Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:06

Мактабни ташлаган болалар кўпаймоқда


Халқаро ташкилотлар ҳисобича¸ Қирғизистонда тақрибан 50 минг ўқувчи турли сабабларга кўра мактабга бора олмаётир. Бироқ Маориф вазирлиги тақдим этаётган рақам бундан 25 баробар камдир.

Расмий маълумотларга кўра, ҳар йили Қирғизистон ўрта мактабларини 100 минг ўқувчи битиради ва яна шунча ўқувчи биринчи синфга қабул қилинади. Аммо ЮНИСЕФ халқаро ташкилотининг Қирғизистонда ўтказган тадқиқоти натижасиларига кўра¸ айни пайтда 50 минг нафар бола мутлоқ мактабга бориш имкониятига эга эмаслиги аниқланган.

- Биз ўтказган тадқиқот натижасида болаларнинг 5 фоиздан кўпроғи мактабдан ташқарида қолгани маълум бўлди. Агар Қирғизистонда бир миллион ўқувчи борлигини ҳисобга олсак, уларнинг 5 фоизи 50 минг бўлади. Демак, Қирғизистонда 50 минг бола мактабга бориш имкониятига эга эмас, деди ЮНИСЕФнинг Қирғизистондаги вакили Тим Шафтер.

Унинг айтишича, қишлоқ жойларидаги мактабларда ўқийдиган болаларни ҳам мактабга тўла қатнайди, деб бўлмайди. ЮНИСЕФ тадқиқоти натижасида маълум бўлишича, қишлоқ болалари мактабдан кўра далада кўпроқ бўлар эканлар.

- Бу тадқиқотдан болаларнинг давомати тўғрисидаги маълумотни олиб кўрсак, қишлоқ болаларининг 90-95 фоизи мактабга мунтазам бормаслиги маълум бўлади.

Масалан, сентябр, октябр, апрел ва май ойларида мактабга бормайдиган қишлоқ болалари сони 20-25 фоизни ташкил қилади, деди Тим Шафтер.

Айни пайтда Қирғизистон Маориф вазирлиги ЮНИСЕФ келтирган рақамларга мутлақо зид келадиган статистикани эълон қилган. Маориф вазири Абдулла Мусаевнинг ҳукумат мажлисида маълум қилишича, 2008-2009 ўқув йилида фақат 700 нафар бола мактабга боролмай қолган.

Маориф вазири ўринбосари Умутқан Тиналиеванинг айтишича, 2009-2010 ўқув йилида мактабдан ташқарида қолган болалар сони кўпайган.

- Нафсиламрини айтганда, болалар мактабга бориш ўрнига Дўрдўй каби катта бозорларда ишлаб юрганини биз ҳам биламиз. Лекин расмий ҳисоб-китобларга қараганда, жуда оз бола мактабга бормай қолаётир. Расмий статистика бўйича бу йил мактабга 2000 бола бормай қолаётир, деди Умутқан Тиналиева.

Қирғизистон Маориф вазирлиги расмийларига кўра, болаларнинг мактабга бормай қолаётганига ота-оналарнинг масъулиятсизлиги, нобоп оилаларга таъсир кўрсатиш учун ҳукумат томонидан чоралар ишлаб чиқилмагани, мактабларда психолог ва социал педагогларнинг етишмаётгани сабаб бўлмоқда.

Айрим мутахассислар эса бу сабаблар рўйхатининг энг биринчи поғонасига қашшоқлик ва бунинг натижасида болаларнинг қаровсиз қолаётганини ёзиш лозим, деб ҳисоблайдилар. Бу ҳақда Бишкекдаги қаровсиз болаларни реабилитация қилиш маркази раҳбари Алексей Петрушевский гапириб берди.

- Бизнинг марказимизга ҳужжати бўлмаган 7-10 ёшдаги болалар келтирилади. Тасаввур қилиб қўринг-а, бола 7-10 ёшигача ҳужжатсиз яшаса, у кимнинг боласи экани, исми, фамилияси қандай экани номаълум бўлса... Бундан ташқари, бу бола ҳақидаги маълумот мутлақо ҳеч қаерда қайд этилмаган.

Қашшоқлик ва бошқа сабаблар туфайли қаровсиз ва ҳужжатсиз қолган бундай болалар сони жуда кўп. Бироқ уларни ҳужжати бўлмагани учун бирорта мактаб қабул қилмайди, дейди Алексей Петрушевский.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистондаги 2288 мактабда 1 миллион ўқувчи ўқийди. 1 сентябр куни эса 96 минг ўқувчи биринчи марта мактаб остонасини ҳатлаб, 1-синфда ўқишни бошлайди.
XS
SM
MD
LG