Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:05

Президент халққа таъзим қилди


Бу йилги мустақиллик нутқида ҳам Ислом Каримов мустақил Ўзбекистондаги улкан муваффақиятлар ҳақда гапирди.
Бу йилги мустақиллик нутқида ҳам Ислом Каримов мустақил Ўзбекистондаги улкан муваффақиятлар ҳақда гапирди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 18-байрамида яна президент Каримов мамлакат халқига табрик нутқи билан мурожаат қилди. Ҳар галгидек бу йил ҳам¸ президент бағрига босган¸ таъзим қилган бу халқ Каримовдан анча олисда ушланди.

Ислом Каримов ҳар байрамда Ўзбекистон халқини табриклайди. Наврўз, Мустақиллик, Конституция байрамларида ўзи табриклайди, янги йилда эса табригини эса дикторлар ўқиб беради.

Бундан икки йил олдин¸ 2007 йилнинг 31 августида Ислом Каримов мустақиллик байрамида нутқ сўзлар экан, байрамда иштирок этаётган хорижий меҳмонларга сўзининг бошида миннатдорчилик билдирган эди. Бу йилги миннатдорчилик эса табрикнинг охирроғида янгради:

- Бизнинг бугунги тантанамизда қувончимизга шерик бўлаëтган юртимиздаги хорижий давлатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотларнинг вакилларига¸ барча азиз меҳмонларимизга юракдан чиққан олқишларимиз билан ўз ҳурмат-эътиборимизни изҳор этсак¸ айни муддао бўлади¸ деди президент Каримов.

Президент икки йил олдин худди шундай сўзларни айтар экан, хорижий меҳмонларга алоҳида ҳурмат кўрсатишни сўраган эди:

- Меҳмонларимизга қаратиб қарсаклар қуюқроқ бўлса ҳам бўларди¸ деган эди президент Каримов.

Бу йил ҳам миннатдорчилик сўзларидан сўнг, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш сўралди:

- Ҳақиқатан ҳам ўйлайманки¸ мана шу қарсакларни улар тўғри тушуниб¸ ундан ҳам кейин бизларга меҳрибонлик кўрсатиб¸ ëрдам бериб¸ кўмак бериб¸ биз билан ҳамкорликда яшашга бугун ¸албатта аҳд қилади. Нима дейсизлар? деди бу сафар президент Каримов.

Яна нималар ўхшаш бу икки табрикда? Икки йил олдин Ислом Каримов мустақиллик йилларини бунёдкорлик ишлар самараси, қўлга киритилган юксак марралар билан ўлчайдиган бўлсак, бу йилларнинг ҳар бири ўн, керак бўлса юз йилларга тенг бўлиши муқаррар деганди.

Президент бу гапларини икки йил кейин сал бошқача шаклда айтди:

- Эзгу орзу-умидларимизга эришиш йўлида эл-юртимиз қанча-қанча узилиш ва азоб-уқубатларни¸ қанча-қанча етишмовчиликларни¸ бир сўз билан айтганда¸ қандай оғир ва машаққатли синовларни бошидан кечирганини бугунги ва келажак авлодлар ҳеч қачон ëдидан чиқармаслиги муқаррар¸ деди бу йил президент Каримов.

Президент ҳар табригида аҳоли турмуш тарзининг ошаётганлиги, ойликларнинг кўтарилиб бораётгани ҳақида гапиради. Икки йил олдин эса ойлик маошлар ва пенсияларнинг анча ошиши ҳақида гапирган эди:

- Ишчи-хизматчиларимизнинг маошларини¸ пенсия¸ нафақа ва стипендияларнинг миқдорини икки¸ икки ярим баробар кўтариш бизнинг устувор вазифамиз бўлиб қолиши шарт¸ деган эди икки йил олдин президент Каримов.

Президент 2007 йилги табригида ёлғон гапирмаган эди. Ҳақиқатан ҳам ойликлар сўнгги икки йил ичида деярли бир ярим, икки баробарга ошди. Бироқ, ойлик ошиши ҳақидаги гап чиқиши билан, одамлар оширилган маошларини олганда, бозордаги нарх-наволар ундан ҳам ўзиб кетарди. Ўзбекистонда нарх-наво ҳеч қачон ойлик ошишига ўз ўрнини бўшатиб берган эмас.

Икки йил давомида хорижга ишлагани кетаётган муҳожирлар сони ҳам ошса ошдию, лекин камаймади.

Президент айтганидек, “узлуксиз юксалиб бораётган ойлик ва даромадлар” аҳолининг турмуш даражасини яхшилай олмади. Аксинча¸ накд пул тақчиллиги пайдо бўлди. Ишчи ва хизматчилар, ўқитувчи ва шифокорларнинг маошлари икки уч ойлаб кечиктирилиб бериладиган, ўша маошлар ҳам мажбурий равишда пластик карточкаларга ўтказиладиган бўлди.

Сўнгги хабарларга кўра, бутун умри давомида пенсиясини почта бўлимидан олган пенсионерлар , энди халқ банклари олдида сарғайиб пенсия кутишга мажбур бўлиб қолдилар.

- Бунинг яққол исботи¸ охирги йилларда ва шу йилнинг ўзида иқтисодиëтимизнинг барқарор суръатлар билан ўсиб¸ янги марраларга кўтарилиб¸ юртимизнинг қиëфаси тобора ўзгариб¸ янада обод бўлаëтганида¸ аҳолимизнинг ҳаëт даражаси¸ ойлик ва даромадлари узлуксиз юксалиб бораëтганида ëрқин намоëн бўлмоқда¸ деди бу йил презиндет Каримов.

Президентнинг ҳар йилги табрикларида моҳият ва мазмун ўзгармайди. Фақат сўзлар ўрни ўзгаради¸ холос. Яна ўша машаққат билан қўлга киритилган мустақиллик, яна ўша фаровон ҳаёт, яна шу кунларга эришганлар учун меҳнаткашларга миннатдорчилик. Ҳа, айтгандек, яна бир ўзгариш: икки йил олдин президент бу ютуқ ва муваффақиятлар учун Ўзбекистон халқига таъзим қилган эди:

- Барчангиз олдида¸ бутун халқимиз олдида бош эгиб¸ таъзим қиламан¸ деган эди президент Каримов.

Бу сафар эса ҳаммага ташаккур айтиб чиқди:

- Фидокорона меҳнат қилган¸ Ўзбекистоннинг оғир юкини ўз елкасида кўтариб келаëтган барча-барча юртдошларимизга¸ мўътабар кексаларимизга ўз номимдан¸ халқимиз номидан ташаккур билдиришни ҳам фарз¸ ҳам қарз деб биламан¸ деди президент Каримов.

Мустақилликнинг яна бир йили ўтиб бораяпти. Президент айтганидек, Ўзбекистон аҳолиси демократик давлат қуриш йўлидаги қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтмоқда. Бу гапларда жон бор, албатта. Зеро, ўзбекистонликларнинг айтишларича, ўзбек халқи 18 йил давомида ҳақиқатан ҳам бошига тушган оғир иқтисодий муаммоларга ва ташвишли кунларга сабр-қаноат билан дош бериб келмоқда.

Мустақиллик йигит ёшига етди. Ўн саккиз йил олдин туғилган бола бугун йигит бўлди. Ўн саккизга тўлган йигитлар эса бугун мустақил Ўзбекистондан ташқарига чиқиб¸ меҳнат муҳожири тўнини кийишга мажбур бўлмоқда.

Мустақилликнинг эса яна бир йили ўтиб бормоқда....
XS
SM
MD
LG