Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:50

Эркин микрофон


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Тингловчи ва муштарийлардан 1 сентябр куни Озодликка келган SMS-хабар ва қўнғироқларда билдирилган турфа мулоҳаза ва истаклар яна “Эркин микрофон” рукнида жамланди.

“Шўрчининг милициясини текширадиган борми?! ”

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидан сим қоққан илк суҳбатдошимиз тумандаги ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятидан норозилигини ана шу хитоб орқали ифодалади.

- Бу “Эркин микрофон” эшиттиришими?

Озодлик: Ҳа.

- Хўжаев Икром деган қариндошимизни алимент тўламаганликда айблаб¸ бир ҳафтадан бери қамаб ташлаган. Суд ижрочилари “57 минг сўм тўлайсизлар” деяпти.

Озодлик: Нечта боласига алимент тўларди?

- Битта болага. Ўзлари энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида деб ҳисоблаб айтишган. У тўлаган. Хотини “Мен суднинг қарорига асосан 100 минг сўм олдим” деб тилхат ëзиб берган. 2009 йил январ ойидан бошлаб ҳозирги кунга қадар “Ҳаëт” фермер хўжалигида ишлаяпти. Фермер хўжалиги ҳар ойга 28 минг сўмдан иш ҳақи ëзиб келаяпти. Ўшанинг 25 фоизини бериши керак. Лекин булар “Ойига 57 минг сўмдан тўлайсизлар. Ўғлинг тўламаса¸ қамоқдан чиқмайди” деб бир ҳафтадан бери бола йўқ. Термизга олиб бориб қамаб ташлаган. Уриб¸ ëнидаги пулларини ҳам тортиб олиб қўйган.

Озодлик: 57 минг деган суммани қаердан чиқаришди ҳозир?

- Биз шуни тушуна олмаяпмизда. Прокуратурага бордик¸ милицияхонага бордик¸ суд ижрочиларига бораяпмиз. “Нимага асосланиб 57 минг сўм деяпсизлар” десак¸ “Ҳеч қандай асос йўқ. Биз сизларга ҳисоб бермаймиз. Қадамларинг етган жойгача боринглар. Қўлларингдан ҳеч нарса келмайди” деб бизни ҳам сўкиб-сўкиб қабул қилмай чиқариб юбораяпти. Мен ҳозир Омбудсман Сайëра Рашидовага хат ëзиб ўтирган эдим. Мурожаат қилишимдан мақсад¸ илтимос¸ ëрдам беринглар. Департаментгами телефон қилиб¸ “мана шундай шикоят тушаяпти” десангизлар¸ бизга ëрдам бўлармиди дейманда¸ дейди бу аëл.

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидан сим қоққан бу аёлнинг мурожаати юзасидан кичик бир суриштирув ўтказишга ҳаракат қиламиз.

“Қиммат унни олмасак, арзон ёғ йўқ”

Айни пайтда бу аёл яна бир мурожаати борлигини ҳам айтди.

- Яна битта шикоятим бор. Айтсам¸ эшитасизми?

Озодлик: Айтинг.

- Мана маҳаллаларда оиланинг жон сонига қараб ун¸ ëғ бериладику. Бозорда бир қоп ун 21 минг сўм. Маҳаллада бир қоп унни 26 минг сўмга оласан¸ деб мажбурлаб бериб ëтибди. Унни олмасак¸ ëғни бермайди. Ëғни ўзи 500 граммдан бериши керак. Булар 400 граммдан беришаяпти. Яъни булар килолаб эмас¸ литрлаб беришаяпти. “Бор¸ қаерга борсанг боравер. Бу ҳокимнинг иши” дейди.

Озодлик: Унни олмасангиз¸ ëғ бермаяпти-а?

- Ҳа¸ шундай.

Озодлик: Нимага шунақа қилишаяпти экан?

- “Боринг¸ ҳокимиятга боринг. Ҳокимнинг бизга берган топшириғи шу” дейди. Бир жойга ҳадеб бораверсангиз¸ ëзувчи¸ чизувчи деб лақаб қўйиб олади. Ҳокимиятга бир марта бориб¸ ҳаққимни олган эдим. “Ëзувчи¸ ундай¸ бундай” деб устимдан текшириш ўтказиб¸ тазйиқ ўтказди. Шундан кейин индамай қолдим мен ҳам.

Озодлик: Ким тазйиқ ўтказди?

- Шу маҳалладагилар текширдида. Мана битта ўғлим Россияда¸ битта ўғлим Қозоғистонда. “У йўқ ўғилларига ун¸ ëғ олади” деб чиқишдида. “Улар бу ерда бўлмаса ҳам пропискадан чиқиб кетмаганку. Хўжаликда рўйхатда турибди. Оламанда” дедим. Битта ўғлим ҳозир олдимда¸ битта ўғлим коллежда ўқийди. Ўзим учинчи гуруҳ ногирониман. Ҳеч қаерда ишламайман. Иш йўқ. Тирикчилик оғир. Ҳайронман энди¸ дейди Сурхондарёнинг Шўрчи туманидан сим қоққан бу аëл.

Сурхондарёнинг Шўрчи туманидан Озодлик таҳририятига сим қоққан бу аёл ногирон бўлиш билан бирга фарзандларини ёлғиз ўзи тарбия қилаётган бева аёл ҳам экан. У туман ва вилоят амалдорларининг қилмишини текширадиган борми, деган савол билан юзланмоқда.

“Кескир қиличдек аёлларни кўришолмайди”

Навбатдаги тингловчимиз эса Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидан.

Бу тингловчимиз ҳам ногирон – кўзи ожиз тингловчиларимиздан бири экан. У жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва фермер Оязим Ҳидированинг Озодликка чиққанидан қувонганини айтиб, баъзи мулоҳазаларини билдирди.

- Оязимхонни мен аслида кўрганим йўқ¸ лекин Озодлик радиоси орқали эшитганман. Ҳақиқатан бунақа жасур аëллар камдан кам чиқади. Мана Маҳбуба Зокирова чиқди¸ Мўътабар Тожибоевани эшитганмиз¸ Дилором Исҳоқова бор. Буларнинг орасига энди Оязимхон ҳам қўшилди.

Озодлик: Сиз мана бизни эшитар экансиз¸ жасур аëллар кам бўлади деб айтаяпсиз. Нимага кам бўлади?

- Кам бўлиши қўрқув кўпроқ. Аëл энди аëл ҳисобланади. Аëлга нисбатан меҳр-мурувват бўлиши керак¸ аëлни ардоқлаш керак¸ аëлни асраш керак. Мана шунақа жасур аëлларни кўра олмайдиганлар Ўзбекистонда кўп. Эскиларнинг “Бўлса бера олмайди¸ бўлмаса кўра олмайди” деган гапи бор. Бу аëлни кескир қилич дейиш мумкин. Мен ўзимча ниҳоятда қўрқмас¸ қилич аëл деб ном қўйдим. Унга ўтказилган тазйиқларни¸ тўғрисини айтганда¸ ахмоқлар ўтказади. Буларнинг мақсади буни йўқотиш. Уларга кўпроқ пора берадиган одамлар керак. Улар ўзларининг бу мақсадига ета олмади. Ета олмасин ҳам¸ дейди Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидан сим қоққан бу тингловчи.

Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидан сим қоққан бу суҳбатдош жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли ва фермер Оязимхон Ҳидировани қамоқдан чиқарилганини олқишлаб, фермернинг ўзини озодлик билан қутлади.

“Аҳволни ўнглайдиган ўзимиз, аммо...”

Россиянинг Свердловск областида ишлаб юрган тожикистонлик меҳнат муҳожири эса ўзи туғилиб ўсган Ашт туманидаги аҳволдан нолиди ва бу шу каби туманларни қийнаб турган ижтимоий-иқтисодий муаммолардан кўпроқ гапиришимизни сўради.

- Ашт туманидан келганман. Янгиликлардан гапириб турсангизлар. Тожикистонда аҳвол яхши эмас. Аштдан ҳамма эркак Россияга чиқиб кетган. Кўпчилик Россияда кризис деб¸ қайтиб кетган дейишаяпти. Мана шунақа сарсонгарчилик.

Озодлик: Қанақа муаммолар ҳақида гапиришимизни хоҳлардингиз?

- Тожикистон ҳам Россияга ўхшаб яхши бўлсаю¸ сарсон бўлиб Россияларда юрмасак дейман.

Озодлик: Яхши бўлиши учун нима қилиш керак? Мана ҳамма мардикорлар Россияда юришадию. Ўзбекистонда¸ Тожикистонда¸ Қирғизистонда аҳвол яхши бўлса деб фикр биладиради. Яхши бўлиши учун нима қилиш керак?

- Постда ўтирганлар йўлини топиши керакда. Мансабда ўтирганлар у ëқ¸ бу ëқни кавлаб чўнтак қаппайтирмай¸ қилса бўлади.

Озодлик: Аҳволни яхшилашнинг қанақадир йўлларини кўрасизми? Қайси соҳаларни яхшилаш керак?

- Ҳамма томонини текшириб¸ регулировка қилиш керак. Катта ишдагилар жуда ўзидан кетган. Хоҳлаганини қийнайди¸ хоҳлаган ишини қилади. Инсофли одам бўлса¸ текширса дейманда.

Озодлик: Бу одам ким бўлиши мумкин¸ қаердан келиши мумкин? Тасаввур қиласизми?

- Ўзимизнинг одамларда энди. Текшириш бизнинг қўлимиздан келмаса¸ яқинлаша олмасак. Тожикистон пулдорники бўлганда. Радиода гапирсангизлар¸ етиб борса бундоқ. Тез-тез текшириб турса¸ дейди тожикистонлик суҳбатдошимиз.


****************

Азиз муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG