Линклар

logo-print

Икки ўртада халқ сарсон

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистон-Тожикистон ўртасидаги муаммолар илдизи¸ айрим кузатувчиларга кўра¸ Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон ўртасидаги шахсий совуқчиликдан сув ичмоқда.

Ўзбекистон-Тожикистон ўртасидаги муаммолар илдизи¸ айрим кузатувчиларга кўра¸ Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон ўртасидаги шахсий совуқчиликдан сув ичмоқда.

Имомали Раҳмон ҳамкасби Ислом Каримовга юборган табрик телеграммасида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар яхши томонга ўзгараётганини урғулаган бир пайтда¸ аксар тожикистонлик бунинг аксини таъкидламоқдалар.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳар йилги анъаналарига содиқ тарзда бу йил ҳам Ислом Каримовга мустақиллик байрами муносабати билан табрик телеграммаси йўллади.

“Бизни кўп асрлик яхши қўшничилик ва мустаҳкам дўстлик ришталари боғлайди. Биз мамлакатларимизнинг ҳозирги тараққиёт даврида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириб, бу анъаналаримизнинг сақланиб қолиши тарафдоримиз. Сўнгги йиллар айнан сизнинг саъй- ҳаракатларингиз туфайли муносабатларимиз сезиларли даражада яхшиланмоқда”, дейилади Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон мустақиллигининг 18 йиллиги муносабати билан президент Ислом Каримов номига йўллаган телеграммада.

Тожикистон давлат раҳбари икки халқ фаровонлиги ва минтақа тинчлигию хавфсизлиги мақсадида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги самарали ҳамкорлик давом эттирилишига умид қилишини билдирган.

Хўш, ўзбек-тожик муносабатлари ҳақиқатан Имомали Раҳмон таъкидлаётганидек зўр ривожланаяптими? Ислом Каримов икки халқ алоқаларининг яхши томонга ўзгариши учун уринаётгани сезиладими? Келгусида икки давлат раҳбарларининг яқин ҳамкорлик қилишига умид қилса бўладими?

Маҳаллий кузатувчи Ҳошимжон Меликов Имомали Раҳмоннинг табрик телеграммасидаги илиқ сўзлар дипломатия доирасида айтилгани, аслида ўзбек-тожик муносабатлари билан боғлиқ муаммолар тобора чигаллашаётганини айтади.

- Аслида ҳақиқий қўшничилик муносабатлари ўрнатилаётгани сезилаётгани йўқ. Хусусан, биз чегара зонасида яшайдиган аҳоли буни ҳис қилганимиз йўқ. Бозорларимиздаги нарх-наволарнинг бевосита шу Ўзбекистон билан борди-келдига боғлиқлигини сезамиз. Бундан ташқари, чегараларга ўрнатилган миналар оилаларнинг кулфатига сабаб бўлмоқда. Масалан, шахсан бизнинг қишлоғимиздан тўрт нафар ёш йигит ўтган шу давр мобайнида минага учиб, қурбон бўлди. Биз эса “Эҳтиёт бўлинглар¸ мина!” дейишдан нарига ўта олмаяпмиз, дейди Ҳошимжон Меликов.

Суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарлари қуруқ гаплардан амалий ишга ўтмас экан, яқин келажакда ўзбек-тожик муносабатларининг яхши томонга ўзгаришига умид қилиш мантиқсиздир.

Таҳлилчи Бахтиёр Мўминов Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатларидаги совуқликдан нафақат минтақа давлатлари, балки халқаро ҳамжамият ҳам хабардор, дея мулоҳаза билдиради.

- Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари, сиртдан қараганда, давлат раҳбарлари орасидаги ўзаро муносабатларда яхшидек туюлади. Лекин аслида олиб қараганда бу муносабат тагида қандайдир совуқлик ётибди. Айниқса¸ гидроэнергетика масалаларини ҳал қилишда. Тожикистонда йирик ГЭСлар қурилишидан Ўзбекистон норозилиги яққол сезилади. Масалан, виза тартиби, чегаралардаги муаммоларнинг¸ айниқса жуда кескинлашгани кузатилади, дейди таҳлилчи.

Бахтиёр Мўминов виза тартиби, миналарни зарарсизлантириш ва давлат чегараларини аниқлаштириш масалаларини узил-кесил ҳал қилиш учун авваломбор Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон ўзаро муросага келишлари зарур, деган фикрда.

Конибодом туманида истиқомат қилувчи Маъруфжон ота Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг мақтаса арзигулик томонга ўзгариши фақат Ислом Каримовга боғлиқлигини таъкидлайди. Ота айнан Ўзбекистон ҳукумати юргизаётган сиёсат боис йиллаб Ўзбекистонга ўта олмаётганидан шикоят қилади.

- Қариндош-уруғларимизнинг 70 фоизи ўша томонда. Лекин ҳозир борди-келди қилмаймиз,тўхтаган. Мана, турмуш ўртоғим бекободлик. У ҳам бормайди. Қўймаса, қаёққа боради. Юқоридаги одамлар муносабатнинг яхши бўлишини хоҳламайдими ёки бирор нарсани кутаяптими - билмадим. Ўртада икки халқ сарсон-да, дейди Маъруфжон ота.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG