Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:08

Анқарa Ереван билан ярашди¸ Баку хафа


Туркия-Арманистон ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашув истиқболи оддий одамлар томонидан яхши қарши олинмоқда.
Туркия-Арманистон ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашув истиқболи оддий одамлар томонидан яхши қарши олинмоқда.

Туркия ва Арманистон муросаю мадора йўлида яна бир муҳим қадам ташлади – томонлар ўзаро дипломатик муносабат ўрнатиш борасидаги сўнгги давра музокаралар бошланишини эълон қилди.

Душанба куни Туркия ва Арманистоннинг Швейцария воситачилигида ҳозирланган қўшма баëнотига кўра¸ Анқара ва Ереван ҳукуматлари расмий дипломатик муносабатлар бошлашга оид протоколга имзо қўйишдан аввал олти ҳафталик дипломатик маслаҳат олиб борадилар.

1915 йилда Усмонли империяси даврида арманиларнинг оммавий қатл этилгани муносабати билан умуман дипломатик алоқа ўрнатмаган икки қўшни давлат ўртасидаги чегаралар 1993 йилдан бери қулфлоғлик қолмоқда.

Дини ва тили муштарак бўлган Озарбайжонга ҳамдардлик белгиси сифатида Туркия ҳукумати арман қўшинлари Тоғли Қорабоғни ишғол қилганига норозилик тариқасида ўзаро чегараларни бекитиб қўйган эди.

Бугунга келиб Арманистон¸ биринчи галда иқтисодий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда Туркия билан чегаралар очилишига иштиëқманд бўлса¸ қўшни билан адоватни йиғиштириб¸ ҳамкорликка киришиш Туркиянинг минтақавий воситачи ва қудратли давлатларнинг бу минтақадаги белгиловчи иттифоқчиси ролини кучайтирмай қолмайди.

Аммо¸ ҳатто Анқара ва Ереван ҳукуматлари дипломатик алоқа ўрнатишга оид протоколни имзолаган тақдирда ҳам¸ бу ҳужжатнинг кучга кириши учун у иккала давлат парламентлари тасдиғидан ўтмоғи лозим.

Туркиядаги “Hurriyat Daily News” нашри муҳаррири Барчин Йинанчга кўра¸ бу ҳужжатнинг Озарбайжонга хайрихоҳ бўлган аксар депутатлар томонидан маъқулланиши қийин кечиши мумкин.

- Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этиш йўлида жиддий прогресс кўрилмас экан¸ Туркия парламентининг бу ҳужжатни тасдиқлаши даргумондир. Зотан Туркия Арманистон билан чегараси очилишини Тоғли Қорабоғ ечимига боғлаб қўйган. Арманистон билан чегара имзоланажак протоколлар кучга кирганидан сўнг икки ой ичида очилиши лозим. Аммо депутатлар бу ҳужжатларни тасдиқлашдан аввал Тоғли Қорабоғ можаросида бирор прогресс кузатилган-кузатилмаганини муҳокама қилади¸ дейди турк журналисти.

Маркази Ереванда жойлашган Миллий ва халқаро тадқиқотлар бўйича Арманистон маркази директори Ричард Гирагосян ҳам¸ бу жараëн учун келаси икки ойнинг белгиловчи бўлажагини қайд этади. Аммо¸ деб қўшимча қилади арман таҳлилчиси¸ Анқара ва Ереван эълон қилган қўшма баëнотда чегаралар очилиши Тоғли Қорабоғ тинчлик жараëни ривожига боғлаб қўйилмаган.

- Туркия расмийларининг бир неча ойдан бери Бакуни тинчлантириш учун қилиб келаëтган хитобларига қарамай¸ протоколларнинг расман эълон қилинган матнида Тоғли Қорабоғ умуман тилга олинмаган. Амалда¸ Қорабоғ номининг матнга киритилмаганини айнан дипломатик муроса аломати сифатида талқин этиш мумкин¸ дейди арман таҳлилчиси.

Шундай бўлса-да¸ душанба куни миллий телевидениеда чиқиш қилган Туркия Ташқи ишлар вазири Анқара Арманистон билан яраш сўзлашувларида Озарбайжон манфаатларини ҳимоя қилажагини таъкидлади.

Бундай таскинга қарамай¸ Туркия ва Арманистон ўртасида ўзаро дипломатик алоқаларни йўлга қўйиш ва чегараларни очишга оид ҳужжатларни имзолашнинг сўнгги босқичга кирганига оид расмий хабар бакудагиларни ғазабга солмай қолмади.
XS
SM
MD
LG