинг фарғоналик Қўчқорвойи:

“Тошкентдачи икки марта бўлганман. Ўзиям шаҳармисан шаҳар-да. Кўраман деганга дунë кенг экан-да, ўзи. Ернинг тагидан ҳам поезд ўтаркан¸ устидан ҳам поезд ўтар экан. Битта колхозчига бундан ортиқ нима керак?”

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG