Линклар

Каримов яна рақсга тушди

  • Абдулла Искандар

Ҳар йилги мустақиллик тантанасининг чўққиси ўлароқ Ислом Каримов рақсга тушади.

Ҳар йилги мустақиллик тантанасининг чўққиси ўлароқ Ислом Каримов рақсга тушади.

31 август куни Ислом Каримов ва унинг яқинлари Тошкент марказида оддий халқдан қатор-қатор хавфсизлик халқалари билан иҳоталанган бир алпозда 18-бор мустақилликни байрам қилдилар.

Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 18 йилини тўйлади.

Атиги уч кун олдин жангарилар билан отишма чоғида ўқ овозлари янграган шаҳар осмони энди мушаклар сасидан ларзага келди.

Ялтироқ кўйлак кийган хонандалар президентдан ўпич олиб¸ ўпич беришди.

Опера ҳофизи Муяссар Раззоқова бу президент бошқарувидаги ўтган 18 йиллик даврга юксак овозда алëрлар айтди.

Бир пайтлар Брежнев турғунлиги даврини танқид қилган шоир Иқбол Мирзо айнан Брежнев, Сталин даврига xос услубдаги байрам дастурига муаллиф бўлди.

"Сизларни бағримга босаман", дея гапираëтган 72 яшар президент дилxушлиги учунгина қилинган бу томоша менга Брежнев даврини эслатди, дейди ëзувчи Олим Отаxон.

- Брежнев пайтида ҳам худди шунақа эди. Кўлмакка айланиб қолган давр дейдию. Ўша авжига чиққан пайтлари эди. Мен радиокомитетда ишлардим. Эрталаб ишга кетаяпман. Кўчада одам кўп йиғилган. Кўча қаттиқ совуқ. Ўшанда "халқлар отаси" Брежнев ўзининг қора чайкасида Ўзбекистон меҳмонхонасининг олдидан ўтиши керак эди. Меҳмонхонанинг олд томонида катта кўчага яқин жойида ажриқзор бор. Ўша ерда ўзбекнинг ëш қоракўз боласи тиззасида ўтириб олган. Қўлида чилдирма. Устида яктак¸ тўн¸ лекин кўкраги очиқ. Ҳаво совуқ. Қаттол совуқ эди.

Болакай чилдирмани чалиб ëтибди¸ Брежнев ўз чайкасида бир-икки-уч дегунча зув этиб¸ ўтиб кетди. Брежневнинг ўзи машинанинг ичида ҳам Қоракўл телпак кийиб олган эди. Совуқдан анави боланинг ўзи кўкариб¸ бармоқлари қизариб кетгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Мана шу менга тимсол бўлиб қолган. Якка ҳокимиятчилик¸ зулм ва зўравонликка қурилган тузумнинг ташқи томони билдирмаслиги мумкин¸ лекин моҳият эътибори билан шундай¸ дейди Олим Отахон.

Орадан 30 йил ўтди. Яна ўша манзара¸ яна ўша раҳбарнинг дилхушлиги учун чилдирма чалаëтган бола. Олим Отахон худди режиссëр Гаролд Ремис суратга олган "Суғур куни" фильмидаги каби тинимсиз қайтарилаëтган бир хилликдан даҳшатга тушганини айтар экан¸ 18 йилдирки ҳар байрам куни бир хил туйғуни ҳис қилаëтганини айтади.

- Оммавий отупение дейдию¸ халқ оммавий равишда¸ нима десак бўлади¸ бетамизликми¸ қанақадир чиройлироқ сўз топиш керак. Масалан¸ ҳар йили мустақиллик кунида менинг юрагим тўлқинланади. Ëмон маънода тўлқинланади¸ чунки биз мустақилликдан олдин мустақиллик истаб¸ варақалар тарқатиб юрганмиз. Биз бугун байрам бўлаëтган жойда йўқмиз.

Тўғри¸ мустақилликни 5-10 нафар одам қилмайди¸ лекин биз байрамгоҳда йўқмизку. Мустақиллик учун¸ ваҳима қилиб гапирмайлик¸ қон тўкди ëки мустақиллик учун ҳамма нарсасидан жудо бўлди деган сўзлардан қочайликда¸ оддий қилиб айтайлик¸ мустақилликнинг изтиробларини чекканлар йўқ у ерда – байрам бўлаëтган жойда ҳам¸ давлат бошқарувида ҳам. Раҳбарлар¸ ҳукуматлар шунақа эканда. Сиз билан суҳбатда айтдим шекилли: жамиятда олдин қатлам-қатлам бўлиб авлодлар келади¸ генийлар авлоди келади¸ талантлар авлоди келади¸ кейин ўртамиëналар авлоди келади¸ кейин зўравонлар авлоди келади¸ кейин подлецлар авлоди келади¸ дейди ëзувчи Олим Отахон.

Бундан 18 йил муқаддам ўзбек зиëлилари шундай тузум ҳақида орзу қилишганмиди?

1991 йилнинг декабр ойида Наманган обкоми биносини ишғол қилган диндорлар билан учрашган Ислом Каримов "Мен курсига ëпишиб турганим йўқ¸ бемалол ишдан кетаверишим мумкин" деган эди.

- Менга ҳам тинчлик керак. Мана битта қизим турмушга чиқди¸ яна битта қизим бор. Бошқа ҳеч ким йўқ. Менинг қўлимда ўзимнинг касбим бор.

Менга амал керак эмас. Амал кимга керак? Амал пул оладиганларга керак¸ деган эди 1991 йилги илк президентлик сайловларидан олдин Наманганда обком биносини ишғол қилган диндорлар билан учрашган Ислом Каримов.

Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги гуруҳ Каримовга қарата "Йўқ¸ сиз бизга кераксиз" деб ишонч билдиришган эди ўшанда.

Каримовнинг лавозимдаги умрини узайтирганлар ўша диндорлар эмасмиди? Ўзингдан чиққан балога¸ қайга борарсан давога.

1991 йил Ўзбекистон парламентининг 7- сессиясида депутат Шуҳрат Нусратов президент истеъфосини талаб қилганида¸ уни қўлламаган депутатлар узайтирмадими Каримовнинг лавозимдаги умрини?!

Президентнинг лавозимдаги умрини узайтирган омиллар кўп¸ дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

- Биласизми¸ бу ерда жуда ҳам кўп омиллар бор. Шу омиллардан биттаси¸ бир томондан Каримовнинг ëнидаги сиëсий раҳбарларнинг¸ яъни шартли равишдаги сиëсий элитанинг маданияти¸ тафаккури¸ иккинчи томондан Ўзбекистон атрофидаги геосиëсий вазият¸ рақобат¸ ўйинлар дейиш мумкин. Айниқса¸ Андижон воқеалари даврида ва ундан кейинги ҳолатдан Каримов эсон-омон чиқиб кетди. Мана шунга геосиëсий вазият анчагина таъсир қилди.

Бундан ташқари¸ жамиятнинг демократик қадриятларни англай олмаганлик даражаси дейишимиз мумкин¸ лекин бунда жамиятни айблаш қийин. Чунки олдиндан йўқ бўлган нарсани йўқотишда жамиятни айблаб бўлмайди. Унгача ўзбек жамиятида демократик қадриятлар барқарро илдиз отмаган эди. Бир сўз билан айтганда¸ жуда кўп омиллар бор. Кўп афсусга соладиган ҳолат сиëсий элитанинг¸ сиëсий раҳбарларнинг авторитаризмни парваришловчи¸ якка шахс ҳокимиятини парваришловчи бир сиëсий тизим шакллантиришдаги ўта катта ҳиссаси деб айтишимиз мумкин¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Камолиддин Раббимов назарида¸ Каримовнинг ўзи ҳам бошида бу тахлитдаги зўравонлик машинасини яратаман деб ўйламаган.

- Биласизми¸ ҳар бир сиëсий шахснинг олдиндан ўзи белгилаб олган ресурси бўлади. Ўша ресурсдан келиб чиқиб унинг дунëқараши¸ жамиятни бошқара олиши¸ яъни жамиятни ишонтира олиш орқали ушлаб туриш ресурси бўлади. Қайси бир сиëсий шахсда мана шу ресурс заиф бўлар экан¸ у ҳокимиятни ушлаб туриш учун ўз ўзидан зулмга юз тутишга маҳкум бўлган ҳолатлари бўлган. Шу билан бирга ҳокимиятдан бемалол юз ўгира олган ва ҳокимиятни топшира олиш қурбига эга бўлган кучли сиëсатчилар ҳам бўлган.

Ўзбекистондаги авторитаризм Каримов тафаккурининг ҳосиласи. Мен “Каримов 1990 йилларда тоталитар ҳолатга ўхшаш сиëсий тизим шакллантиришни хоҳлади” деб айта олмайман. Чунки ҳар битта сиëсий лидер ўзи бошқараëтган давлатнинг рақобатбардош¸ кучли¸ салоҳиятли¸ обрў-эътиборли бўлишини хоҳлайди. Айни пайтда диктатура усули орқали Ўзбекистонга обрў келмаслигини ҳамма яхши англайди. Мен ўйлайманки¸ албатта хоҳламаган¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Сиëсий ресурслари тугаган сиëсатчи зўравонлик услубларига ўтади¸ дейди таҳлилчи.

Ëзувчи Олим Отахон назарида¸ Ўзбекистондаги аксарият зиëли қатлам кейинги 18 йил ичида оммага айлантирилди. Бу туссиз халойиқ фонида Ислом Каримовнинг қиëфаси ëрқин кўриниши мумкиндир¸ аммо бу омма жамият учун ҳам¸ президентнинг ўзи учун ҳам бирдай хатарли¸ дейди суҳбатдош.

- Менимча¸ ҳукуматнинг ўзининг бошига етадиган омма шаклланиб бўлган. Ким келса¸ ўшанинг айтганини қилаверадиган омманинг катта қисми халқ ичида шаклланиб бўлган¸ дейди Олим Отахон.

Кўп давр ва давронларни кўрган ëзувчи Олим Отахон ўз устози Асқад Мухтор ўгитини эслади.

- Асқад ака менга “Ин ҳам мегузарад” деган хат ëзганлар. 1977 йилда мен Асқад акага Рашидов тутумига қарши ўспиринлик максимализми руҳида ҳаммасини дабдала қилиб¸ мактуб ëзган эдим. Бу хатга жавоб берган Асқад ака ўз хатининг охирида “Ин ҳам мегузарад” деб ëзган. Мен у пайтда бу байт нималигини билмаганман. Бу Абдураҳмон Жомийдами¸ Саъдий Шерозийдами бор экан. Бу форсча бўлиб¸ ўзбек тилидаги маъноси “Буниси ҳам ўтади” дегани экан. Ҳозир бутун халққа қараб айтиш керак: "Бу халқ ҳам ўтади¸ бу авлод ҳам ўтади"¸ дейди ëзувчи Олим Отахон.

Бу кунлар ўтади¸ аммо авторитаризмдан кейин яна авторитаризм келади¸ дейди Камолиддин Раббимов.

- Биласизми¸ Каримовдан кейин унинг ўриндоши келади¸ деган фикрдаман. Лекин бу ҳокимиятнинг қандай топширилишига боғлиқ. Каримов ўзи тириклигида ҳокимиятни топшириб¸ ўзининг ўриндошининг ҳокимиятини мустаҳкамлашда иштирок этар экан¸ бу сиëсий тизимнинг ҳозиргидек авторитарлик даражасининг кучайиши бўлса бўладики¸ камайиши кам бўлади.

Агар Каримов бир қанча сабаблар орқали ҳокимиятни топширишга улгура олмаса ва ундан кейин сиëсий курашлар натижасида биз билган ва билмаган шахслар ҳокимиятга келадиган бўлса¸ бунда вазият анча ўзгариши мумкин. Нима бўлганда ҳам Каримовдан кейин авторитар тизим сақланиб қолади. Лекин авторитарлик даражаси у ëки бу томонга оғиши мумкин. Бунга ҳозир бир нарса дейиш қийин¸ дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG