Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:20

Тожик ўқувчилари дин асосларини ўрганади


Тожикистон ҳукумати Марказий Осиёда биринчи бўлиб мактаб дастурига Ислом асослари фанини киритди. Янги предмет ўқитилиши юзасидан расмийлар ва дин уламолар фикри бир-биридан кескин фарқ қилмоқда.

Янги қўлланма тўрт қисмдан, яъни Ислом дини тарихи, Ислом дини принциплари, Илм ва билим ҳақидаги исломий қарашлар ҳамда Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Ислом динининг тожик жамиятидаги роли каби қисмларидан иборат.

Янги фанни ўқитишга тайёргарлик борасида апрел ойидан бери 400 га яқин ўқитувчилар махсус тренингдан ўтди. Маориф вазирлиги мактабларда фақат малакали ўқитувчилар ишлаши керак, демоқда.

Бироқ диний уламолар ўқитувчилар Ислом дини асосларини мактаб ўқувчиларига рисоладагидек ўқита олмайди, янги фанни Исломий уламолар ёки Тожикистон Исломий университетини битирганлар ўқитиши керак, деган фикрда.

Янги фан муаллифларидан бири, Тожикистоннинг Дин ишлари бўйича қўмитаси собиқ раҳбари Саид Аҳмадов Маориф вазирлиги икки томон қабул қиладиган ечим топишини айтди.

- Икки томон ҳам бу ишда қатнашиши керак. Диний масалаларга ихтисослашган дунёвий олимлар бу дастурда иштирок этиши керак. Шу билан бирга фанатизмдан йироқ бўлган мўътадил қарашдаги Исломий уламолар ҳам ўқитувчи бўлиб дарс бериши керак. Бироқ бу ишдан янги можаро ва урушга олиб келадиган, ўқувчилар орасида экстремизм ва фанатизмни тарғиб қилиш йўлида фойдаланилмаслиги керак, дейди Саид Аҳмадов.

Тожикистон расмийларига кўра, саккизинчи синфдан бошлаб ҳафтасига бир соат Ислом дини асослари фанини ўқитишдан мақсад ёшларнинг Ислом дини ҳақидаги маълумотларни турли жойлардан излашининг олдини олишдан иборат.

Тожикистон 1991 йилда мустақилликка эришганидан кейин мамлакатда юзлаб масжидлар ва диний сабоқ берадиган мадрасалар очилди.

Сўнгги йилларда Тожикистон ҳукумати диний ташкилотларга нисбатан қатъий сиёсат олиб бормоқда.

Исломий либослар аёллар орасида кенг тарқалганидан кейин Маориф вазирлиги ўқувчиларнинг мактабларга ҳижобда келишини таъқиқлаган.

Айни пайтда рўйхатга олинмаган юзлаб масжидларнинг ёпиб қўйилгани эса уламолар ғазабини қўзғаган.

Ислом дини асослари фанининг ўқитилиши уламолар танқидларига қисман жавоб сифатида кўрилмоқда. Ўтган йили уламолар Тожикистондаги тарих китобларида Ислом дини нотўғри талқин қилингани ва Ислом динига оид фактлар бузиб кўрсатилгани учун маориф соҳаси расмийларини кескин танқид қилган эди.

Айни пайтда тожикистонликларнинг айримлари буни ҳукуматнинг динни назорат қилиш йўлидаги уриниши, дея баҳоламоқда.

Тожикистон Исломий уйғониш партиясининг Хатлон вилояти бўйича раҳбари Ҳожи Қаландар Садриддинзода фикрича, мактабларда Ислом дини асослари фанининг ўқитилиши ҳукуматнинг икки юзламачилигини кўрсатади.

- Ҳукумат расмийлари “биз мактабларда динимизни ўргатаяпмиз” деб ўзларини мусулмонлар тарафдори қилиб кўрсатишга уринади. Ислом динини ўргатиш учун махсус дарсликларга ҳожат йўқ. Агар улар ҳақиқий Исломни ўқитмоқчи бўлса, улар мактаб дастурига шунчаки Қуръонни ёки Хадисни киритиши керак, дейди Тожикистон Исломий уйғониш партияси раҳбари.
XS
SM
MD
LG