Линклар

logo-print

"Ўз уйингни ўзинг асра!"


Ўзбекистон томони чегарачи ва ҳарбийлар ëнига қўшимча маҳаллий аҳоли вакилларини ҳам ўзбек-қирғиз чегараси назоратига жалб қилмоқда.

Ўзбекистон томони чегарачи ва ҳарбийлар ëнига қўшимча маҳаллий аҳоли вакилларини ҳам ўзбек-қирғиз чегараси назоратига жалб қилмоқда.

Андижон вилоятининг чегара ҳудудларида айни шу шиор остида жамоатчилик назорат пунктлари ташкил қилинди ва чегарадаги назорат ва текширув маҳаллий аҳоли вакилларига топширилди.

Ўзбек-қирғиз чегарасида амалга оширилаётган янги тадбир Ўз уйингни ўзинг асра! деб номланиб, унга маҳаллий аҳоли вакиллари жалб қилинган.

Бу ҳақда хабар қилган андижонлик маҳаллий кузатувчи Шукур Файзга кўра, айни пайтда Андижоннинг қўшни давлатлар билан чегара ҳудудларида жамоатчилик назорат пунктлари иш олиб бораяпти.

- Бизнинг Андижон вилояти бўйича чегара зоналаридаги барча чегара постларида маҳалла фуқаролар йиғинларининг ихтиëрига чегаралардаги назоратлар топширилаяпти. Назорат постлари қилиниб¸ ўша постларнинг ўзида маҳалла фаоллари¸ маҳалла посбонлари ўтиш жойларидаги фуқароларнинг кириш-чиқишини¸ транспортларнинг кириш-чиқишини¸ товарларнинг кириш-чиқишини назорат қиладиган бўлаяпти. Бу нарса маҳалла фуқаролар йиғинларига ва маҳалла фаолларига юклатилаяпти. Бу тадбирлар “Ўз уйингни ўзинг асра!” шиори асосида амалга оширилаяпти, дейди Шукур Файз.

Андижоннинг Қирғизистон билан чегарасидаги қишлоқлардан бирида яшовчи суҳбатдошимизнинг айтишича, жамоатчилик назорат пунктларига чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли вакиллари навбатма-навбат чиқишлари шарт. Акс ҳолда, дейди суҳбатдош, назорат пунктларига чиқмаган одамларга маҳалла йиғилишларида танбеҳ берилади.

- Чегара постларида маҳалла комитетининг раислари маҳалладан бекорчи йигитларни ва бошқаларни тўплаб¸ ўшаларни дежурный қилиб қўяди. Ўша ерда кўриб¸ айланиб юришади. Кундалик маълумотни кунда бериб туради. Ҳар оиладан биттадан одам чиқади. Маҳаллада мажлис бўлган пайтда “Фалончининг уйидан чиқмади. Пистончига айтган эдик¸ чиқмади. Ундай бўлайлик¸ бундай бўлайлик. Ватанни асрайлик¸ ўз уйингни ўзинг асра” ¸ деган бемаъни¸ бачкана шиорларни айтишади. Юқорига, документга “Мана чегараларимизни қўриқлаяпмиз” деб ëзиб бериш учун шунақа қилишаяпти, дейди андижонлик суҳбатдош.

Биз билан суҳбатда бўлган, бироқ овози ёзиб олинишини истамаган андижонлик маҳалла оқсоқолларидан бири “Ўз уйингни ўзинг асра!” тадбири юрт тинчлигини сақлашга хизмат қилаётганини билдирди.

Марказий Осиё ахборот хизмати (www.ca-news.org) сайтининг хабар қилишича, 1 сентябр куни “Пойтахт” радиоканали орқали эфирга узатилган эшиттиришда ҳам Андижонда амалга оширилаётган “Ўз уйингни ўзинг асра!” махсус тадбири орқали маҳалла фаоллари ўз ҳудудларининг хавфсизлигини таъминлаётганлари таъкидланган.

Маҳаллий кузатувчи Шукур Файзнинг айтишича, айни пайтда андижонлик маҳалла оқсоқоллари бошчилигида Андижоннинг чегара ҳудудларида ҳашар йўли билан янги чегара постлари ҳам қурилаяпти.

- Маҳалла йиғинларининг ташаббуси билан¸ ўзларининг ихтиëрлари билан¸ ҳашар йўли билан постлар ташкил қилинаяпти. Андижон вилоятида қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан чегара ўтган бўлса¸ ўша чегара постларининг ҳаммасида қурилиш бошланган. Аксарият жойларда постлар қурилиши битиб¸ ишга ҳам тушган, дейди Шукур Файз.

Айрим маълумотларга кўра, айни пайтда Андижоннинг чегара ҳудудларида 140 та чегара пунктлари фаолият кўрсатаяпти. Шунингдек, Андижонда ҳашар йўли билан ва маҳаллий ҳомийларнинг моддий ёрдами эвазига яна 270 та янги чегара постлари қурилаяпти.

Маълум бўлишича, айни тадбирларнинг барчаси 25-26 май кунлари Хонобод ва Андижон шаҳарларида содир бўлган портлашлардан кейин бошланган.

Ушбу портлашлардан сал ўтиб, ўзбек-қирғиз чегарасининг бир қисмида ҳандақлар қазиш ва девор қуриш ишлари бошланган эди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистон билан чегарадош Хонобод шаҳарчасида чегарани қўриқлаш вазифасини бажарадиган янги ҳарбий шаҳарча ҳам барпо этилаяпти.

Шунингдек, ўзбек- қирғиз чегарасига яқин ҳудудлардан 178 оила яшаб турган жами 149 ҳовли, шунингдек, Андижондаги Хидирша маҳалла аҳлига ажратилган ва ҳали қуриб битказилмаган 85 ҳовли-жой ҳам бузилаяпти.

“Регнум” ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбага таянган ҳолда хабар қилишича, Ўзбекистон томони ўз фуқароларини қуролли тўқнашувлар эҳтимолидан ҳимоялаш мақсадида чегарадаги аҳолини кўчирмоқда.

Мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев эса, ўзбек-қирғиз чегарасида Ўзбекистон томоннинг назоратни кучайтиришини иқтисодий масалалар билан боғлиқ¸ деган фикрда.

- Ўзбекистон қанчалик мақтанмасин¸ иқтисоди ривожланиш у ëқда турсин орқага қараб кетаяпти. Ўзбекистоннинг саноати¸ умуман иқтисоди рақобатбардош эмас. Шундай бўлгандан кейин асосий маҳсулот чет элдан келади. Кўпроқ Қирғизистондан келади ва бунинг ичида Хитойнинг маҳсулотлари кўп бўлади. Иқтисод рақобатбардош бўлмаганлиги учун чегараларни мустаҳкамлаяпти. Мана девор қурди¸ хандақ қазди¸ ҳарбий шаҳарча қураяпти. Бу дегани Ўзбекистон ҳукумати мамлакатни Шимолий Корея каби иҳоталаб ташлаб¸ яккалаб¸ интеграцион жараëнларда иштирок этмасдан¸ бориш-келишларни камайтириб концлагерга айлантириш ниятида, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Аксар таҳлилчилар эса¸ Ўзбекистон томонининг ўзбек-қирғиз чегарасида назоратни кучайтиришини Қирғизистон жанубида рус ҳарбий базасининг жойлаштирилиш режасига Расмий Тошкентнинг жавоби ўлароқ баҳолайдилар.
XS
SM
MD
LG